Ўзбекистон: Маҳаллалардаги Анзират бувилар гуруҳи нима билан шуғулланади?

Зайнаб Садриева "Суюнчи" фильмида Анзират буви ролини ўйнаган Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot
Image caption Зайнаб Садриева "Суюнчи" фильмида Анзират буви ролини ўйнаган

Расмийлар "Анзират буви" деб юритилаётган аёллар гуруҳи айнан нима иш билан шуғулланиши борасида якуний низом ишлаб чиқилмаганлигини айтишмоқда. Бироқ низом бўлмаса ҳам жойларда 30 нафар "Анзират буви"лардан иборат аёллар гуруҳи фаолиятини бошламоқда.

Би-би-си боғланган оддий одамларнинг айтишича, баъзи жойларда Анзират буви гуруҳлари ташкил қилинган.

"Маҳалладаги ёши каттароқ аёлларни сайлашибди. Нима қиласизлар десам, уйларнинг атрофидаги тозаликка қараймиз, жанжаллашаиб қолган оилаларни яраштирамиз, дейишди. Ҳар шанба куни мажлисга боришаркан", дейди суҳбатдош.

Маҳаллаларда аёллардан иборат "Анзират буви" гуруҳларининг тузиш хабарига ижтимоий тармоқдагилар танқидий муносабат билдиришди.

"Маҳалла тамом бўларканде. Фараз қилинг уйизда кечаси ётибсиз. Анзират Буви билан Дасааев амаки кириб келишади. У бу ортиқча гап гапирса қўлидаги ҳасса билан уради. Миллий-феодал-дружиначи бир бало бўларкан", дейди Mirrakhmat Muminov.

Natalee Yusupovа кимдир Баситхановани тўхтатсиней, дейди.

Хотин қизлар қўмитаси раис ўринбосари Мукаррам Нурматованинг айтишича, 30 кишидан ташкил топган аёллар кўнгилли равишда ишлайди ва улар маош олмайди.

"Ҳали бу гуруҳлар ташкил қилингани йўқ. Энди шунақа нарса қилинади. Мен ўзим тўртта вилоятга чиқиб келдим".

Facebook да фикр қолдирганлар Анзират бувилар шахсий ҳаётга даҳл қилиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

"Олдиндан айтиб қўяй мени оиламдагиларга маънавиятиздан дарс беришизга қаршиман. Оиламга қандай кийиниш қандай рўмол ўрамасликни ўргатишга қаршиман. Қачон фарзанд кўриб кўрмасликни ўргатишига қаршиман. Қайси китобни ўқиб ўқимасликни ўргатишига қаршиман", дейди Sherzod Daliyev.

Хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари Мукаррам Нурматова аёллар гуруҳини шахсий ҳаётга аралашиш деб ҳисобламаслигини билдирди.

"Маҳалладаги муаммоларни олиб чиқиб, ўша маҳаллада муҳокама қилинади. Фаол аёллардан иборат бўладиган, ёшлари катта тажрибаси бор аёллардан тузилиб, ёшларни йўлга солиш, тартибга чақириш маъносида-да бу. Бу бизнинг менталитетда бор-ку. Яраштириш комиссиялари бор. Бу фақат яхшиликни кўзлаб қилинаётган нарса".

Бироқ бу каби мажбурий яраштирувлар ҳар доим ҳам ижобий якун топмаслиги айтилади.

Айрим ҳолларда мажбурий яраштирилган аёллар, зулмга чидолмасдан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам учраб туради.

Ташқи аралашув ортидан яраштирилган оилаларнинг қанча фоизи яшаб кетгани ёки қанчасининг тақдири бошқача тугагани ҳақида статистика йўқ.

11 июль куни Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова ҳар бир маҳаллада қўмитанинг бошланғич ташкилотлари тузилиши тўғрисида гапирди.

Маҳаллада жами 30 нафар "Анзират буви"лардан иборат 5 та гуруҳ ўз фаолиятини олиб боради. Таркиб қуйидагилардан иборат бўлади:

  • Маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси (оилага кириш гуруҳи). 6 киши.
  • Оилавий шифокор (саломатлик мактаби гуруҳи). 6 киши.
  • Маҳалладаги ўқитувчи (таълим-тарбия гуруҳи). 6 киши.
  • Маҳалладаги тадбиркор (бандликни таъминлаш ва тадбиркорлик гуруҳи). 6 киши.
  • Профилактика инспектори (жиноятчилик профилактикаси гуруҳи). 6 киши.

Хабарларда Боситхонова нима учун гуруҳни Анзират буви, деб номлагани ҳақида изоҳ берилмаган.

Лекин қўмита раиси ғоя ўртага ташлашда "Суюнчи" филмидаги Анзират образидан илҳомланган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Анзират буви совет одами бўлганига эътибор қаратишган.

"Анзират буви совет одами бўлгани, бойларни қулоқ қилиб, колхозлаштиришда жонбозлик қилганидан хабарлари йўқ шекили опани", дейди Али Али.

Ҳақиқий Анзиратлар чиқишига ишонмайман

"Суюнчи" фильмида тасвирланган Анзират буви образи, шунингдек, қишлоқнинг виждони ва расмийлар томонидан эътиборсиз қолдирилаётган муаммоларни жамоатчилик кучи билан ечишга ҳаракат қиладиган аёл сифатида тасвирланади.

Навоийдан журналист ва фаол Дилдора Боймуродова бундан 4-5 йил олдин уни янги кўчиб ўтган маҳалладаги қўшнилари ҳазиллашиб Анзират буви деб чақиришганини айтади.

"Маҳаллада ичимлик суви, свет, газ ва йўл қурилишида муаммолар бор эди. Ёзавериб, тепага чиқавериб муаммоларни ҳал қилганимиз учун мени маҳалладошларим Анзират буви дейишарди", дейди у.

Журналистнинг айтишича, сўнгги вақтларда маҳаллада Анзират буви бўлишнинг иложи бўлмаяпти. Мутасаддилар муаммони ҳал қилиш ўрнига уни кўтариб чиққан одамга босиб ўтказишяпти.

"Президент портали бошида бироз ишлади. Ҳозир тепага шикоят билан чиқсангиз, мутасаддилар 15 киши бўлиб келиб ўзингизни айбдор қилиб кетишяпти. Бундай шароитда Анзират буви чиқишига ишонмайман", дейди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek