Самандар Қўқонов: Ўзбекистон Олий Судида ўзгариш йўқ

Самандар Қўқонов Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Abdurahmon Tashanov

Дунёдаги энг узоқ сиёсий тутқунлардан бири деб кўрилган Самандар Қўқонов, Ўзбекистондаги суд тизими марҳум президент Каримов даврида қандай бўлган бўлса, шундайлигича қолган, деб ҳисоблайди.

Бундай хулосага келишига ўзининг устидан чиқарилган 1994 йилги суд қарорини қайта кўриб чиқишни сўраб қилган мурожаатига олган жавоби сабаб бўлган.

10 июль куни Ўзбекистон Олий Судининг кассация ҳайъати 75 яшар Самандар Қўқоновнинг ўз номини оқлашни сўраб қилган аризасини кўриб чиққан ва собиқ сиёсий тутқун аризасини қондирмаслик ҳақида қарор чиқарган.

"Мен адолат қарор топади деб жуда катта ишонч билан борган эдим. Чунки Мирзиёев келганидан буён ўзгаришлар бўлаяпти. Ўшанинг учун адолат қарор топади деб, Худодан сўраб, катта ният билан боргандим. Лекин эски замонда қандай адолатсизлик бўлган бўлса, бу гал ҳам шундай адолатсизлик бўлди", деди Самандар Қўқонов Би-би-сига.

"Озодликка чиққанимдан кейин олти марта судга мурожаат қилдим. Бу еттинчи мартаси эди", дейди Самандар Қўқонов.

Унга Олий Суд масъуллари "жиноят иши йўқолиб кетган" деб ҳам айтишган.

Тошкент вилоятидаги Чиноз нефтни қайта ишлаш корхонасининг собиқ раҳбари, Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Самандар Қўқонов 1993 йил ёзида қўлга олинган, унинг уйига вертолётда қуролли аскарлар ташланган.

1994 йилги маҳкама Самандар Қўқоновни авлат мол-мулкини талон тарож қилишда айбдор деб топган, 20 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган.

Мухолифат эса Самандар Қўқонов марҳум президент Ислом Каримовни танқид қилгани ва "Эрк" демократик партиясини қўллаб-қувватлагани учун Каримовнинг шахсий душманига айланганини айтган.

2014 йили Самандар Қўқоновнинг илк қамоқ муддати тугаган, бироқ унга 3 йиллик муддати қўшиб берилган.

У 23 йил 4 ой Ўзбекистон қамоқхонасида сақланди.

2016 йил ноябрида Самандар Қўқонов озод этилди.

Унинг озод этилиши Европа Иттифоқи, АҚШ раҳбарияти, бошқа халқаро ташкилотлар томонидан олқишланди.

Самандар Қўқонов умрида бирор бир инсонга, давлатга қарши жиноят содир этмаганини айтади.

У ўзининг номи тўла оқланиши йўлида бундан кейин ҳам ҳаракатдан тўхтамаслигини айтди.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин кўплаб сондаги мухолифат фаоллари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, тақводор мусулмонлар сохта жиноят ишлари асосида қамоқларга ташландилар.

Бу суд ишлари халқаро ташкилотларнинг ҳисоботларида қораланди, Ўзбекистон суд тизимининг мустақил эмаслиги танқидларга тутилди.

Ислом Каримов вафотидан кейин Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда бегуноҳ инсонлар адолатсиз суд ҳукмлари асосида қамалганини эътироф этди.

Олий Суд раҳбарияти сўнгги уч йилда тизимда ислоҳотлар амалга оширилаётганини айтади, аммо Самандар Қўқоновнинг реабилитация ишини кузатиб келаётган аксар кузатувчилар фикрича, ушбу иш Ўзбекистон суд тизими ўзининг олдинги хатоларни тан олишга ҳали тайёр эмаслигини кўрсатади.

10 июль куни Ўзбекистон Олий Суди Матбуот хизмати Самандар Қўқоновнинг реабилитация ишига "қонуний баҳо берил"гани ҳақида баёнот тарқатди.

Баёнотда Самандар Қўқонов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 1959 йилдаги таҳрири асосида 20 йилга қамалгани маълум қилинган.

Олий Суд Матбуот хизмати баёнотининг матни:

"Қўқонов Самандар Умарович 1945 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, Тошкент нефть маҳсулотларини тушириш, ортиш ва тақсимлаш корхонасининг директори лавозимида ишлаган.

С.Қўқонов 1994 йил 23 август куни Жиноят кодексининг (1959 йил таҳрири) бир қатор моддалари билан айбланиб, 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

2016 йил 23 ноябрда озодликка чиқарилган.

С.Қўқонов жорий йил 22 апрель куни ўзини оқлашни (реаблитация) сўраб, кассация шикояти билан Олий судга мурожаат қилган.

Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов хайъати кассация инстанцияси мазкур жиноят ишини 12 июнда кўришни бошлади.

Судлов ҳайъати шикоятда келтирилган барча важларни муҳокама қилиб, ишни ҳар томонлама ўрганиб, қонуний баҳо берди.

Суд ажримга кўра, С.Қўқоновнинг айбловидан бир неча моддалар чиқарилди, бошқа моддалар билан тайинланган жазолар ўзгаришсиз қолдирилди, қолган моддалар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига (1994 йил таҳрирдаги) мувофиқ қайта квалификация қилинди. С.Қўқоновга тайинланган 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўзгаришсиз қолдирилди. С. Қўқонов жазони тўлиқ ўтагани инобатга олинди.

Унга суд ҳукмидан норози бўлган тақдирда шикоят қилиш ҳуқуқи тушунтирилди."

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ