Борис Жонсон ва Ўзбекистон: Жуда кўп калта юбкали, жуда кўп маст одамларни кўрдим

Британия Бош вазирлиги лавозимига бўлган пойгада зиддиятли сиёсатчи Борис Жонсон ғолиб чиқди. Тереза Мей бош вазирликдан истеъфо бериши ортидан, ҳукуматдаги Консерваторлар партияси аъзолари янги Бош вазирни сайлаш учун овоз беришди. Айтиш жоиз, Борис Жонсон британ халқи овози билан эмас, балки ўз партиясининг 160 минг нафар аъзолари берган овозлардан аксарини ютиш билан мазкур лавозимни эгалламоқда.

Би-би-си мухбири Лора Кунсберг таърифлашича, болалигида "жаҳон қироли" бўлишни орзу қилган Жонсоннинг худбинлигига ҳеч қайси ҳамкасбиники тўғри келолмайди. Бу зиддиятли сиёсатчи ўз шахсий ва профессионал ҳаётидаги воқеалар билан кўплаб шов-шувлар марказида бўлиб келган.

Собиқ журналист Борис Жонсон ёлғон маълумот тарқатгани учун "Daily Telegraph" ва "The Times" газеталаридаги ишидан ҳайдалган. Унинг Брексит тарғиботи арафасида 350 миллион фунт Европа Иттифоқига берилиши тўхтатилиши борасидаги гапи ҳам ёлғон экани аён бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Ian Gavan/Getty Images
Image caption Борис Жонсон камерани яхши кўради

Ўз бобоси турк бўлганини айтадиган Жонсон Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиб кетиши йўлидаги тарғиботида "76 миллион аҳолига эга Туркия Европа Иттифоқига қўшиляпти, энди Британиянинг чегараси Сурия ва Ироқ бўлади" деб чиққан, аммо сўнгра буни айтганини рад қилган.

2005 йил кузида Борис Жонсон парламент аъзоси бўла туриб Ўзбекистонга сафар қилганди. Сафари ортидан у "Spectator" журналидаги колонкасида Ўзбекистон ҳақида мақола ёзиб, унинг паловига "ўта ёғли", пивосига эса "от сийдигидек" дея таъриф берганди. 2005 йил Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи орасида муносабатлар қаттиқ совуқлашган давр эди - ўша йилда Андижонда юз берган қонли воқеалар ортидан Европа Иттифоқи Ўзбекистонга нисбатан санкциялар киритганди.

Қуйида Ибрат Сафо 2005 йилда Борис Жонсон билан қилган суҳбатининг матнини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Борис Жонсон: Палов ажойиб, палов жуда мазали.

Ибрат Сафо: Паловни жуда ёғли деб ёзибсиз-ку?

Жонсон: Ҳа, палов ёғли экани аниқ. Менга ўзбек таомларининг баъзи жиҳатлари жуда ширин туюлди. Айниқса, палов. Самарқандда бир уйга борганимизда кекса аёл соатлаб вақтини кетказиб ажойиб гуруч тоғини яратди, устида катта мол гўшти, яна, худо билади, нималар бор эди. Анча ширин. Муаммо шундаки, битта кабоб егандан кейин..., яна ейиш мумкин бўлган ниманидир топиш жуда қийин эди (кулади). Мен барча ўзбек таомлари заҳар демоқчи эмасман (кулади), лекин бизнинг нимжон ғарблик қоринларимиз мева ва сабзавотларга дош бера олмади. Айниқса болалар ҳолсизланиб қолишди.

Сафо: Британ сиёсатчиси учун Ўзбекистон - таътил учун жуда ғайриоддий манзил. Сиз у ерга таътилга бордингиз, шундайми?

Жонсон: Ҳа, таътилимиз ажойиб бўлди, Ўзбекистонга боришни барчага тавсия қиламан. Олти кишига 10 кунга 1800 долларга бу таътил бизга жуда арзон тушди. Битта мини автобус, гид, ҳайдовчи, кондиционерли меҳмонхоналар, ҳаммаси ичида. Ҳаво чипталари учун алоҳида тўладик, албатта. Қадимий девор билан ўралган Хивани, Бухорони, Самарқандни кўрдик. Ҳайратланарли жойлар. У ерга борганда Марказий Осиё нақадар катта эканини англайсан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Dan Kitwood/Getty Images
Image caption Жонсон Лондон ҳокими бўлиб ҳам фаолият юритган

Сафо: Нега Ўзбекистонни танладингиз?

Жонсон: Бир дўстим бор эди, у анча аввал мени таклиф қилганди. Кўп йиллар аввал Ўзбекистоннинг Британиядаги элчиси Алишер Файзуллаевдан тўсатдан менга қўнғироқ бўлди. Сабабини ҳалигача тушунмайман, лекин у мени Лондондаги ўзбек элчихонасига тушликка таклиф қилди. Ўшанда палов тортиқ қилишган, ва икковимиз узоқ вақт британ-ўзбек муносабатларини муҳокама қилиб ўтирганмиз. Бу муносабатлар, биласизки, Темурланг ва Генри IV ўртасидаги Англия ва Ўзбекистон ўртасида эркин савдони ўрнатиш битимига бориб тақалади. Жуда завқли ўтириш бўлди. Ўшанда у Ўзбекистонга боришингиз керак, деганди, ва бу миямнинг бир четига ўрнашиб қолган экан. Рафиқам Маринанинг бир дўсти Ўзбекистонга туристик сафар ташкил қиладиган одамларни танир экан. Ҳозир буни қилмасак, ҳеч қачон қилмаймиз, дедик-да, йўлга чиқдик. Бир нарсани таъкидлашим керак, мен у ерга Каримов режимини қўллаб-қувватлаш мақсадида бормоқчи эмасдим. Қайсидир қадамим у режимга дастак бераётгандек кўринмаслиги учун жуда эҳтиёт бўлдим. Билишимча, бу ўта ёқимсиз режим. Шахсан, лекин, бунинг исботини кўрмадим.

Сафо: Каримовни тилга олганингиз яхши бўлди. Ўйлаб қолдим, ўз ҳукуматингиз шунча танқид қилаётган давлатга британ сиёсатчисининг таътилга бориши қанчалар тўғри иш?

Жонсон: Нега бормай? Нега бормаслигим керак? Ўзим ҳам уни танқид қилишим мумкин, нима қилибди? У ерга бориб ўз тасаввуримни шакллантириш мен учун тўғри иш. Гувоҳ бўлганим шуки, у жамият ҳақиқатдан ҳам милиция назорати остида яшаяпти. Йўлларда сон-саноқсиз текширув нуқталари бор. Мини автобусимиз бир шаҳарга кираётганда ё чиқаётганда неччи марта тўхтаб текширилгани одамни ҳайратга солади. Ўзбек жамиятида ўзгача фикрга эга бўлган одамлар, диссидентларга Каримовнинг режими қанчалар жирканч муносабат қилишини тасаввур қила оламан. Туристлар учун, албатта, тажриба бошқача бўлади. Мендек одам Ўзбекистонга боргани ё бормагани ниманидир ўзгартиради деб ўйламайман. Яхши томони шуки, у ердаги ҳаёт қандайлиги ва мамлакат қаршисидаги муаммолар борасида чуқурроқ таассурот билан қайтамиз. Менга қизиқ бўлгани, Ўзбекистон Россиядан юз ўгираётгандек туюлди. Мен гаплашган одамлар мактабларда рус тили кам ўқитилаётганини айтишди. Улар ўзбек, тожик ё инглиз тилини ўрганишяпти экан. Ўша ҳали 19-асрларда бошланган руслаштириш сиёсати секин-аста ортга қайтарилаётгандек... Каримов - бир эски коммунист, шундай экан у бу жараённи тўхтатишга ва Россияга юзланишга уриняпти. Балки адашаётгандирман, лекин ўйлашимча, Россия Марказий Осиёда баъзи муаммоларга дуч келади. Фикримча, Россия Ўзбекистонни ўз қўлидан чиқариб нотўғри қилди, чунки ўзбеклар Совет Иттифоқи таркибида қолишга овоз беришганди. Тўғрими? Россия йўқ, "entre nous c'est terminé", алоқалар тугади, деди. Менимча, бу ғалати қарор бўлган. Келажакда Ўзбекистонда қандайдир муаммолар бўлишини тасаввур қиляпман. Балки янглишаётгандирман, лекин руслашган аҳоли билан ҳозирда ўсиб келаётган Исломий тенденция ўртасида зиддиятлар юзага келса керак. Фалокат бўлади демаяпман, балки уни ҳал қилишар. Лекин, мен учун, шундай зиддиятнинг салоҳияти бордек туюлди.

Сафо: Хорижда яшаётган кўп ўзбеклар нега дунё Ўзбекистонга қизиқмайди, деб кўп сўрашади. Айниқса, Британияда қизиқиш йўқ. Нега у Ўзбекистон борасида қайғурмайди?

Жонсон: Британия Ўзбекистон ҳақида қайғуради деб ўйлайман, лекин Британиянинг қўлидан кўп нарса келмайди. У жуда узоқда жойлашган ва жуда узоқ вақт давомида Россия учун стратегик аҳамиятга эга жой бўлиб келди. Мен Шаҳрисабздаги Темурланг ёзги саройи устида турганимда, бир ғалати, ваҳимали вазиятга гувоҳ бўлдим. Атрофимда бир гала америкалик аскарлар юрганини кўриб қолдим! Улар Ўзбекистон жанубидаги ҳарбий базадан экан. Бемалол айланиб юришибди. Шунда, тарих қанчалар тез ўзгаришини ўйлаб қолдим. Менинг болалигимда, ёки ҳатто 10-15 йил аввал ҳам америкалик аскарлар ўзбек шаҳрида бундай эркин юришларини ҳатто тасаввур қилиб бўлмасди. Бу эски Совет Иттифоқининг нақ юраги ахир. Ўйлашимча, Ўзбекистон ҳақида Ғарбда кам гапирилишига сабаб шуки, у бизнинг иттифоқчимизми ёки йўқлигини ҳалиям англай олмаяпмиз. Чунки, билишимча, ўзбек базалари афғон уруши учун жуда фойдали бўлган.

Сафо: Британия ҳукумати Ўзбекистон учун яна нимадир қилиши керакми? Қила оладими? Сиз нима қилган бўлардингиз?

Жонсон: Мени яна ҳайратда қолдирган нарса, Ўзбекистон Британия билан нақадар мустаҳкам савдо алоқаларига эга экани бўлди. Самарқандда ўтказган қисқа давримда икки британни учратдим, бири овқатни қайта ишлаб чиқарувчи британ компаниясига ишлаяпти экан, ... иккинчисини эслолмаяпман. Улар янги бозорлар, янги бизнес иштиёқида эдилар. Шундай экан, Британия Ўзбекистонга жазо санкцияларини киритиши эҳтимоли жуда кам ҳозирда. Ўйлашимча, Каримовга кўпроқ дипломатик босим ўтказишимиз керак. Бир тарафдан, Андижонда (2005 йил 13 май воқелари - таҳр) ўзи нималар бўлганини билиш жуда-жуда қийин. Шахсан ўзим билмайман, у ердаги зўравонликка ким масъул эди, нотинчликни бошлаганлар ким эди? Шундай экан, айбдорларни аниқламай туриб, Британия ҳукумати учун бу вазиятга аралашиш жуда қийин. Мен Ўзбекистонда бўлиб ҳам буни тушунмадим.

Фото муаллифлик ҳуқуқи MATT DUNHAM/Getty Images
Image caption Бош вазир Тереза Мей томонидан Ташқи ишлар вазири этиб тайинланган Жонсон унга қарши танқидлар билан чиқиб истеъфо берган

Сафо: Ўзбекистон мамлакат сифатида қандай тассурот қолдирди сизда - кўпроқ мусулмон давлатми ёки дунёвий?

Жонсон: Мени ўта қадимий мақбара ва масжидлар музейларга айлантирилгани ҳайратда қолдирди. Уларнинг руҳи суғуриб олинган, ичидаги муқаддас барча нарса олиб чиқилган ва улар музейга айланган. Менга ҳозир кўпроқ одамлар масжидга чиқа бошлаганини айтишди, лекин бунга ўзим гувоҳ бўлмадим. Боя айтганимдек, у ҳудудда Исломий тенденция ўсиб боришини башорат қиламан. Авф этинг, мен сиёсий таҳлилчи эмас, қип-қизил турист сифатида фикр юритяпман. Шундай кайфиятни сездим, деяпман. Ислом албатта кучаяди, лекин у ерда жуда кучли дунёвий кайфият ҳам мавжуд. Жуда калта юбкали жуда-жуда кўп аёлларни кўрдим (кулади), жуда кўп одамлар маст бўлаётганини кўрдим. У мутлақо экстремал исломий жамият эмас. Руслаштириш обдон амалга оширилган. Маданиятнинг кўп қисмида русча жиҳатлар бор. Шунинг учун ҳам, энди нималар бўлишини кўриш жуда қизиқ бўлади. Бир ажойиб гид аёл билан гаплашдик, у атеист экан, болалигида қизил галстукни шараф билан таққан экан, комсомол бўлган экан. Бухорога борганимизда, коммунизм ўрнатилишидан олдин у ердаги турмада бўлган аҳвол акс этган кўргазма ўтказилаётганди. У расмларда Исломга бўйсунмаган одамларнинг қандай ваҳшиёна жазолангани акс этганди. Масалан, қамчи билан саваланган киши расмлари... Менга бу гид аёл ана шу муждани қўллаб-қувватлаётгандек кўринди, яъни Исломга қаттиқ бўйсуниш қимматга тушади, дегандек таассуротни қўллагандек. Бу кўргазма аслида коммунистик аксил-Исломий пропаганданинг сарқити эди.

Сафо: Сиз Ўзбекистондан қайтганингиздан кейин, мен Истанбулга сафар қилгандим. У ерда мени ҳайратлантиргани жуда кўп масжидлар манзарасида жуда кўп дунёвий кийинган аёллар борлиги бўлди. Бу ҳам қизиқ бир контраст. Яқинда сизнинг Лондондаги "Турклар" кўргазмаси ҳақидаги кўрсатувга бошловчилик қилганингизни кўрдим. Сиз унда турк эканингизни айтдингиз, шундайми?

Жонсон: Менинг бобокалоним турк бўлган, бу мутлақ ҳақиқат. Лекин, турклар ҳақида мутлақ билимга эга эканман дея олмайман (кулади). Мен Туркиянинг Европа Иттифоқига қўшилишини қаттиқ қўллайман... Лекин, менинг турклигим жуда заиф.

Сафо: Демак сизнинг бобонгизнинг дадаси турк бўлган, шундайми?

Жонсон: Ҳа, у турк сиёсатчиси бўлган.

Сафо: Ва у Мустафо Камол Отатуркка қарши бўлган, дегансиз.

Жонсон: Ҳа (кулади).

Сафо: Демак, унга Туркиянинг бугунги қиёфаси ёқмаган бўларди.

Жонсон: Йўқ, йўқ, бу унчалик аниқ эмас. Менимча, у инқилоб тарафдори бўлган, лекин айни дамда пессимист бўлган. У Туркия Греция билан урушда мағлуб бўлади деб ўйлаб, турклар британлар билан битим қилиши керак деган қарашда бўлган. Айтмоқчиманки, у янглишган. Ўйлашимча, у Туркиянинг ўз тақдирини ҳал қилиш, унинг ҳарбий қудратини тўғри баҳолай олмаган. Аминманки, у бугунги Туркияни кўриб жуда мамнун бўлган бўларди.

Бурқа можароси: 'Борис Жонсон партиядан ҳайдалсин!'

Борис Жонсон Саудийларни қоралади

Борис Жонсон Бош вазир бўлмоқчи эмас

Мирзиёев ўзбек-британ алоқаларида "янги даража" истайди

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek