Президент ҳокимларни огоҳлантирди: Тадбиркорларга тегишли мол-мулкни бузишга умуман йўл қўйилмаслиги зарур

Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz/BBC

Қашқадарёнинг Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари тадбиркор томонидан "ёқиб юборилгани" бугунги куннинг энг муҳим мавзусига айланди. Кўп ўтмай Президент Мирзиёев ҳокимларни тадбиркорларга тегишли мол-мулкни бузишга йўл қўймаслик ҳақида қатъий огоҳлантирди.

"Барча ҳокимларни қатъий огоҳлантираман - асосли зарурат бўлмаган ҳолда тадбиркорларга тегишли мол-мулкни бузишга умуман йўл қўйилмаслиги зарур ва шарт", деди Шавкат Мирзиёев.

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Президент 23 июлда кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказгани хабар қилинди.

Аввалроқ, Қашқадарёнинг Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари тадбиркор томонидан "ёқиб юборилгани" Ўзбекистоннинг энг муҳим мавзусига айланиб улгарганди.

Би-би-си Ўзбек Хизмати ҳодиса тафсилотларини ўрганишга ҳаракат қилди.

Ҳоким ҳам, ҳокимлик ҳам жим

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Аввалига "Озодлик" радиоси тарқатган хабарда туман ҳокими ўринбосари Мансур Тўймаев яккабоғлик тадбиркорнинг икки қаватли дўкони ва тикув цехини бузишга келгани, аммо ғазабга минган тадбиркор унинг устига бензин сепиб, ёқиб юборгани айтилади.

Бироқ 20 июлда содир бўлган ушбу воқеа тасвири туширилган видео бугун тарқалгандан сўнггина у маҳаллий матбуот эътиборига тушган ва масъул ташкилотлар у юзасидан ўз муносабатини билдирган.

Видеотасвирда тадбиркор экскаватор рулида ўтирган ҳоким ўринбосари Мансур Тўймаев томон елим идишда бензин сепиб юборгани ва амалдорнинг бир муддат олов ичида қолиб, кабинадан пастга сакраганини кўриш мумкин.

Хусусан, Бош прокуратура маҳаллий матбуотга қуйидагича изоҳ берган:

"2019 йил 20 июль куни соат 17:30 ларда 1976 йилда туғилган Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари М.Т. "Ҳисор Сарлочин" МЧЖга тегишли савдо дўконларини бузиш ишларини ташкиллаштираётган вақтда мазкур жамиятда ишловчи, 1963 йилда туғилган фуқаро Б.И. ўзига тегишли савдо дўконини бузилишига фаол қаршилик кўрсатиб, М.Т.нинг юз қисмига елим идишда бўлган бензин ёқилғисини сепиб, уни ёқиб юборган. Оқибатда, М.Т. танасининг 35−40 фоизи куйиб, шифохонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куни туман прокуратураси томонидан Б.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда тегишли процессуал тартибда ушланган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда."

Маълумотларга кўра, тадбиркор бинони кредит эвазига қурган бўлиб, туман ҳокимлиги бинонинг бузилиши борасида бирор огоҳлантириш ва ҳеч қандай товон пули бермаган ҳолда уни бузиб ташлашга уринган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати ҳолатни ўрганиш мақсадида, аввало, Яккабоғ тумани ҳокимлиги билан боғланди.

Гўшакни кўтариб, ўзини Кенжа исмли ходим эканини билдирган масъул воқеа жойида бўлганларгина унинг тафсилотларини бера олиши мумкинлигини иддао қилди.

«Ҳокимият бу иш юзасидан изоҳ бера олмайдими?» деган саволга у масъул шахсларни излаб топишга ҳаракат қилишини айтди, аммо қайтиб гўшакни кўтармади.

Бу йўлда Би-би-си мухбири кўпроқ ва аниқроқ ахборот олиш учун қилган ҳаракатлари натижасиз тугади.

Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси эса уларда иш бўйича бирор маълумот йўқлигини даъво қилиб, вилоят прокуратурасига мурожаат қилишни тавсия этди.

Яккабоғга бориб, ҳолат тафсилотларини ўрганган Kun.uz нашри мухбири куйиш жароҳати олган ҳоким ўринбосари Тўймаев туман марказий шифохонасида даволанаётгани ҳақида ёзмоқда.

Kun.uz билан суҳбатлашган тадбиркорнинг ўғли Ш. Даминов ҳокимлик вакиллари бу воқеадан бир кун ўтибгина бинони бузиш тўғрисида огоҳлантириш хати олиб келгани ва улар хатнинг жанжалдан сўнг ёзилганини тан олгани ҳақида маълум қилган.

Айни вақтда, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари давлат амалдорининг ёқиб юборилишини маҳаллий ҳокимликлар томонидан авж олаётган адолатсизлик билан изоҳламоқда.

"Ишқилиб бу раҳбарлар Ўзбекистонни иккинчи Сурия ёки Афғонистон қилишмаса бўлди, лекин хатти-ҳаракатларга қараганда, бўлиши аниқ. Булар атайин қилишяпти, халқнинг кўтарилишини хоҳлашяпти", деб ёзади Мухтаржон Мадаминов.

Обиджон Латиповнинг фикрига кўра эса, «қонун ишламаган жойда барча ўзича адолат ўрнатмоқчи бўлади ва зўравонлик авж олади.»

«Энг афсусланарлиси ва ачинарлиси шунча ҳоким, ИИБ, прокуратура, суд томонидан адолатсизликлар, очиқчасига қонун бузилишига на президент, на Бош вазир, на Сенат, на Олий Мажлис, на омбудсман бирор эътироз, фикр билдирмайди. Худдики, ҳеч нарса бўлгани йўқ. Адолатсизликлар кундан кун авж олмоқда,» дея куйинади Баҳодир Суяров.

Бундан ташқари ўзбекистонликлар нега Яккабоғ туман ҳокимияти тадбиркорга товон пули бермай туриб, унга тегишли бинони бузишга урингани, агар тадбиркор бинони ноқонуний қуриб, ҳокимлик вакилларига қаршилик кўрсатган бўлса, унинг устидан нима учун судга арз қилинмагани, аксинча, амалдорларнинг ўзи мақсадини зўравонларча амалга оширишга уринганини савол остига олмоқда.

Шунингдек, «нега фермерни уриб, шифохонага тушириб қўйган ҳокимни кечириб юбориб, икковини яраштириб қўйган сиёсат тадбиркорни ҳеч бўлмаса, суднинг қарорига қадар кечириб ўтирмади?» деган фикрлар ҳам янграмоқда.

Жорий йилнинг аввалида Бухоро вилояти раҳбари Ўктам Барноев Олот тумани ҳокими ва ундан калтак еган фермерни яраштириб қўйган эди. Ўшанда фуқарога адолатсизлик қилган ҳокимият амалдорлари жазосиз қолиб кетаверадими, деган савол ўртага ташланган эди.

Сўнгги икки йилдан буён Ўзбекистонда ҳокимият вакиллари томонидан фуқароларга тегишли уй-жойлар ва биноларни зўравонлик билан буздириб ташлаш ҳолатлари тинимсиз кўзга ташланмоқда.

Куни кеча Адлия вазирлиги томонидан тарқатилган ҳисоботда ҳам айнан "снослар" бўйича ҳокимият томонидан йўл қўйилаётган кенг қонун бузилишлар билвосита тан олинади.

Вазирликка кўра, республика бўйлаб "снос"га тушган объектлар бўйича умумий компенсация миқдори 600 миллиард сўмдан зиёдни ташкил қилган, аммо маҳаллий ҳокимиятлар бузилган кўчмас мулки эвазига фуқароларга 300 миллиард сўмга яқин маблағни тўлаб бермаган.

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил 1 августда имзоланган «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонда шундай таъкидланади:

«…ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади.»

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbekBBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.