Нега Ўзбекистон нуқул Афғонистон, Сурия ёки Венесуэлага қиёсланади?

Ботир Хўжаев Фото муаллифлик ҳуқуқи .

Журналистлар билан мулоқот пайти Ўзбекистон Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаевдан тез ўсаётган инфляция туфайли мамлакатда деноминация режалаштирилаётгани ёки йўқлиги ҳақида сўрашди.

Миллий валюта қийматини кичрайтириш Марказий Банкнинг ваколатига киришини айтган Иқтисодиёт ва саноат вазири "ҳозирги инфляцияни тез ўсаётган деб атамаган бўлардим", деди саволга берган рус журналистига рус тилида жавоб қайтараркан.

Repost.uz веб-сайти мухбири "агар инфляция 10 фоиздан юқорини ташкил этса, тез ўсаётган(галопируюшая) деб аталади", дея эътироз билдирди.

"Лекин у(инфляция) анча юқори ва бошқариладиган. Мен ҳозир айтмаган бўлардим... 30-40 фоиз ҳам тез ўсаётган инфляция ҳисобланади. Венесуэла ва бошқалар ҳақида шундай деса бўлади. Албатта, бу инфляция валютанинг девальвацияси оқибатида ва девальвациядан кейинги даврга мослашиш оқибатида юзага келган. Барча тариф сиёсатини ва бошқаларни ана шу вазиятга мослаштириш лозим эди", деб айтган рус тилида Ботир Хўжаев.

Ўзбекистондаги аҳвол Венесуэлага қиёслангани тезда социал медиадаги муҳокама ва истеҳзолар мавзусига айланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи fayzbog'.uz

"Амалдор раҳбарларимиз нигоҳи билан..." дея харита эълон қилди Фейсбукдаги "Файзбоғ" гуруҳи.

Ижтимоий тармоқларда, нега ўзбекистонлик амалдорлар Ўзбекистонни Афғонистон, Ироқ, Сурия ёки Венесуэлага таққослашни яхши кўрадилар, деган саволлар пайдо бўлди.

4-5 йиллар аввал бир "донишманд" Африка билан таққослаган эди, деб ёзди Facebook фойдаланувчиси Muslim Mo'minov.

Ўзбекистонни қаерда ёмон бўлса шу ер билан таққослаш модага айландими амалдорлар учун, нимага яхшини айтиб шунга интилябмиз демайди?, деб сўраган Бобомурод Авезов.

Ээээ жаноб, Венесуэла билан инфляцияни солиштириш уятку. Белгиланётган жарималар энг ривожланган давлатлардаги каби. Евро стандарт. Инфляцияни таққослаш эса энг қолоқ давлатга. Ўта мантиқсиз, деб ёзган Халилов Норкувват.

"Қовунчи амалдорлар?"

Фото муаллифлик ҳуқуқи .

Давлат амалдорларининг социал медиада кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган баёнотлари Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги уюштирган матбуот анжуманларида янграмоқда.

Икки ой олдин Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров автомобиллар қора ойнаси ҳақидаги гаплари билан кўпчилик эътиборига тушган эди.

"Биз билмаймиз-ку, ойнасини рухсатнома олмасдан қорайтириб олган ҳайдовчи қаерда нима иш қилиб юрибди. Кўпчиликнинг мақсади бошқа бўлиши мумкин", - деб айтган Эрали Бозоров.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси қўмита раиси Элмира Боситхонованинг ҳам Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидаги мулоқотда "бозорчи хотинлар" ҳақида айтган сўзлари "умумий фикрдан узиб олингани" маълум бўлди.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломовнинг ҳам, депутат ёмон бўлса, халқ ва сайловчи айбдор, деб айтган сўзлари Интернет фойдаланувчиларининг шов-шув ва норозиликларига сабаб бўлди.

Журналистлар билан мулоқотдаги баёнотлари баҳсу мунозараларга сабаб бўлган расмийлар ҳақида Фейсбук фойдаланувчиси Бадиуззамон Набиев шундай фикр билдирди: "Доим нега давлат мутасаддилари журналист ёки оддий фуқаролар билан учрашув қилишмайди ёки учрашувдан қочишини сабабини билмасдим. Энди энди тушуняпманки ҳар бир брифинг, очиқ мулоқот ёки бошқа учрашувларда булар қовун туширишяпти. Сабаб нопрофессионаллик, ўз соҳасини чуқур билмаслик ёки умуман ораторлик санъатини етишмаслиги экан. Мен шу пайтгача барча ҳокиму, прокурор ёки бошқалар, ҳаммаси шундай қовун туширишганини билиб олдик. Оббо қовунчиларе".

Венесуэла гиперинфляцияси ё "ўзи асрасин"...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Венесуэладаги мухолифат ҳисоб-китоби бўйича 2018 йили инфляция 1 миллион 700 минг фоизни ташкил этган, Халқаро Валюта жамғармаси эса бу рақамни 1 миллион 370 минг фоиз деб эълон қилди.

Венесуэла иқтисодиёти 2000-йиллардан ўткир инқироз билан дуч келган. Аммо Уго Чавес мамлакатни бошқарган йиллари инфляция 40 фоиздан кўтарилмаган эди. Николас Мадуро ҳукмронлиги йилларида сиёсий инқироз бошланди.

2014 йили жаҳон бозорида нефть нархининг тушиб кетгани дунёдаги энг нефть ишлаб чиқарувчи мамлакатнинг аҳволини янада оғирлаштирди. Ялпи Ички маҳсулот ўсиши 2012 йили 5 фоизни ташкил этган бўлса, 2018 йили 15 фоиздан ҳам пастга қисқарди.

Миллий валюта - Боливар ҳаддан зиёд қадрсизланди. Қарийб 32 миллионлик аҳолининг 3 миллиондан ортиғи мамлакатни ташлаб чиқишга мажбур бўлди. Энг зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар тақчиллиги юзага келди.

2018 йилдаги президентлик сайлови Венесуэладаги сиёсий инқирозни кучайтирди. Мамлакат ва ташқарисида Николас Мадурони президент ҳисоблайдиганлар ва мухолифат раҳбари Хуан Гуайдони президент деб тан олганлар пайдо бўлди. Сиёсий инқироз иқтисодий вазиятни янада оғирлаштирди.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Бу мавзуда батафсилроқ