Ўзбекистон: Ҳаво Йўллари ўзбекларнинг денгизга боришига тўсқинлик қилаётганини рад этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz

'Биз Ўзбекистон осмонида монополмизʼ

Smartgov Consulting бюроси ижрочи директори Азиза Умарова томонидан билдирилган «бизда чартер рейслар ва маҳаллий муқобил авиакомпаниялар йўқ» деган фикрларни изоҳлай туриб, Uzbekistan Airways республикада маҳаллий авиакомпаниялар ташкил этиш ўзининг ваколатлари доирасига кирмаслигини таъкидлайди, аммо мамлакат ичидаги йўналишларда ягона авиа-монопол эканини тан олади ва одамлар учишга қурби етмаса, вилоятлараро автомашинада қатнаши мумкинлигига ишора қилади.

Ислом Каримовнинг ўғли "Ўзбекистон ҳаво йўллари"ни судга берди

Транзит "Ўзбекистон Ҳаво йўллари"нинг монополиясими?

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" "қароқчилик"да айбланди

"Агар кимдир мамлакат ичида авиаташувларни амалга ошириш таклифи билан чиқса, МАК бу жараёнга тўсқинлик қила олмайди. Шу билан бирга фуқаролар айни вақтда МАК рақобат қилаётган ерусти транспортидан фойдаланиш имкониятига эгадир."

Чартер рейслар

Uzbekistan Airways чартер рейслар мавжуд эмаслиги борасидаги танқидга ҳам эътибор қаратган.

Чартер рейсларга «сайёҳлик мавсумида туроператорлар томонидан ташкил этиладиган рейслар» дея изоҳ берган Uzbekistan Airways чартер рейслар ўлароқ иддао қилинган парвозлар нархининг қиммат эканига ўзи жавобгар эмаслигини маълум қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Азиза Умарова «ўзбекистонликларнинг 95 фоизи ҳаётида денгизни кўрмай ўтиши»да Ҳаво Йўлларини айблаган

«Ёзги мавсумда сайёҳлик агентликлари МАкга чартер рейслар буюртмаси билан мурожаат этадилар. Авиакомпания мажбуриятларига учувчилар таркиби билан самолётни тақдим этиш ва хавфсизликни таъминлаш киради. Йўловчилар учун якуний авиаташув нархи масаласи билан фақат сайёҳлик агентликлари шуғулланади.»

Smartgov Consulting бюроси ижрочи директори Азиза Умарованинг «ўзбекистонликларнинг 95 фоизи ҳаётида денгизни кўрмай ўтиши» ва бунга Ўзбекистон Ҳаво Йўлларининг монополияси сабабчи экани борасидаги фикрлари шов-шувларга сабаб бўлган эди.

Денгиз кўрмай ўтаётган одамлар

Умарова хонимнинг сўзларига кўра, МДҲ ҳудудида яшовчи оддий ишчидан тортиб, бизнесменга қадар ёзги таътилни, асосан, Туркияда ўтказади. Фақатгина ўзбекистонликлар бундан мустасно.

"Оддий фуқароларда таътил вақти хорижга учиш имконияти йўқ, сабаби монополист-авиаташувчи Ўзбекистонга рақобатчиларни қўймайди. Бизда чартер рейслар ва маҳаллий муқобил авиакомпаниялар йўқ. Бунинг ўрнига суюкли «Ҳаво йўллари» ўзининг Анталияга рейсини «чартер» сўзи билан атайди ва унга чипталарни Истанбулга одатий рейс нархида сотади. Бронь қилиш эса, одатдагидек, аниқ бир турфирма орқали амалга оширилади. Таниш ҳолат, а?"

Азиза Умарованинг ёзишича, Чимкент, Москва ва Челябинскда Ўзбекистон Ҳаво Йўлларининг «чартер»и нархи эвазига ($650 дан бошланади) нафақат тўппа-тўғри денгизгача элтувчи чартер рейс учун чипта, балки алл инcлусиве (ҳаммаси ичида - таҳ.) йўлланмани ҳам қўлга киритиш мумкин.

"Чартер рейслар, одатда, 150-300 доллар туради. Арзиман пул. Шу сабабдан ҳам Туркияда дам олиш - Россия, Қозоғистон, Украинада энг машҳур ва имконли танлов, лекин бизда эмас - у бизда ҳамон ҳашамат ҳисобланади. Болаларни денгизга, тўзиб ётган 3 юлдузли меҳмонхонага олиб бориш мамлакатимизнинг 95 фоиз аҳолиси учун ушалмас орзу бўлиб қолаётганидан афсусдаман…" ёзади Умарова хоним.

Ўзбекистон Ҳаво Йўллари эса Азиза Умарованинг пости ва бошқа қатор танқидий муносабатларни ўрганиб чиққани ва уларни хизматлар сифатини яхшилашга ёрдам берувчи ижтимоий фикр инъикоси ўлароқ қабул қилганини маълум қилмоқда.

'Биз халқаро йўналишларда монопол эмасмизʼ

Бироқ баёнотда айрим шахслар фуқаролик авиацияси ва Uzbekistan Airways авиакомпаниясига оид айрим ҳолатларни нотўғри талқин этаётгани ҳам таъкидланади.

Хусусан, Азиза Умарованинг «монополист-авиаташувчи Ўзбекистонга рақобатчиларни қўймайди» фикрига жавоб ўлароқ авиакомпания ўзининг мамлакат осмонидаги ягона монопол бирлик эмаслигини исботлашга уринади.

"Ўзбекистонга 2018 йилда парвозларни амалга оширган авиакомпаниялар сони, 2017 йилга солиштирганда, 14 тадан 18 тагача (28 фоиз) кўпайди. Хорижий авиакомпаниялар томонидан амалга оширилган рейслар сони эса 6,833 тадан 9,657 тага қадар (41 фоиз) ортди. Халқаро авиаташувлар бозорида Uzbekistan Airways'дан ташқари дунёнинг тўққиз мамлакатидан Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа аэропортларига мунтазам қатновларни йўлга қўйган 18 та хорижий авиакомпания фаолият юритиб келмоқда."

Ўзбекистонга қатновларни йўлга қўйган авиакомпанияларни номма-ном санаб ўтган Uzbekistan Airways реклама ва маркетинг нуқтайи назаридан бу ишнинг мақбул эмаслиги, ҳар бир авиакомпания бозорда ўзини ўзи намоён этиши лозимлигини ҳам иддао этади.

Бундан ташқари, МАКнинг даъвосига кўра, халқаро авиакомпаниялар ва Uzbekistan Airways паритет асосида ишлаб келмоқда. Яъни хорижий авиакомпаниялар ва Ўзбекистон Ҳаво Йўллари томонидан амалга ошириладиган рейсларнинг сони бир-бирига тенг.

Шунинг учун ҳам «йўловчиларда танлов мавжуд,» таъкидлайди авиакомпания.

МАК Азиза Умарованинг «ўзбекистонликларнинг 95 фоизи» Uzbekistan Airways монополияси туфайли Туркияга бориш имконидан маҳрум, деган сўзларига қуйидагича раддия билдирган:

"Бу ерда муаллиф сўзларига қўшила олмаймиз. Бу йўналишда Turkish Airlines билан жуда жиддий рақобатдамиз. Улардан нафақат Тошкентдан/га, балки Самарқанддан/га рейсларни амалга оширади."

'Одамлар чипталарни вақтлироқ олиши керак'

МАКнинг иддао этишича, маҳаллий йўналишлар нархлари қиммат эмас, фақат одамлар чипталарни вақтлироқ харид қилиши лозим.

«Табиийки, авиачипта қанча вақтлироқ харид қилинса, у шунча арзон тушади. Рейсга оз қолганда, самолётнинг тўлишига қараб, тарифлар ҳам қимматлаша боради.»

МАКга кўра, Тошкент-Нукус йўналишидаги энг арзон чипта 404,391 сўм (тахминан, $47), энг қиммати эса 924,322 сўм ($107) ва бу нархлар одамни у қадар «чақиб олмайди.»

Uzbekistan Airways вилоятлардаги аэропортлар бўшаб қолмагани, 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигининг ўзида мамлакатда мавжуд 11 маҳаллий аэропортга 9,302 рейс амалга оширилиб, 969,427 нафар йўловчига хизмат кўрсатилганини ҳам таъкидлайди.

Қўшимча равишда, МАК Қозоғистон даштида автобусда тириклайин ёниб кетган 52 ўзбекистонлик фожиасида ўзини айблаш ноўрин эканини иддао қилади.

Аксар ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари агар Ўзбекистон Ҳаво Йўллари Россияга авиачипталар нархини туширганда эди, бу йигитлар шунча узоқ ва хатарли масофани автобусда эмас, самолётда тез ва хавфсиз босиб ўтган бўларди, деган фикрларни ўртага ташлаб келади.

"Бўлиб ўтган ҳодиса - оилалар бошига тушган улкан ғам, аммо бу воқеага авиакомпанияни аралаштирмаслик лозим. Бундай кўргилик ҳар қандай трассада, ҳар қандай йўналишда, нафақат халқаро автобус маршрутида, балки исталган мамлакатдаги ички қатновларда ҳам содир бўлиши мумкин эди. Кўплаб давлатларда (АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Россия ва бошқалар), ҳатто, лоукостерлар бўлса ҳам, одамлар автобус ташувларидан жуда фаол фойдаланади," дейилади баёнотда.

Сўнгги сўз ўрнида, ушбу баёнотни тайёрлаш устида ўзининг асл вазифаларидан чалғиб бўлса ҳам, кўплаб мутахассисларнинг меҳнат қилганини таъкидлаган Uzbekistan Airways авиакомпания томон сўз ҳужумлари ва айбловларга нисбатан сукут сақлаши мумкинлиги, аммо бундай қилишни лозим топмаганини айтади.

«Авиакомпания ва аэропортлар фаолияти юзасидан келиб тушаётган барча маълумот қайта ишланади ва агар бизнинг айб бўлса, уни тўғрилаймиз. Бироқ қасддан қоралов фаолияти кетаётган бўлса, биз жавоб бериш ва тўғри маълумотни етказишга мажбурмиз,» ёзади МАК матбуот хизмати.

«Биз постлар муаллифлари билан учрашув ўтказиш ва ҳар қандай саволга жавоб беришга тайёрмиз.»

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek