Буюк Британия, Ўзбекистон, Дунё: "Матбуот эркинлиги фақат Ғарб эмас, умуминсоний қадриятдир"

Image caption Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Жереми Ҳантга кўра, "матбуот эркинлиги фақат Ғарбнинг эмас, балки бутун инсоният учун муҳим қадриятдир".

Британия Ташқи ишлар вазири ва ҳам ҳозирда Консерваторлар партиясига раҳбарлик учун курашаётган Жереми Ҳантга кўра, "матбуот эркинлиги фақат Ғарбнинг эмас, балки бутун инсоният учун муҳим қадриятдир".

Жаҳоннинг 60 дан ортиқ давлатлари вазирлари ва бир ярим минг атрофида журналистлар Лондонга матбуот эркинлиги бўйича йирик анжуманга келишган.

Британия Ташқи ишлар вазирилиги Россиянинг RT ва Sputnik ташкилотларини глобал анжуманда қатнашишига рухсат бермаган.

Ташқи ишлар вазирлигига кўра, бунга сабаб ҳар иккала ташкилотнинг "ёлғон маълумотларни фаол тарқатиб келиши" кўрсатилган.

Матбуот эркинлигига доир анжуманда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов ҳам қатнашмоқда.

Лондонда оммавий-ахборот воситалари эркинлиги бўйича глобал анжуманнинг диққат эътибори дунё бўйлаб журналистларни таъқиб ва тазйиқ қилиш масаласига қаратилади.

Ўзбекистоннинг яқин ўтмиши мустақил ва эркин журналистларга нисбатан ўта бетоқат бўлгани билан халқаро ҳамжамият эътиборида эди.

Комил Алламжонов анжуман иштирокчиларига видеомурожаат йўллар экан, Ўзбекистонда сўнгги уч йилда кечган ўзгаришларни урғулаган.

" Мамнун бўлиб айтишим мумкинки, матбуот сохасидаги 17 йиллик фаолиятимда атрофимда асосан ижордкорлар, журналистлар, блогерлар бўлишди ва менда бугун ўша ўтган давр холатини охирги 3 йилда қилинган ишлар билан солиштириш имконияти бор.Бошланган жадал ислоҳотлар бошқа сохалар қатори ахборот майдонини бирданига жонланишига олиб келди, матбуот учун ёпиқ эшиклар очилиб, журналистлар ҳам гўеки узоқ қишки уйқудан сесканиб уйғонгандек бўлди, аста секин ўзига бўлган ишончи пайдо бўла бошлади, энг муҳими одамларнинг ахборотга, очиқликга бўлган талаби ҳам орта бошлади".

Матбуот эркинлигига эришиш осон бўлмаслиги ва бу йўлда президент Мирзиёевнинг сиёсий иродаси муҳим аҳамият касб этганини таъкидлаган Алламжонов "Мутассаддилар томонидан журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарликни киритиш ва айни вақтда журналистлар учун қонунда белгиланган жазоларни ҳамда "ҳақорат" ва "туҳмат" моддалари бўйича жазони енгиллаштиришга йўналтирилган қонун ҳужжатлар лойиҳалари ҳам" тайёрланаётганини айтади.

Ўзбекистон ва дунё бўйлаб журналистлар юз тутаётган муаммолар

Халқаро Журналистлар Федерацияга кўра, ўтган йили жаҳон бўйлаб 95 журналист касби учун ўлдирилган.

Яна юзлаб журналистлар қамоққа ташланган, қийноққа солинган ва таъқибга учраган.

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти матбуот эркинлиги бўйича чиқарган 2019 йилги баёнотида Ўзбекистонни 180та давлат ичидан 160-ўринга жойлаган эди.

Ўзбекистон мазкур нуфузли ташкилотнинг ўтган йилги ҳисоботида ҳам айни ўринда эди. Бу йил Туркманистон матбуот эркинлиги бобидаги энг ёмон мамлакат дея топилди ва 180-ўринни олди. 1-ўринда Норвегия.

Ташкилотнинг ёзишича, Президент Ислом Каримов вафотидан уч йил ўтиб, бир вақтлар жаҳоннинг энг қаттиққўл диктатураларидан деб кўрилган Ўзбекистонда муз эрий бошлаган. Баъзилари қарийб 20 йилга қамалган журналистларнинг охиргилари ҳам озод қилинди, лекин ҳали оқланганлари йўқ.

Жонли равишда сиёсий кўрсатувлар узата бошланди ва баъзи ахборот воситалари коррупция ва мажбурий меҳнат каби нозик масалаларни ёрита бошлаган.

Ўзбекистон: Матбуот очилмоқда, аммо одамларчи?

Ўзбекистон: Журналист ҳибсда, Тошкент Лондондаги матбуот эркинлиги анжуманига ҳайъат юборади

Ўзбекистон: "Маҳалла" телеканалидаги Фикрлар чорраҳасига қизил чироқни ким ёқди?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ