Ўзбекистон расмийларига: бозорнинг ўзига қўйиб беринг!

гўшт

Таниқли блогер @davletovuz гўшт нархи қимматлашаётганидан хавотир билдириб, мутасаддиларга мурожаат қилди: илтимос, бозорга аралашишдан тийилинг!

Бундан олдин Тошкент бозорларида мол гўштининг 1 килоси 60 минг сўмга кўтарилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Бунинг ортидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги деҳқон бозорларида нарх-навони арзонлаштириш мақсадида "Элга хизмат" савдолари ташкил этилганини маълум қилди.

Давлат Статистика қўмитаси эса Ўзбекистоннинг марказий деҳон бозорларидаги асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари ҳақидаги маълумотни эълон қилди.

Статистика қўмитасига кўра, суякли мол гўштининг энг арзони "Нукус деҳқон бозори"да килоси 28 минг сўм, энг қиммати Тошкентдаги "Фарҳод деҳқон бозори"да 48000 сўмда кузатилган.

Бундан 1,5 йил олдин Иқтисодиёт вазирлиги мамлакатда гўшт қимматлашишига сабаб бўлаётган омилларни санаб ўтган эди. Булар:

  • вилоятлар ва туманларда чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш комплексларининг етарли даражада ривожланмагани;
  • фермер ва деҳқон хўжаликларининг маҳсулдор чорва моллари билан таъминланмагани;
  • маҳсулдор чорва молларини етиштириш бўйича илмий изланишларнинг етишмаслиги;
  • озуқа-ем маҳсулотларини етиштириш учун ер майдонларининг етишмаслиги;
  • ерларнинг шўрланиб кетгани;
  • озуқа-ем маҳсулотлари таннархининг юқори экани;
  • гўштни сотишда "воситачи"ларнинг кўплиги.

Сабаблари аниқ экан, гўшт нархи яна қимматлашишининг олдини олиш йўлида 2018 йил бошидан буён нималар қилинди?

Мисол учун, Ички ишлар вазирлиги "олибсотарларни камайтириш" учун нималар қилди? Чорвадорлар кунжара-шелухани пахтани қайта ишлаш заводларидан арзонроқ нархда олишларига кўмаклашиш мақсадида қандай ишга йўл урилди? Чорвачилик комплекслари янада ривожланаётгани ҳақидаги хабарлардан кўра, туман ҳокими чорвадор фермернинг ишлашига тўсиқ бўлаётгани ҳақидаги хабарлар кўп эмасми?

Маҳаллий раҳбарлар ана шу саволлар устида бош қотиришдан кўра гўшт нархини яна маъмурий-бошқарув йўллари билан тизгинлашга ҳаракат қилаётганлари кузатилади.

Уларга яна @davletovuz маслаҳатини эслатиш зарурга ўхшайди:

"Биз ҳозир гўшт нархи кўтарилишига "Ҳар бир оила — тадбиркор" дастури сабаб бўлди ёки Қозоғистон мол экспортини чеклади, каби гипотезаларни олға сурмоқчи эмасмиз. Масъулларга чақириғимиз битта: илтимос, бозорга аралашишдан тийилиш лозим. Гўшт нархини пасайтириш бўйича мажлис қилиш, бозорда юриб ёрлиқларни ўзгартириб чиқиш, мажбурлаб арзон гўшт сотдиришдан фойда йўқ, маънисиз директивалар билан бадтар аҳвол ёмонлашгани қолади.

Бир сафар бозор ўзини ўзини тартибга солишига қўйиб бериш лозим. Агар истак бўлса, қўшни давлатлардан тирик қорамол импорти жараёнини соддалаштириш керак, лекин бундай истак сизларда йўқ, яхшиси ҳеч нима қилмаган тузук".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ