Ўзбекистон, Россия ва дунё: Ўзбекистон ҳукумати ўзбеклар ҳақида қайғуришни бошладими?

Ўзбекистон ҳукумати ўзбеклар ҳақида қайғуришни бошладими? Агар, Ўзбекистон фуқароси бирор бир ҳалокатга учраса, энди нима бўлади, ўзбек ҳукуматининг кўмаги, дастагига умид қила оладими?

Россиянинг Самара шаҳрида ўзбекистонлик мигрантларнинг оммавий заҳарланиши ва бу ҳодисага расмий Тошкентнинг муносабати худди шу каби саволларни пайдо қилган.

Юз берган машъум воқеа шахсан ва бевосита Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консули ҳамда Ташқи меҳнат миграция агентлигининг пойтахт Москвадаги ваколатхонаси раҳбари томонидан ўрганилган.

Ўзбекистон томони маҳаллий масъуллар билан бу хусусда хос учрашувлар ўтказган, мулоқотлар олиб борган.

Якунида эса, Ўзбекистон меҳнат миграцияси тарихида шу пайтга қадар кузатилмаган натижаларга эришилган.

Вазият Бош консулхона назорати остига олинган.

Самарада заҳарланган ўзбекистонликларни даволаш билан боғлиқ барча харажатлар иш берувчи ҳисобидан қопланилишига эришилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон фуқароларининг паспорт ва меҳнат патентлари эгаларининг қўлларига топширилишига келишилган.

Маълум бўлишича, бундан кейин фуқароларнинг овқатланиш ва яшаш шароитларини қўшимча яхшилаш бўйича чоралар кўрилади.

Уларнинг иш ҳақи миқдорини ошириш масаласи кўриб чиқилади.

Россия, мигрантлар: ресторан ошпази иш пайти ёниб кетди

Россия, мигрантлар: Ўзбеклар иш деб, пул деб ўляпти...

Россия, мигрантлар: Оилавий муҳожир бўлиш осонми?

Россия: 'Мигрантлар учун Қурбон Ҳайитининг ўзи бўлмайди...'

Бугун Россия дохил четда меҳнат муҳожирлигида банд ўзбекистонликлар сони миллионларга етади.

Уларнинг энг катта қисми эса, йилларки, айнан Россия ҳисобига тўғри келади.

Биргина расмий рақамларда бу мигрантларнинг сони бугун ҳам икки миллиондан ортиқроққа нисбат берилади.

Ўзбекистон фуқароларининг аксарияти Россияда ноқонуний мавқеъда меҳнат қилаётгани боис, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва ҳар томонлама ҳимояси билан боғлиқ аҳвол ҳали-ҳануз жиддий хавотир ҳамда танқидларга сабаб бўлиб келади.

Самарадагиси эса, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россияда заҳарланишлари билан боғлиқ биринчи ҳодиса эмас.

Аммо бу воқеа президент Ислом Каримов давридагидан фарқли тарзда, Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти мамлакат мустақиллиги тарихида илк бор Россия билан миграция масаласида ҳукуматлараро шартнома имзолаганидан унча кўп вақт ўтмай кузатилган.

Ислом Каримов эса, чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида ўзининг миграция масаласидаги сиёсати ва мавқеи боис танқидлар остида қолиб келган.

Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум президенти "дангасалар", деб атаган мигрантларни Шавкат Мирзиёев "фарзандларим", дейиш қадар тилга олган.

Ўзи қудратга келган қисқа вақтнинг ичида уларнинг ҳар томонлама муҳофазасига қаратилган қатор жиддий қадамларни қўйишга борган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистонлик масъулларнинг Самара ҳодисасига муносабати эса, ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалдаги ижобий самараси ўлароқ ҳам баҳоланмоқда.

Аммо, бошқа томондан, расмий Тошкентнинг бу хусусда янада кўпроқ иш қилиши мумкинлиги, кераклигига оид муносабатларга ҳам сабаб бўлмоқда.

Фаолларга кўра, шунда ҳам, бу - умидбахш бўлишга асос берувчи воқеаларнинг муҳим ривожи бўлади.

Самара ҳодисаси

Самара вилоятининг Сизран туманида 69 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари турли даражаларда заҳарланиш ташҳиси билан касалхоналарга ётқизилган.

Самара Тергов қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан текширув ишларини бошлаган. меҳнат муҳожирлари "Кошелевский посад" корхонасида қонуний асосда меҳнат қилгани айтилмоқда.

"2019 йилда Ўзбекистондан 60 киши қишлоқ хўжалигида ишлаш учун Кошелково қишлоғига келишган. Улар Сизран туманидаги хусусий турар жойларнинг бирида яшашган ва овқатни ўзлари тайёрлаб ейишган. 16-17 июль кунлари 46 нафар эркак шифохонага тушган. Шифокорлар уларнинг саломатликларини ўрта ва енгил дея баҳолашмоқда", - дея маълумот берди Тергов қўмитаси.

Би-би-си ўзбек хизмати манбалардан олган маълумотларига кўра, муҳожирлар мева етиштириш корхонасида ишлашган ва барчалари хоразмликлар бўлган. Заҳарланиш аломатлари кўриниши билан "Тез ёрдам"да Кошелково қишлоғидан шаҳар касалхоналарига етказилган.

Кейинчалик заҳарланганганлар сони 69 нафарга етган, улар орасида 1 нафар вояга етмаган бола ҳам борлиги айтилмоқда. Муҳожирлар ҳалигача В.Д.Середавина номидаги Самара вилояти клиник касалхонаси ва 1-сонли Тольятти шаҳар клиник касалхонасида даволанмоқда.

Самара соғликни сақлаш бошқармаси ўзбекистонлик фуқароларнинг ҳолатларини ўрта ва енгил, дея баҳолади. Аммо 3 нафарининг аҳволи оғирлигича қолаётганлигини билдирди. Самара вилояти соғликни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати вазият назорат остидалигини маълум қилди.

"Корхонанинг барча ишчилари мурожаатнинг биринчи кунидаёқ текширувдан ўтганлар ва тиббиётчиларнинг кузатуви остидалар. Вазиятни Самара вилояти соғликни сақлаш бошқармаси раҳбари Михаил Ратман шахсан ўз назоратига олган", - дейилади матуот хизмати хабарида.

19 июль куни Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консули Фариддин Насриев ва Ташқи меҳнат миграция агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси раҳбари Саиднўмон Мансуров Самарага етиб боришган. Ташқи Ишлар Вазирлиги расмий сайти маълумотига кўра, "Уларнинг барчалари қонуний асосда ишлашган ва меҳнат шартномаларига эга бўлишган".

Расмийлар Самарага ташриф давомида касалхонадаги муҳожирлар, соғлиқни сақлаш бошқармаси ва тиббиёт муассасалари ва "Кошелевский посад" корхонаси раҳбарлари билан учрашганлар.

Ташқи ишлар вазирлиги расмий сайтига кўра, мазкур учрашувлар давомида беморларнинг даволаш билан боғлиқ ҳаражатлари иш берувчи томонидан қопланиши, уларнинг меҳнат ва яшаш шароитларининг яхшиланиши бўйича чоралар кўрилишига келишилган.

Ўзбекистон ҳукуматининг Россиядаги меҳнат муҳожирларига кўрсата бошлаган эътибори ва бу каби ўзгаришлар кузатувчилар томонидан умидбахш дея баҳоланмоқда.

Айни пайтда расмий рақамларга кўра, Россияда 2 ярим млндан зиёд ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида. Норасмий ишлаб юрганлар сони эса яна шунчалиги айтилади.

Ҳужжатларда муаммоси бўлган ўзбекистонлик муҳожирлар ҳам ҳам ҳукумат қўлловига умид қила оладими? Бу масала ҳозирча мавҳум.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek