Ўзбекистон: Хотин-қизлар қўмитаси Боситхонованинг сўзларини ҳимоя қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Alamy
Image caption Элмира Боситхонова "бозорчи аёлларда на маънавият, на маърифат бор" деб айтган

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси қўмита раҳбари Элмира Боситхонованинг ижтимоий тармоқларда норозиликларга сабаб бўлган"бозорчи хотинлар" ҳақидаги сўзлари "умумий фикрдан узиб олингани"ни айтган.

Қўмита маҳаллий блогерларга "фикр билдириш қоидалари"ни эслатган.

Ўзбекистон: Бош вазир ўринбосари сўзлари Мирзиёев сиёсатига зидми?

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси: чорак миллион аёл четга чиқиб кетган

Ўзбек аёли: кунига 10000 сўмга розиман, иш борми?

"Ижтимоий тармоқларда "бозорчи" ва "бозорда маърифат йўқ" деган фикрлар умумий фикрдан узиб олиниб, нотўғри талқин қилинмоқда. Қолаверса, талқинларда ва муносабат билдиришда инсон ва ташкилот шаънига ҳақоратли сўзлар айтилаётганини инобатга олиб, ижтимоий тармоқларда фикр билдиришнинг ҳам ўз қоидалари борлигини эслатмоқчимиз.

Хотин-қизлар қўмитаси блогерларимиз томонидан очиқ хат ва муносабат шаклида куюнчаклик билан ёзилаётган бозордаги аёлларнинг шароити оғирлиги, уларга кўмак зарурлиги билан боғлиқ барча ҳолатлардан яхши хабардор.

Шу боис блогерларимиз негадир эсга олмаган аёллар ҳаётини яхшилаш борасидаги бир қанча йўналишлар қатори, бозорларда миллий қадриятларимиз ва улуғ санъатимиз, адабиётимиз намуналарини радиоузеллар орқали ўқиб, эшиттириш, кутубхоналар ташкил этиш ҳамда Хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилотини тузиш орқали ўша сотувчи аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, уларни муносиб шароитларда ишлашини таъминлаш позициясини амалга оширишда давомли эканини маълум қиламиз", - дейилади ЎзАда чоп этилган расмий баёнотда.

Қўмита "бозорларда миллий қадриятларимиз ва улуғ санъатимиз, адабиётимиз намуналарини радиоузеллар орқали ўқиб, эшиттириш, кутубхоналар ташкил этиш ҳамда Хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилотини тузиш орқали ўша сотувчи аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш, уларни муносиб шароитларда ишлашини таъминлаш"да давом этишини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Social Media
Image caption Фэйсбукда ўзбекистонлик фойдаланувчилар бозорда тирикчилик билан машғул ўзбек аёлларининг суратларини пост қилишган

Қўмитанинг изоҳ беришича, 11 июль кунги брифингда "Тошкент шаҳридаги бозорлардан бирида ишлаётган 30 нафар сотувчи аёлларнинг уларга муносиб жой берилмаётгани, офтобда қийналиб савдо қилишаётгани, атрофдагилар ва баъзи масъуллардан ҳақорат эшитаётгани юзасидан Хотин-қизлар қўмитасига мурожаат этгани мисол тарзида келтирилиб, ана шу аёлларга бозорчи сўзини ҳақорат оҳангида айтаётган масъулларни, атрофдагиларни муносабатини ўзгартириш мақсадида бозорга маърифат олиб кириш ғояси маълум қилинган"ди.

Элмира Боситхонова раҳбари бўлган идора "бозордаги аёлларнинг шароити оғирлиги, уларга кўмак зарурлиги билан боғлиқ барча ҳолатлардан яхши хабардор"лигини таъкидлаган.

'Маънавиятсиз аёллар'

11 июль куни "Оиладаги зўравонлик масалалари, турли вазиятлар таҳлили ва бу борада олиб борилаётган чора-тадбирлар" мавзусидаги брифинг чоғида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ва бош вазир ўринбосари Элмира Боситхонованинг "ҳақиқий бозорчи аёлларда на маънавият, на маърифат бор", - деб айтган сўзлари ижтимоий тармоқларда кескин норозиликларга сабаб бўлган.

Ўзбекистон хотин-қизлар раисининг айтишича, эндиликда бозорларда қўмитанинг бошланғич ташкилоти тузилади.

Ташкилот бозорда ишлайдиган аёллар маърифатсиз «бозорчи аёл» номига муносиб бўлмасликлари учун улар билан маърифий суҳбатлар ўтказади.

"Бор ҳаракатимиз бозор ҳақиқатан ҳам маърифат манбаи бўлишига эришишга қаратилади, - деб айтган Боситханова Телеграмда тарқалган аудио ёзувда.

У бозорларда радиоузел орқали Зулфиянинг «Хотирам синиқлари»га ўхшаш асарлар ҳар куни беш-олти мартадан ўқиб эшиттирилиши, муомала маданияти мавзусида эшиттиришлар тайёрланишини айтган.

Ўзбекистонликлар Боситхоновани оддий халқ ҳаётидан узилиб қолганлик ва бозорда савдо қилиб, ҳалол меҳнати билан бола боқаётган минглаб ўзбек аёлларини ҳақоратлашда айблаганлар.

Айрим блогерлар Ҳотин-қизлар қўмитаси раиси истеъфога чиқиши кераклигини айтишган.

Фэйсбукда ўзбекистонлик фойдаланувчилар бозорда тирикчилик билан машғул ўзбек аёлларининг суратларини пост қилишган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek