Дунё ва ўзбеклар, Маржон Биби: Сабрим Худога, жабрим жабр қилганларга...

Дунё ва ўзбеклар, Маржон Биби: Сабрим Худога, жабрим жабр қилганларга... - Маржон Биби бева, хаста ва бир кунда уч ўғлини тупроққа топширган. Ҳозир ўн беш жондан иборат оиласини боқиш ёлғиз ўзининг елкасида қолган. Бор-йўғи 45 ёшда...

Тўрт танга пул топай, дейишса, ишлаш учун ҳеч бирларига иш йўқ, кунлари етти ёт бегоналарнинг хайр-эҳсонларига қараб қолган.

Қора қозонлари деярли қайнамайди, қуруқ нон чойга қаноат қилишдан ўзга чора ва танловлари йўқ.

Ижара пулини тўлолмай, доимо юраклари хавотир остида, қайга бош уриб борамиз, деган доимий ташвишда.

На-да қизлари ва на-да набиралари таълим ва таҳсилга имконли...

Деҳқон бўлган турмуш ўртоғи эса, ўтган йил комбайн остида қолиб, ҳаётдан кўз юмган.

"Буларнинг бугуни, келажаги нима бўлади, билмайман. Сабрим Худога, жабрим жабр қилганларга", - дейди Маржон Биби.

Ўзбекистон, Россия ва дунё: Ўзбекистон ҳукумати ўзбеклар ҳақида қайғуришни бошладими?

Дунё ва ўзбеклар: Гўшт нархи бир кунда $5 долларга чиқиб кетди

Ўзбеклар ва дунё: Давлат халқнинг додига етсин

Ўзбеклар, дунё ва тақдирлар: 10 минг одамга ёрдам берган ўзбек

Фото муаллифлик ҳуқуқи videograb

Маржон Бибилар ҳозир шу каби бечора ва аянчли аҳволда бўлган ўн минглаб оилалардан бири.

Асли Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош ва ўзбеклар зич яшовчи шимолий Фарёб вилоятининг Катта Қалъа туманидан.

Фарёб Афғонистоннинг сўнгги йилларда хавфсизлик билан боғлиқ вазияти жиддий издан чиқиб бўлган иккита шимолий вилоятидан биттаси бўлади.

Афғонистоннинг қанчалар беқарор экани боис, ҳатто мамлакат президенти қайта-қайта танқидлар остида қолган, ҳукумат ўз ҳайъатларини юборишга мажбур бўлган саноқли вилоятларидан биттаси саналади.

Устма-уст ўтказилаётган ҳарбий амалиётлар ҳам Фарёбдаги вазиятни ўнглай олмаган.

Ўн минглаб оилалар дарбадарликка юз тутишган, Фарёбнинг ўзи қолиб, жон илинжида қўшни вилоятларга ҳам йўл солишган, ҳаётлар вайрон бўлган, тижоратлар издан чиққан. Ишсиз ва ночорларнинг сони янада ортган.

Ишсизлик ва камбағаллик эса, шундоқ ҳам қўшни Афғонистон йилларки юз тутиб турган энг долзарб муаммолардан бўлиб келган.

"Қандай қилиб иккита мусулмон бир-бири билан жиққамушт бўлиши мумкин, ахир, улар мусулмон-ку", - дейди Маржон Биби урушлар, жанглар, тўқнашувлар сабабини тушуна олмай...

Дарбадарлик...

Фото муаллифлик ҳуқуқи videograb

Маржон Бибилар оиласи ҳам айнан кучайиб бораётган зўравонликлар ва толиблар таҳдиди боис, бундан уч йил бурун Фарёб маркази Майманага қочиб келишга мажбур бўлишади.

Аммо Маржон Биби эрининг ортидан, яқинда аскар бўлган ҳар уч ўғлини ҳам бой беради. Уларни бир кунда тупроққа қўяди.

"Ҳатто сўнгги бор болаларим билан видолашишга изн беришмади. Жигар-бағрим куйиб кул бўлиб ўтирибман", - дейди у киши.

Масъуллар бир марталик товон пули ва ун, гуруч, ёғ бўладими, онда-сондалик кўмаклар билан чекланишмоқда экан, холос.

Афғонистондаги мавжуд тартиб-қоидаларга мувофиқ, бу каби оилалар $1700 доллар миқдоридаги бир марталик товон пулидан кейин, ойига $700 доллар миқдоридаги молиявий кўмакка ҳақли.

Аммо, бир томондан, аҳоли саводхонлигининг пастлиги, бошқа тарафдан мамлакатда чуқур илдиз отган коррупция сабаб, бу каби жабрдийда ва эҳтиёжманд оилаларнинг аксарияти уни олишдан имконсиз бир аҳволда қолишмоқда, яшашмоқда.

Ҳар куни ҳокимлик биноси эшиги тагида сарғайган бечора аёлларнинг сони эса, ўнлаб...

Агар, бунга ўхшаш оилаларга жадаллик ва жиддийлик билан ёрдам кўрсатилмаса, инсоний бўҳрон юз бериши эҳтимоли катта, дейди ҳозир Фарёбда бўлган мустақил журналист Зоҳир Аниқ.

Минтақа ва хавфсизлик

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Афғонистоннинг азал-азалдан ўзбеклар ва туркманлар зич яшаб келган шимолий ва шимолий-шарқий минтақалари аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош. Бу минтақалар ҳар икки урушаётган томон учун стратегик жиҳатдан муҳим саналади.

Минтақа аҳолиси асосан қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик орқасидан кун кўриб келган. Тижорат ҳам анчайин тараққий топган ҳудудлар саналади.

Аммо айнан стратегик аҳамияти ва ички сиёсий низолар боис, бу ерларда сўнгги йилларда хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий издан чиққан.

Бу минтақалардаги хавфсизлик билан боғлиқ аҳвол Ўзбекистон илова Афғонистонга бевосита чегарадош Марказий Осиё давлатлари қолиб, Россия ва ҳатто қудратли Хитойнинг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб келади.

Афғонистон Ўзбекистондан кейин дунёнинг энг катта сондаги ўзбеклар яшовчи давлати бўлади.

Узоқ йиллик урушлар боис, мамлакат аҳолиси расман рўйхатга олинмаган.

Аммо, шунда ҳам, у ердаги ўзбекларнинг сони бир неча миллионларга нисбат берилади.

Президент Шавкат Мирзиёев ўзи қудратга келган ўтган уч йилча вақт давомида афғон можаросига тинч йўл билан ечим топишга қаратилган дипломатик саъй-ҳаракатларга зўр берган.

Афғонистонга устма-уст ҳукумат миқёсидаги ҳайъатларини юборган, президентнинг махсус вакилини тайин этган, халқаро тинчлик анжуманига мезбонлик қилган, Толибон ҳайъатини Тошкентга келтиришга ҳам муваффақ бўлган.

Аммо гоҳ Ўзбекистон, гоҳ Россия, гоҳ Хитой, гоҳ Покистон ва гоҳ АҚШ воситачилигидаги бу каби музокаралар ҳануз давом этмоқда, афғон можароси ҳам ҳалича тингани йўқ.

Афғонистон Сурияни ортда қолдириб, дунёнинг энг хавфли давлатига айланган, жаҳоннинг ҳам аёллар ва ҳам болалар учун хатарли саноқли мамлакатлар рўйхатига кирган.

Мустақил журналист Зоҳир Аниқ Маржон Бибилар оиласида бўлиб, уларнинг бугунги аҳволларини яқиндан ўрганган ва мана бу видеосуҳбатни тайёрлаб юборган.

Бир кўринг ва ўз фикр-мулоҳазаларингиз бўлса, уларни ёзиб қолдиришни ҳам унутманг.

Сизнингча, бу каби муаммонинг ечими борми? Нима қилмоқ керак? Мавжуд вазиятга халқаро ҳамжамият қанчалик жиддийлик ва жадалллик билан эътибор қаратмоғи керак, шарт? Ўзбекистон яна нима қилиши керак?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek