Ўзбекистон матбуоти: Яккабоғдан Сижжакгача...

Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz/bbcuzbek

Бундан бир неча кун аввал юз берган Яккабоғ воқеаси бугунги кунда ҳам Ўзбекистон маҳаллий матбуоти муҳокама қилаётган асосий мавзулардан бири бўлиб қолмоқда.

20 июль куни Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида ғазабга минган тадбиркор унга тегишли бинони зўравонларча бузиб ташлашга уринган ҳоким ўринбосарини ёқиб юборган эди.

Мазкур ҳолат акс этган видео тарқалиб кетгандан сўнг воқеа кенг жамоатчилик ва маҳаллий матбуот назарига тушган. Одамлар маҳаллий амалдорларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва адолатсизликлари ҳолатларини савол остига ола бошлаган.

Айримлар маҳаллий амалдорларнинг зўравонлигига юқори ҳокимият вакиллари бепарволик билан қараётганини танқид қилган.

Аммо, орада ҳеч қандай вақт ўтмай, президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган мажлисда ҳукуматнинг Яккабоғ воқеасига билвосита муносабати билдирилган. Президент Мирзиёев маҳаллий ҳокимликлар томонидан аҳолига зуғум ўтказилаётганини қоралаб, зарурат бўлмагунга қадар тадбиркорларга тегишли мол-мулкларни бузиб ташлашни тақиқлаб қўйган.

Шунингдек, мажлис ортидан маҳаллий ҳокимликлар фаолиятини баҳолашнинг янги усули жорий этилган. Эндиликда, янги тартибга кўра, маҳаллий ҳокимликлар ўз фаолиятининг 70 фоиз қисмини кичик тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга сарфлаши лозим.

Бундан ташқари президент Мирзиёев видеоселектор давомида Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиевга ўзининг биринчи муовини Хуррам Жўраевни ишдан олиб ташлашга кўрсатма берган.

Инфляция

Фото муаллифлик ҳуқуқи Social

Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаевнинг «Ўзбекистонда инфляция даражаси юқори эмас… тўғри юқори, лекин Венесуэлада биздан ҳам юқори,» деган фикрлари учун кўплаб ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва айрим нашрлар томонидан кулгига қолган эди.

Одамлар Ўзбекистон ва йиллардан буён кескин сиёсий бетартиблик ҳукм сураётган Венесуэладаги вазиятни бир-бирига қиёслаш ақлдан эмаслигини таъкидлаганлар.

Бироқ таниқли ёш сиёсатчи Беҳзод Ҳошимовнинг кеча ўз Telegram каналида ёзишича, вазир Хўжаевнинг қиёслови анчайин ўринли.

Нега Ўзбекистон нуқул Афғонистон, Сурия ёки Венесуэлага қиёсланади?

Ўзбекистон,Фарғона "спектакли": Меҳнат вазирига қарши оммавий қораловми ё матбуот эркинлиги?

Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz

"Ўзбекистон ва Венесуэла солиштируви ўринли. Чунки биздаги иқтисодий моделга энг яқин мамлакат - бу Венесуэла. Улар ҳам биз каби савдони чеклашади, барча катта компаниялар давлатга тегишли, нархлар давлат томонидан белгиланади, валюта айирбошлаш масалалари 2017 (биз эркин қилдик, улар йўқ) йилгача бир хил эди.

Хуллас, бизга иқтисодий сиёсат бўйича энг яқин мамлакат айнан Венесуэла ва вазирнинг солиштируви ўринли. Чунки жуда ўхшаш иқтисодий модель бўлишига қарамасдан бизда инфляция пастроқлиги ҳақиқатдан диққатга сазовор. Бошқа мамлакатлар билан бизни солиштирув ўринсиз, уларнинг иқтисодиётлари бизникидан бошқа жиҳатлари билан катта фарқ қилади," ёзади Ҳошимов.

Лекин:

«Мен ҳозирги Венесуэла эмас, сиёсий инқироздан олдинги Венесуэлани назарда тутдим, яъни уларда баланд инфляция анчадан бери бор масала эди. Ва биз уларга анчадан бери ўхшаймиз,» дея фикрини тўлдиради у.

Сижжакдаги қароргоҳ

Бугун чиққан хабарларга кўра, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган Сижжак қўрғонидаги Гулнора Каримовага тегишли бўлган ҳашаматли қароргоҳ Ўзбекистон Триатлон Федерацияси тасарруфига бепул фойдаланиш учун ўтказиб юборилган.

Ушбу хабарнинг ўзига хослиги шундаки, суднинг ҳукми орқали ичидаги жиҳозлари билан Гулнора Каримовадан тортиб олинган дабдабали дам олиш уйининг эгаси айланаётган Триатлон Федерацияга март ойидан бери президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаров бошчилик қилиб келади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek