Ўзбек пахтаси: Саноатдан санъатга - Ўзбекистон Лондон мода либослар кўргазмасида

Лондонда ўтган "Pure London" мода либослар кўргазма-савдосида Ўзбекистон ўзининг тўқимачилик маҳсулотларини намойиш қилди.

Жаҳон мода саноатининг энг йирик кўргазмаларидан бирида Ўзбекистонни "Истиқлол текстил дизайн", "Vakkoni Collection" ҳамда "Textile Tashkent Mill" Ўзбекистон-Германия қўшма корхоналари тамсил қилди.

Бугун Ўзбекистон учун нима муҳим: янги иш ўринларими ёки эркин савдо?

Ўзбекистон ЕИ билан 'тўқимачилик протоколи'ни ратификация қилди

Мирзиёев Ўзбекистонда пахта монополиясини йўқ қиладими?

Ўзбекистон стендини безаган кийим-кечакларнинг аксари аллақачон дунёнинг кўплаб давлатларига экспорт қилинади.

Image caption "Pure London" - жаҳон мода саноатининг энг йирик кўргазмаларидан

Тошкентдаги "Textile Tashkent Mill" корхонаси раҳбари Тоҳир Ҳошимовнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, улар ўзбек пахтасидан ишлаб чиқараётган пайпоқлар сифатли ва чидамлилиги билан, масалан, Хитой пайпоқларидан ажралиб туради.

Аммо унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда бундай маҳсулотлар борлигини кўпчилик билмайди.

"Асосий бозоримиз Россия билан Германия. Маҳсулотларимизни яхши кўриб олишади. Энди Европага экспортни кенгайтирмоқчимиз. Жумладан, Британияга ҳам", - дейди тошкентлик тадбиркор.

Унинг айтишича, 2011 йилда очилган қўшма корхона бошида 50 нафар ишчи билан фаолият бошлаган бўлса, ҳозирда 350 дан ортиқ одам ишлайди.

Корхонанинг асосий мақсади экспортга ишлаш.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Empics
Image caption "Ўзбек пайпоқларининг устун жиҳати, биринчидан нарх, иккинчидан сифат", - дейди "Textile Tashkent Mill" Ўзбекистон-Германия қўшма корхонаси раҳбари Тоҳир Ҳошимов.

"Ҳозирда корхонамизда ойига бир-бир ярим миллион жуфт пайпоқ ишлаб чиқарилади. Шунинг 95 фоизини экспорт қиламиз", -дейди тадбиркор.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда охирги йилларнинг энг йирик ислоҳоти миллий валюта конвертациясининг очилиши бўлган.

"Олдин конвертациядан қийналардик. Ҳозир тўсиқлар олиб ташланди. Бизга ўхшаб экспортга ишлайдиган корхоналар учун бу асосий нарса. Ҳозир тушган валютамизни ўша куннинг ўзида сўмга конвертация қилиб, ишлата оламиз", - дейди Тоҳир Ҳошимов.

Суҳбадошнинг фикрича, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаш керак, аммо иқтисод очиқ рақобат муҳитида ривожланади.

"Хитой маҳсулотлари билан рақобатлашиш қанчалик осон?" деган саволга жавоб бераркан, Тоҳир Ҳошимов ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг устун жиҳати, биринчидан нарх, иккинчидан сифат эканини айтади.

"Ўзбекистон пахтасидан қилинган ипларнинг сифати яхши. Мисол учун, Хитойда синтетика аралаштиради, бизда эса тоза пахта бўлгани учун сиафтимиз яхши. Ипимиз 100 фоиз пахта", - дейди у.

Би-би-си тадбиркордан Ўзбекистонда сўнгги пайтларда монополиялар атрофида авж олган баҳсларга муносабатини ҳам сўради.

"Бу борада дискуссиялар кўп. Кимдир чегаларни очиб ташлаш керак, дейди. Бошқа одам чиқиб, ички бозор энди оёққа туряпти, савдони чеклаш керак, деган фикрни айтади. Иқтисодда ягона қоида йўқ. Шу иккала назария ўртаисдаги олтин ўрталиқни топиш керак, дед ўйлайман", - дейди Тоҳир Ҳошимов.

Тоҳир Ҳошимов "Textile Tashkent Mill" Лондон кўргазмасида биринчи бор қатнашаётганини айтади.

Image caption "Pure London" кўргазмасида бу йил 700 дан ортиқ брендлар иштирок этган

"Рақобатбардош маҳсулотларни кўрдик, ўргандик, ҳар доим шундай кўргазмаларда янги нарсаларни ўрганамиз", - дейди тадбиркор.

Ўзбекистон стендининг катта қисмини наманганлик тўқимачиларнинг маҳсулотлари ташкил этди.

Улар орасида Ўзбекистоннинг ўзи, Туркия ҳамда Россия бозорларида аллақачон танилиб улгурган Наманганнинг "Идеал" ("Истиқлол текстил дизайн") костюм-шим, кўйлак ва бошқа маҳсулотлари бор эди.

Наманганнинг тўқимачилик соҳасида етакчи тўрт ширкатини ўзида бирлаштирган гуруҳнинг Европадаги доимий вакили Акбаржон Ёқубовнинг айтишича, маҳсулотлар ҳозирнинг ўзида 15 дан ортиқ давлат, жумладан, Германия ва АҚШга экспорт қилинади.

"Худога шукур, сифат зўр, жаҳондаги энг яхши сертификатларни олганмиз, маҳсулотлар сифати белгиси остида чиқади, кафолатланган", - дейди Акбаржон Ёқубов.

Лондондаги кўргазма чоғида у тамсил қилган "Vakkoni Collection" Лондоннинг "The Notting Hill Shopping Bag" ширкати билан биологик тоза сумкалар етказиб бериш бўйича шартномани имзолаган.

Унга мувофиқ, яқин орада Лондон супермаркетларида Наманганда ишлаб чиқарилган эко-сумкалар пайдо бўлади.

The Notting Hill Shopping Bag ҳар ой 10 минг дона 100 фоиз ўзбек пахтасидан бўлган ва атроф-муҳитга зарарсиз сумкалардан сотиб олиш учун буюртма берган.

"Мақсадимиз Ўзбекистоннинг экологик тоза пахтасидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Британия бозорига олиб кириш. "Ўзтўқимачиликсаноати" уюшмаси корхоналари 50 дан ортиқ ривожланган мамлакатларга ўзларининг маҳсулотларини экспорт қилади. Бу йилдан Британия бозорига ҳам экспортни бошлаяпмиз", - дейди кўргазмада иштирок этган "Ўзтўқимачиликсаноат" вакили Маҳбуба Султонова.

Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик саноати хомашё экспортидан тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар экспортига ўтиш жараёнини якунлаш арафасида.

Ҳукумат 2019 — 2025 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш Концепциясини ишлаб чиққан.

Унда 2025 йилга бориб тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ҳажмини 7 миллиард АҚШ долларига етказиш кўзда тутилган.

Бу Ўзбекистоннинг пахта хомашёси экспортидан келадиган даромаддан қарийб 10 баробар кўп дегани.

Президент Мирзиёев ислоҳотлар алал-оқибат мамлакатдаги ишсишлик муаммосига барҳам бериши ва аҳолининг реал даромадлари ортишига олиб келишини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Yui Mok - PA Images
Image caption Наманганнинг эко сумкалари Лондон супермаркетларида пайдо бўлади

23 июль куни кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Президент яна бир марта иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромади кўтариш ҳақида гапирган.

"Агар биз тадбиркорни қўллаб-қувватламасак иқтисодиёт ишламайди, келгуси йили тўхтаб қоламиз бу ривожланишдан. Биз катта марра олдик. Заминимиз бой, одамларимизни бой қилиш имкониятимиз бор. Ишчи жойи орқали. Даромад топиш ўзимизнинг қўлимизда. Жуда катта сабр-тоқат, матонат, Ватанга садоқат билан ишласак натижа бўлади. Юрагимнинг дарди, армонларим бу. Халқим яхши яшаши керак", - деб айтган Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистоннинг пахта ва тўқимачилик саноати ўтмишда мамлакатдаги болалар ва мажбурий меҳнат боис халқаро бойкотга учраганди.

Бойкот жаҳоннинг йирик брендлари томонидан қўллаб-қувватланган.

Шу йил апрелида "Ўзтўқимачиликсаноат" бошқаруви раиси Илҳом Ҳайдаров Cotton Campaign халқаро коалицияси йирик брендларнинг Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларига бойкотини 2020 йил бошида бекор қилиши мумкинлигини айтган.

Аввалроқ АҚШ Меҳнат вазирлиги ўзбек пахтасини мажбурий ёки болалар меҳнати воситасида етиштирилган маҳсулотларнинг "қора рўйхати"дан чиқарган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek