Ўзбекистон: Депутат Мирзиёевни уйғурлар борасида Хитойга ён бермасликка чақирди

Ўзбекистонлик депутат Президент Шавкат Мирзиёевдан Хитойдаги уйғурларга маънавий дастак беришни сўради.

Халқ депутатлари Бўстонлиқ туман Кенгаши депутати Қобул Дўсов Фэйсбук саҳифасида эълон қилган мурожаатида "Бизнинг ризқимизни Хитой эмас, Аллоҳ беради" деб ёзган.

У Хитойнинг "зулм исканжасидаги мусулмон уйғурлар ўзбекларнинг бир парчаси" эканини эслатган.

Дўсов Президент Мирзиёевни "жим турган мусулмон давлатлари ичида ташаббусни қўлга олишга" чақирган.

Дунё: 22 давлат уйғурлар ҳимоясига чиқди, орасида биронта ҳам мусулмон давлати йўқ

Би-би-си мухбири Хитойдаги мусулмон уйғурлар жамлоғида нималарни кўрди?

Ўзбекистон: Сиёсат эркаклар ишими ёки постимнинг Мирзиёев сиёсатига алоқаси йўқ

Аввалроқ Рейтер агентлиги мусулмон давлатлари Хитойнинг уйғурлар борасидаги сиёсатини қўллаб-қувватлагани ҳақида хабар қилганди.

Ўтган ҳафта БМТ Инсон Ҳуқуқлари Кенгашидаги 22 давлат элчилари Хитойнинг Шинжондаги уйғур озчилигига нисбатан сиёсатини қоралаган.

Уларнинг орасида биронта ҳам мусулмон давлати йўқлиги эътиборни тортган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Қобул Дўсов бундан аввал Фэйсбукда хотин-қизлар мавзусидаги зиддиятли пости учун танқид қилинган

Қобул Дўсов бундан аввал Фэйсбукда ўзининг хотин-қизлар мавзусидаги зиддиятли чиқиши ортидан танқидга тутилганди.

Унинг "Қачонки сиёсатда аёллар билан болалар ҳукм юргизадиган пайт келса, билинг, мамлакат тез орада пароканда бўлади" деган пости Танзила Норбоеванинг Сенат раислигига сайланиши манзарасида Фэйсбукда мунозараларга сабаб бўлган.

Депутатнинг ўзи постнинг Норбоевга алоқаси йўқлиги, у бир иқтибос эканини айтган.

У мансуб бўлган Миллий Тикланиш партияси "ушбу фикрлар партиянинг мақсад ва ғояларига тамоман зид" эканини айтиб чиққан.

Депутатнинг уйғурлар борасидаги мурожаати ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган, аммо биронта депутат ёки расмий фикр билдирмаган.

Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатлари Хитойнинг уйғурлар борасидаги сиёсатини дастаклаб келади.

Аввалроқ бир гуруҳ ўзбек зиёлилари Мирзиёевдан Хитойнинг қамоқ-лагерларидаги ўзбекларни ҳимоя қилишни сўрашган.

Қўшни Қозоғистон бир қатор қозоқларнинг Хитой жамлоғидан озод қилинишига эришганди.

Ўзбекистон БМТ ва дунёнинг кўпгина давлатлари томонидан қораланган Хитой қамоқ-лагерлари юзасидан ҳеч қандай баёнот бермаган.

Би-би-си Дўсов билан боғланиб, уйғурлар масаласида Президентга мурожаат қилишга туни нима ундаганини сўради.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek