Ўзбекистон, Тошкент: Шавкат Мирзиёев Каримов даври сиёсати иш бермаслигини англаб етдими?

Ислом Каримов Фото муаллифлик ҳуқуқи STRINGER

Ўзбекистон хориждаги беш нафар фуқаросининг аризасини қондирди.

Уларни жиноий жавобгарликдан озод қилди.

Ўзбекистонга ва оддий ҳаётга қайтаришга қарор қилди.

Афв этилган бешовлон тақиқланган ташкилотлар сафларига адашиб кириб қолган ўзбекистонликлар бўлишади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бу хусусдаги фармони ўтган йил сентябрь ойида қабул қилинган.

Мазкур фармон "Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш"ни кўзда тутади.

Орада кечган вақт давомида худди шу таснифга кириши гумон қилинган хориждаги бирор бир ўзбекистонликнинг худди шу фармон асосида афв этилганига оид хабарлар эса, расмий матбуотда деярли бўй кўрсатмаган.

БМТ: Мирзиёев 'ўтмиш қолдиқлари' ва бугунги 'янгиликлар' ҳақида

Ўзбекистонда Ислом: кеча, бугун, эртага

Ўзбекистон, Мирзиёев: Ислоҳотлар айрим мансабдорларга ёқмаяпти

Ўзбекистон, Тошкент: Ислоҳотлар кимга боғлиқ: Мирзиёев, ДХХ ва ёки?..

Расмий хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг йиғини шу йилнинг 2 июль куни бўлиб ўтган.

Йиғин Ўзбекистон Бош прокуратурасида ўтказилган, Бош прокурор эса, президент фармонига мувофиқ, ушбу комиссия раиси ҳисобланади.

Сўнгги янгилик Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматулла Йўлдошев мамлакат Бош прокурори этиб тайинланишидан саноқли ҳафталар ўтиб кузатилмоқда.

Аммо бу ҳақдаги расмий хабарда жиноий жавобгарликдан озод этишга қарор қилинган беш нафар Ўзбекистон фуқаросининг шахси, жорий пайтда қай бир хорижий давлатда экани ва қайси бир тақиқланган ташкилот аъзоси бўлишгани тафсилотлари очиқланмайди.

Улар пушаймонлик аризаларининг мазмун-моҳияти, Ўзбекистоннинг қай бир ташкилотига қачон, қаерда ва қандай йўллар билан келиб тушгани ҳам маълум эмас.

Хабар тафсилотларидан бугунги кунда ушбу масала бўйича келиб тушган яна 8 та мурожаат ишчи гуруҳи томонидан ўрганилаётгани билдирилади.

Бироқ айни ўринда ҳам бундан ортиқ маълумотлар кўзга ташланмайди, бу хусусдаги расмий маълумот ҳам биргина шу жумланинг ўзи билан чекланади, холос.

Аммо, расман маълум қилинишича, жиноий жавобгарликдан озод қилинган беш нафар Ўзбекистон фуқароси ортга қайтарилади, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади, бандлигини таъминлашга кўмаклашишга қаратилган ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилади.

Расмий хабарда бу каби вазифалар комиссиянинг йиғини чоғида белгилаб олингани айтилади.

Маҳаллий кузатувчиларнинг бирдек эътироф этишларича, бунақаси ҳам мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаган.

Янги президент ва афвлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Таъкидлаш жоиз, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи ва 2016 йилдаги кутилмаган вафотига қадар ягона президенти бўлган Ислом Каримовнинг ўрнига қудратга келган Шавкат Мирзиёев ўзининг икки йиллик бошқаруви давомида эълон қилган афвларининг ҳажми, табиати билан ҳам тилга тушиб улгурган.

Шавкат Мирзиёев 2017 йилда Ўзбекистон тарихида энг катта сон (2700 нафар - таҳр.)даги маҳкумни афв этган.

Унинг афвига тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ҳам туша бошлаган.

Диндорларни "қора рўйхат"дан чиқариши эса, президент Шавкат Мирзиёевни "машҳур қилган қадам" сифатида баҳоланган.

Тақиқланган ташкилотлар, уларга алоқадорликка оид айбловлар, ҳукмлар ва маҳкумлар билан боғлиқ вазият яқин-яқингача халқаро миқёсда Ўзбекистон билан боғлиқ, уйғунликда кўрилган энг хавотирли мавзулардан бири бўлиб келган.

Шу йил бошида (президент Мирзиёевнинг ўтган йилги фармони асосида - таҳр.) Ўзбекистондан террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш ишлари бўйича махсус комиссия тузилиб, фаолиятини бошлаганига оид хабарлар олинган.

Бу ҳақда Kun.uz мухбири Бош прокуратура вакилига таяниб хабар берган.

Интернет нашри ўз мақоласида Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Сардор Каримовнинг сўзларидан ҳам иқтибос келтирган.

"Охирги икки йилда фаолияти тақиқланган ташкилотлардаги иштироки учун судланиб, жазони ўтаётган шахслар сони жами 100 фоиздан 30 фоизга камайди. Бунга оқлов, афв этиш йўллари ҳамда уларга қўйилган сунъий айбловларни олиб ташлаш билан эришилмоқда. Буларни инкор этмаймиз, бу (сунъий айбловлар эълон қилиниши - таҳр.) ҳам бўлган. Лекин охирги 1,5 йил давомида, бунақа ҳолатларга йўл қўйилмаётганини шу соҳани назорат қилаётган бошқарма бошлиғи сифатида таъкидлаб ўтмоқчиман", - деган вакил.

Тақиқланган ташкилотлар ва "адашган ўзбекистонликлар"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Muslim.uz

Ўзбекистонда айнан қай бир ташкилотларнинг расман тақиқланганига оид аниқ маълумотлар, йилларки, кенг матбуотга имконли бўлмай келган.

Мамлакат президентининг афвга оид сўнгги фармонларидан бирининг манзарасида Би-би-си Ўзбек Хизмати бу масалага ойдинлик киритиш учун Тошкентдаги мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов билан боғланган.

Суҳбатдошимиз ўзларига имконли бўлган маълумотларга таяниб, Ўзбекистонда жаъми 18 ташкилот фаолияти тақиқланганини маълум қилганди.

Фаол уларнинг барчаси диний йўналишдаги ташкилот ва оқимлар бўлиб, орасида бирор бир сиёсийси йўқлигини таъкидлаган.

Сурат Икромов Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган, деб айтган бу каби ташкилот ва оқимлардан энг асосийлари сифатида "Ҳизбут Таҳрир" ва "Ваҳобийлик" оқимини тилга олганди.

Агар, суҳбатдошимизнинг сўзларига таянилса, Ўзбекистонда уларга алоқадорлик айби билан қамалганларнинг жазо муддати камида 7 йилдан 20 йилгача бўлган муҳлатни кўзда тутади.

Ўз гуруҳининг узоқ йиллик фаолияти ва олиб борган тадқиқотлари натижасига таяниб, Ўзбекистондаги диний маҳкумлар сонининг ўзини тахминан "15 минг"ларга нисбат берган.

Фаол бу каби маҳкумларнинг орасида "аёлларнинг сони ҳам кам эмас"лигини тилга олиб ўтган.

Диний маҳкумларга қўйилган айбларнинг қанчалик асосли экани, уларни қамоқхоналарда сақлаш учун давлат бюджетидан кетадиган сарф-харажатларнинг қанчалик катта экани ва янгидан янги хорижий сармоялар илинжида бўлган Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги имижи масаласи назарда тутилганда, каттами кичикми, Ўзбекистонда бу каби афвларга сўзсиз эҳтиёж борлиги, уларнинг кераклигини таъкидлаганди.

Аммо Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисида аниқ қанча ўзбекистонликнинг масъуллар наздида фаолияти тақиқланган, деб кўрилган ташкилотларга аъзо эканликларига оид маълумотлар ҳам кенг матбуотга имконли эмас.

Ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов даврида Ўзбекистон ўзининг дин ва диндорларга нисбатан "тазйиқона" сиёсати туфайли узоқ йиллар давомида халқаро миқёсда танқидларга тутиб келинган.

Бир томондан, аҳолиси минтақада энг катта сондагиси(ҳозирда 33 миллиондан ортиқ - таҳр.) экани, бошқа тарафдан, жиддий ислоҳотларга муҳтож сиёсий ва иқтисодий вазият сабаб, Каримов бошқаруви билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида миллионлаб Ўзбекистон фуқароси муҳожиратга юз тутган.

Ўзбекистон ташқарисида асос солинган ўзбек жангари гуруҳларининг сони ортган.

Ўзбеклар асосан қўшни Афғонистон ва Покистонда фаолият юритиб келган Ўзбекистон Исломий ҳаракатидан ташқари, яна Сурия ва Ироқдаги "Имом Бухорий" катибаси, "Тавҳид ва Жиҳод" ва ИШИДнинг "Хуросон" қаноти сафларига ёллана бошлашган.

Орада кечган вақт давомида Яқин Шарқда икки мингдан тўрт мингтагача Марказий осиёликнинг жанг қилгани ишонилса, улардан катта сондагиси ўзбекистонликлар ва ўзбекларга нисбат берилган.

Минтақавий экспертларга кўра, бу жангари гуруҳларнинг барчаси ҳам расмий Тошкент наздида фаолияти тақиқланган ташкилотлар сирасига киради.

Яъни, минтақавий таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида бўй кўрсатиб келган бунга ўхшаш вазият тақиқланган ташкилотларга аъзо ёки алоқадор ўзбекистонликларни бу ишга ундаган асосий омиллар бўлиб келган.

Президент Шавкат Мирзиёев эса, айнан Яқин Шарқдан жангариларнинг оилалари бўлган юздан ортиқ ўзбекистонликни ортга қайтариш ва ўзининг улардан деярли ҳеч бирига қарши чора кўрмаслик қарори билан яна халқаро миқёсда тилга тушган. Аксарият минтақавий экспертларнинг диққат-эътиборини ўзига қаратган.

Ўзбекистон раҳбарининг шахсан ўзи бу инсонларни Сурияга нима етаклагани саволини кун тартибига ҳам олиб чиққан.

"Уят бўлса ҳам айтиш керак, 156 нафар Сурияга кетганлар нима учун кетган? Кимни излаб кетган?", - деяркан, "Тан олиш керак, биз уларга шароит яратиб бермаганимиз учун кетган!", - дея бунда, таъбир жоиз, "ўз айблари"ни ҳам ишкора эътироф этган.

"Биз ҳаммамиз бу ҳолатни чуқур ўйлашимиз керак", - дея таъкидлаган.

Ўзбекистон раҳбари мамлакат конституцияси буни тақозо этса-да, қайтарилганларга қарши чора кўрмаслиги - бундай қилмаслигини айтган.

"Чунки улар ўзбек, бизнинг Ватандошларимиз!..", - деганди президент Шавкат Мирзиёев.

Акс-садолар

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Ўзбекистонда сўнгги икки йилдан ортиқроқ вақт ичида бўй кўрсатаётган бу каби воқеълик сиёсий экспертларнинг хос таҳлилларига молик мавзулардан бирига айланган.

Жумладан, Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, жорий ҳукумат дин соҳасида ҳам сиёсатнинг аввалгисидек давом этиши ўзлари учун ижобий оқибатларга олиб келмаслигини чуқур англаб етган.

"Ислом Каримов маъмуриятининг асосий кредоси, бу - хавфсизлик ва барқарорлик ниқоби ёки шиори остида жамиятнинг юқори даражадаги диндорлиги билан курашиш эди. Ислом Каримов даврида Ўзбекистон жамияти ва давлат ҳокимияти ўртасидаги асосий тўқнашув дунёвийлик ва динийлик ўртасида бўлди".

Аммо янги, Шавкат Мирзиёев маъмурияти бир нарсани жуда яхши тушунаяпти, у ҳам бўлса, "дин соҳасида тафаккурда жиддий ўзгаришлар бўлмас, жамиятнинг диний эҳтиёжларига маълум бир имкониятлар, эркинликлар берилмас экан, олдинги сиёсат давом этиши ва бунинг оқибатлари ўзлари учун ҳам салбий бўлиши мумкилигидир", дейди таҳлилчи.

Суҳбатдошимиз айни мавзу таҳлилида бошқа динлар билан қиёслаганда, Ислом динининг интеграцион потенциали қанчалик юқори экани омилига ҳам алоҳида диққат қаратади.

"Бу дегани, агар, Ўзбекистондаги диндорлар ва динга муносабат ўта салбий ва қаттиққўл бўладиган бўлса, ташқи дунёга чиқиб кетиш ва ташқи дунёдан туриб, Ўзбекистонга, Ўзбекистон давлатчилигига қаршилик феномени кучайиб бораверади. Яна ўша Сурияга, Ироққа, Афғонистонга ёки бошқа давлатларга чиқиб кетиш эҳтимоли сақланиб қолаверади", - дейди таҳлилчи.

Унга кўра, ҳокимиятнинг қилаётган иши - мана шу жараённи ўзгартириш".

Суҳбатдошимизнинг бизнинг саволимизга жавобан эътироф этишича, албатта, бу Ўзбекистон учун давлатнинг репутацияси билан боғлиқ масала ҳам бўлади.

"Давлатнинг репутацияси жуда ҳам кўп омиллар натижасида шаклланади. Ўзбекистон жамияти учун энг сезиларли, энг эҳтиросли бўлган масала бу - жамиятнинг диний эҳтиёжлари, диний қадриятлари. Агар, шунга қаттиқ босим бўлар экан, Ўзбекистоннинг, давлатнинг репутацияси ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас".

Таҳлилчи фикрича ҳам, ўтган 27 йил ичида Ўзбекистон репутациясига энг салбий соя солган воқеъликлар замирида ҳам давлатнинг динга бўлган муносабати ётади.

"Чунки давлатга яхши репутация керак, давлатга катта сармоялар керак, Ўзбекистон ўзининг ички ва ташқи сиёсатидаги репутациясини ижобийлаштириши учун динга муносабат албатта ўзгариши керак".

Ўзбекистон Марказий Осиёдаги аҳолиси энг катта сондаги(33 миллиондан ортиқ - таҳр.) давлат бўлади.

Мамлакатда ижтимоий-иқтисодий муаммолар чуқур илдиз отган, ишсизлик даражаси юқори ва миллионлаб ўзбекистонликларнинг тирикчилиги, йилларки, меҳнат муҳожирлиги орқасидан ўтади.

Ўзбекистонга янгидан-янги иш ўринларига эҳтиёж даолзарб ва расмий Тошкент буни ўз ички имкониятлари билан қондиришга имконсиз, четдан катта хорижий сармояларга эҳтиёжи бор.

Энг сўнггида таҳлилчи суҳбатдошимизнинг алоҳида қайд этишича, "дин соҳасидаги ўзгаришлар фақат инвестиция учун эмас, умуман Ўзбекистонда эркинлик муҳитини шакллантириш, ислоҳотларни таъминлаш ва янги ҳокимиятнинг ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш учун ҳам албатта зарур".

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг расмий хабарида айтилишича, ўша йиғин чоғида президент фармони талабларини аҳолига етказиш бўйича тарғибот ишларини янада жадаллаштириш лозимлиги ҳам таъкидланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek