Ўзбекистон: Отабек Умаров машҳур қилган Тесла қанча туради ва афзаллиги нимада?

Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви ва шахсий хавфсизлиги хизмати раҳбари Отабек Умаровнинг Тесла машинасини катта тезликда ҳайдагани акс этган видео ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлди. Мазкур видео Ўзбекистондаги амалдорларнинг қонунга муносабатини ёритиш билан бир вақтда Тесла машинасига бўлган қизиқишни ҳам орттирди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Тесла моделларини қандай ва қаерда сотиб олиш, бу каби электрик машиналардан Ўзбекистонда фойдаланиш учун мавжуд бўлган ё бўлмаган шароитлар ҳақида ҳам сўраганлар.

Айни дамда Ўзбекистонда электромобилларни олиб киришга қўйиладиган акциз солиғи бекор қилинди. Бу борада президент 18 июлда имзолаган қарорга кўра, январдан божхона божининг ноль ставкаси ҳам кучга киради.

Эндиликда электрик машинани олиб киришда фақатгина ҚҚС (қўшимча қиймат солиғи) ва божхона расмийлаштируви, ҳамда йўл жамғармаси тўловларини тўлаш лозим бўлади.

Электрик машиналар, қазиб чиқарилувчи ёқилғилар ҳисобига юрадиган машиналардан фарқли ўлароқ, табиатга мутлақо заҳарли чиқинди чиқармайди.

Уларнинг долзарблиги иқлим исиши шароитида янада ортиб бормоқда ва кўплаб анъанавий автомобиль ишлаб чиқарувчилар ҳам электрик моделларни яратишга киришганлар.

Аммо, улар орасида Тесла биринчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Жорий йилнинг илк чорагида даромади тушганини хабар қилса-да, Тесла Европа ва АҚШда ўз рақибларини анча ортда қолдириб кетишга муваффақ бўлди. Тесла 3 седан ва бошқа S моделлари, ҳамда X моделининг бозори чаққон. Айни дамда Тесла ўз машиналари нархини бу йилнинг ўзида тўрт марта арзонлаштирди.

Ҳозирда S, X va 3 моделлари нархи 35 минг доллардан 124 минг долларгача, лекин кўп давлатларда электрик машиналар учун бериладиган имтиёзлар ва солиқ чегирмалари ҳисобга олинса, бу янаям арзонроқ бўлиши мумкин.

Image caption Тесла бу йил ўз нархларини тўрт марта туширди

Тесла ўтган йил охирида ёппасига чиқара бошлаган 3-модель нархи 35 минг долларга тушган ва ҳозирда кўпчилик учун энг ҳамёнбоп Тесла машинаси бўлиб қолмоқда.

Дунёдаги энг тез автомобиль бўлиши кутилаётган Тесла Роудстернинг нархи эса ҳозирча номаълум, у 200 ва 250 минг доллар ўртасида бўлиши кутилади.

Нархлар дунё бўйлаб фарқ қилади. Ўзбекистондаги Теслалар борасидаги маълумот ҳозирча фақат Президент Мирзиёевнинг куёви Отабек Умаровнинг шов-шувли видеоси билан чекланган. Мамлакатда қанча Тесла борлиги ва улар қаерда ва қандай нархга сотиб олингани номаълум.

Қозоғистонга хусусий эгалар хорижда харид қилган Теслалар аллақачон кириб келган ва ўтган ой Тесла асосчиси Илон Маск Қозоғистонда бу йил ҳатто Тесла моделларини заряд қилувчи суперчаржерлар ва хизмат марказлари ўрнатилишини хабар қилди.

Қозоқ Тесла ҳайдовчилари ҳатто қўйнинг Тесла багажнигига юклангани ва сув босган тунель ичида сузаётгани акс этган видеоларни чоп қилишган. Илон Маск Тесла қисқа вақтга кемага айланиш қобилиятига эга бўлса-да, унда сузмасликни тавсия қилди.

Бошқа электрик машиналар компанияларга солиштирсак, Тесла ҳозирча ўз чаржерлари, яъни батареяни қувватлантирувчи нуқталарига эга ягона компаниядир. Европада бошқа электрик машина эгалари Тесланинг жамоатчилик жойларидаги суперчаржерларидан фойдаланаётганлари қайд қилинган. Бунинг учун уларнинг электрик вилкалари ва чаржерлари Тесланикига мос келиши керак, албатта.

Электрик машина ишлаб чиқарувчилар ҳали барча учун бирдек мос келадиган вилкалар ва чаржерларни яратишга келишиб олмадилар. Шундай экан, ҳозирча узоқ масофаларга сафар қилгач батареяси тугаб қолишидан чўчимайдиганлар асосан Тесла эгалари, чунки компаниянинг чаржер нуқталари кўп.

Ўзбекистон: Тошкент ИИББси Тесла видеосини текширмоқда

Технология даҳоси Илон Маск Твиттерда қовун туширди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Telegram орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002