Дунё, Ўзбекистон, янгиликлар: The Economist мухбири Ўзбекистонда иш бошлади ва қайси денгиз соҳилига кокаин оқиб келмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Joanna Lillis

The Economist мухбири аккредитациядан ўтказилди

Дунёдаги энг нуфузли журналлардан бири бўлмиш The Economist мухбири Ўзбекистонда иш бошлайдиган бўлди. Марказий Осиё бўйича йирик таҳлилчи, "Қора соялар: Қозоғистон сирли дунёси ичида" китоби муаллифи Жоанна Лиллис Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мухбир ўлароқ аккредитациядан ўтказилган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати ушбу воқеа муносабати ила Лиллис хоним билан суҳбатда бўлди:

"The Economist'нинг Ўзбекистондаги мухбири сифатида аккредитациядан ўтказилганимни эшитиб, бошим осмонга етди. 2000 йиллар бошида Тошкентда 4 йил яшаганман, BBC Monitoring'да ишлаганман, шу сабаб ҳам бу мамлакатни жуда яхши биламан.

Мамлакат ажойиб ислоҳотлар жараёни ичида яшамоқда ва бу ғаройиб мамлакатда юз бераётган ҳодисаларни дунёга таратишни интиқиб кутмоқдаман.

Ишонаманки, Ўзбекистон ҳукуматининг мени аккредитациядан ўтказиш қарори бу давлат эркин матбуот учун очиқ эканини англатувчи ижобий ва қувонарли даракдир.

Мен ҳукуматни аккредитациядан ўтиш учун ариза топширган барча хорижликлар журналистлар сўровини ижобий қондириш ва, албатта, узоқ йиллар қўрқув ичра яшаган ўзбек журналистларининг эркин фаолият юритишини таъминлашда давом этишга рағбатлантирган бўлар эдим.

Марказий Осиёдек эркин фикр бўғиладиган минтақадаги бир мамлакатнинг эркин матбуот учун тобора кўпроқ жой ажратаётганини кўриш жуда ҳам ажойиб ва бу йўналиш давом этишига ишончим комил!" сўзлайди Лиллис хоним.

Реппер Ники Минаж Саудияда белгиланган ижросини бекор қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Америкалик таниқли қўшиқчи Ники Минаж келаси ҳафта Саудия Арабистонида ўтувчи фестивалда иштирок этиши кутилаётган эди.

Бироқ у инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари томонидан инсоний эркинлик бўғилган мамлакатга ижодий сафар қилаётгани учун кескин танқидга учраган.

Бошқалар очиқ кийимда саҳнага чиқишни хуш кўрувчи ва қўшиқлари уят сўзларга тўла бўлган реппернинг ўта консерватив Саудия Арабистони қандай қабул қилаётганидан ҳайрон бўлган.

Шундан сўнг Ники Минаж баёнот эълон қилиб, узоқ вақт ўйлаб кўришдан сўнг Жидда Халқаро Фестивалида иштирок этмасликка қарор қилгани ва аёллар, фикр эркинлиги ҳамда ЛГБТ жамоатига нисбатан дастагини изҳор этишни истаётганини билдирган.

Минаж Саудия Арабистонининг маданий таклифини қабул қилиши ортидан маломатга қолган илк қўшиқчи эмас.

Шу йилнинг бошида Мерайя Кери ҳам инсон ҳуқуқлари фаоллари босими остида подшоликка белгиланган ижодий сафар режасидан воз кечишга мажбур бўлган.

Путин грузин журналистдан хафа эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи Rustavi2

Грузиядаги Rustavi-2 телеканали телебошловчиси Георгий Габуня жонли эфир пайти Президент Владимир Путинни очиқдан-очиқ сўкканидан сўнг Россия Давлат Думаси ҳукуматни Грузияга қарши иқтисодий санкциялар қўллашга чақирган эди.

Бироқ жаноб Путин бу воқеани кўнглига олмагани ва грузин халқига нисбатан ҳурмати сабабли ҳеч қандай санкциялар жорий этишни кўзламаётганини билдирган.

"Уни ишдан четлатишди, у дам олишга кетди, келади - ишини давом эттираверади", деган Президент Путин.

Жаноб Габунянинг бу амали ҳам Россия, ҳам Грузия ҳукумати томонидан қаттиқ қораланган.

Оқибатда, у икки ойга ишдан четлатилган.

Қабилавий зўравонликда аёллар ва болалар ўлдирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Education Images

Папуа Янги Гвинеянинг Ҳела провиняси қабилалари ўртасида бир неча кундан бери давом этаётган қирғинбарот оқибатида 24 инсон, жумладан, аёллар ва болалар ўлдирилган.

Ҳозирча, қабилалараро низога нима сабаб бўлгани аниқ эмас.

Папуа Янги Гвинея Бош вазири Жеймс Марапе жиноятчилар албатта топилиши ва жазога тортилишини маълум қилган.

Ижтимоий тармоқда тарқалган суратларда айрим таналарнинг майда бўлакларга ажратиб ташланганини кўриш мумкин.

400 минг инсон истиқомат қилувчи Ҳела провинциясида атиги 60 полициячининг мавжудлиги ва уларнинг қўлидан зўравонликларга чек қўйиш келмаслиги айтилади.

Денгиз Филиппин соҳилларига кокаин брикетларини чиқариб ташламоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Mauban police

Филиппиннинг шарқий соҳилларига денгиз тўлқинлари охирги ойларда қиймати миллионлаб долларга тенг прессланган кокаин брикетларини чиқариб ташламоқда.

Ўтган якшанба куни 7 дона ана шундай брикет топилган.

Май ойида эса балиқчилар $4 миллион қийматдаги 39 кокаин брикетини топиб олган.

Маҳаллий аҳоли бундай "қимматбаҳо топилмалар"га февраль ойидан буён аҳён-аҳён учраётгани айтилади.

Полицияга кўра, топилган кокаин брикетлари, катта эҳтимол билан, Австралияга олиб кетилаётган бўлган.

Бир полиция зобитининг тушунтиришича, наркотик ташувчилар, баъзи ҳолларда, пластик плёнка билан сув кирмайдиган қилиб ўралган прессланган кокаин "ғиштлар"ни тўрга солиб, сув остига яширади ва, гоҳида, тўр ечилиб кетиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ