Ўзбекистон ва Шавкат Мирзиёев: Сизни Аллоҳ асрасин ёки айтган гаплари амалида бўлиб юрсинлар...

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Ўзбекистон ва Мирзиёев: Сизни Аллоҳ асрасин ёки айтган гаплари амалида бўлиб юрсинлар... - Ўзбекистон президентининг таваллуд куни худди шу каби бир-бирига қарама-қарши мазмундаги тилак ва эътирофларга сабаб бўлмоқда. Ижтимоий мулоқот тармоқларини қизитмоқда. Бунақаси бўлмаган.

Шавкат Мирзиёев бугун, 24 июль куни 62 ёшни қаршилайди.

Ўзбекистон президентининг таваллуд куни санаси кеча, 23 июль куни маҳаллий вақт билан ярим тунга яқин ижтимоий мулоқот тармоқларининг диққат-эътиборига тушган.

Трендни Шавкат Мирзиёевнинг кичик қизи, Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлигининг Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева бошлаб берган.

У ўзининг расмий Instagram аккаунтида Шавкат Мирзиёевнинг суратини жойлаб, "Таваллуд айёмингиз муборак бўлсин, муҳтарам Президент!", - деб ёзиб қолдирган.

Худди шу сурат ва тилакни Шаҳноза Мирзиёева билан бир вақтда унинг турмуш ўртоғи, Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви, Президент хавфсизлик хизмати бошлиғи ўринбосари, Ўзбекистон Триатлон Федерацияси раиси Отабек Умаров ҳам бўлишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook/saidamirziyoyeva

Улардан саноқли соатлар ўтиб, Мирзиёевнинг тўнғич қизи, Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Шавкатовна ҳам ўзининг Instagram ва Facebook даги саҳифаларида худди шу постни жойлаган.

Худди шу постлар манзарасида Шавкат Мирзиёевнинг таваллуд куни айни шу агентлик директори, президентнинг собиқ матбуот котиби Комил Алламжоновнинг ҳам эътиборидан четда қолмаган.

Комил Алламжонов Мирзиёевнинг фарқли суратини ўзининг Facebook саҳифасига жойлаб, "Таваллуд кунингиз билан, менинг Президентим!", - деб ёзиб қолдирган.

Ўзбекистон, Тошкент: Шавкат Мирзиёев Каримов даври сиёсати иш бермаслигини англаб етдими?

Шавкат Мирзиёев: Халқ уйғонмоқда...

Ўзбекистон, Тошкент: Шавкат Мирзиёев минтақани бирлаштирмоқчи

Тошкент: Шавкат Мирзиёев Ўзбекистони очилишга тайёрми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Орада кечган вақт давомида уларнинг сафларига қўшилган ўзбекистонлик интернет фойдаланувчиларининг ҳам сонлари оз бўлмаган.

Ижтимоий мулоқот тармоқларида Ўзбекистон президентини туғилган куни билан табриклаганлар орасида журналистлар, фаоллар ҳам кўзга ташланишган.

Улардан айримлари айни сана баҳона ўз таҳлил ва баҳоларида, гўёки, президент Шавкат Мирзиёевнинг қарийб уч йиллик фаолиятини сарҳисоб қилишган.

Сарҳисоблари баҳона Ўзбекистондаги ўзгаришларни ўз шахсий тажрибалари, ҳис-кечинмалари билан ҳам ифодалашга ҳаракат қилишган.

Жумладан, ўзбекистонлик журналист ва ҳуқуқ фаоли Баҳодирхон Элибоев қарийб йигирма абзацга яқин пост ёзиб қолдирган.

«Туғилган кунингиз билан Жаноб Президент! Худо сизга узоқ умр, тани-сиҳатлик берсин! Кўп яшанг! Мана, орадан 1 йил ўтди ва сизни табриклаш яна насиб этди. Маддоҳлик қилмай, қўрқмай яшасаям бўларкан, қаранг, тирикман, Худога шукр! Бугунги қадаҳ сизнинг ва аҳли оилангизнинг соғлиғи учун кўтарилади», - деркан, конвертациядан бошлаб, ситилар, банклар, ДХХ, Исломий пуллару Исломий қоидалар, «порахўр» прокурорлар, бюджетни тўлдириш талқинида Мўноқда очилиши айтилган қиморхоналар қадар тўхталиб ўтган.

Жумладан, «Яна бир гап, Исломий пуллар яхши-ю, Исломий қоидалар яхши эмасми? Ислом Тараққиёт банки млрдлаб доллар берса, зўр, лекин ўзингизнинг ҳамюртингиз, миллатдошингиз ҳижоб ўрайман деса, ёқмас экан-да? Шундай бўлса-да, диний эътиқодига кўра қамалганларни озод қиляпсиз, раҳмат! Ҳали кўп улар. Чунки сиз Президент бўлгунингизча, уюштирилган айбловлар билан кириб кетгани қанча?! Уларни ҳам чиқарвориш керак. Лекин соққасини беролмаса, чиқиб кетолмаяпти-да, бечоралар. Амнистия ҳам бизнесга ўхшаган гап экан", деб ёзади Баҳодир Элибоев

Журналист яна, «Мактаб формаси ҳақида чиқарилган ғалати қарорни кечиктиришга эришгани ва ногиронлиги бор болалар учун мамлакатда 2 та боғча ташкил қилинишига бош-қош бўлгани» учун президентнинг ҳар икки қизига ҳам алоҳида раҳмат айтган.

«Жаноб Президент, сизни айримлар каби "менинг Президентим" деёлмайман. Бу менга "Mein Fuhrer!" каби эшитилади. Худони "Худойим" дейишим мумкин, лекин сизни Президентим деёлмаяпман. Сиз меники эмас, бутун мамлакатникисиз. Яширмайман, сизга овоз берганман. Аҳли оилам олдида мени ҳижолат қилиб қўймаслигингизга ишонаман. Қаттиқ гаплар бўлса, узр, чунки сиз бу мамлакатга жавобгарсиз. Мен эса шу мамлакатнинг бир парчасиман. Йилда бир бор мамлакатдаги воқеларни юзингизга айтишга журъат берган Аллоҳга ҳамд бўлсин!

Соғ бўлинг, Жаноб Президент! Туғилган кунингиз билан табриклаган риштонлик юртдошингиз Баҳодирхон Элибоев», - дея ўз постига якун ясаган.

Facebook да кўзга ташланган яна бир постда эса, "Эски даврлардан бери бизга мерос бўлиб келаётган Хотин-қизлар қўмиталари ўрнида Аёллар ҳуқуқини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳимоя этиш агентлиги ва жойларда уларнинг бўлимларини ташкил этиш".

Бу, шунингдек, таълим соҳасида ягона вазирлик ташкил қилиш, ҳокимларнинг депутатларга бош бўлиши амалиётидан воз кечиш, ахборот хизматлари тизимини тиклаш ва бошқа таклифларни 2016 йил 4 декабрдаги Президентлик сайлови арафасида Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонага юборган эканман. Ҳозир ўқиб кўрсам, уларнинг учдан икки қисми амалга ошиб бўпти. Балки қолганларига ҳам вақти-соати етиб навбат келар? Таваллуд кунингиз билан жаноб Президент!», - деб ёзилган.

Акс-садолар

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Президент яқинларининг расмий табрик постлари бўладими ва ёки оддий ўзбекистонликларники, уларнинг ўзи ҳам шу пайтга қадар яна ўнлаб коментларга сабаб бўлиб улгурган.

Аксарият коментларнинг мазмун-моҳияти одатий, анъанавий таваллуд куни тилакларидан фарқ қилмаган.

Кўпчилик президент Шавкат Мирзиёевга узоқ умр, соғлик-саломатлик, омад тилган.

Табриклар орасида инглиз тилида битилганлари ҳам кўрилган, айримларида президентни «севишлари», «жуда яхши кўришлари» ҳам айтилган.

Худди шу манзарада табриклар орасида газ бўладими, свет, сув ёки Ўзбекистонда сўнгги йилларда кузатилаётган, ижтимоий мулоқот тармоқларини «қизитаётган» «снос» каби муаммолар тилга олинганлари ҳам кўрилган.

«Эй, табрик ёзиб нима қиласан, президент барибир ўқимайди», қабилидаги коментлар ҳам кўзга ташланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи STRINGER

Таъкидлаш жоиз, ҳозирда марҳум Ислом Каримов бўладими ёки Шавкат Мирзиёев, бирор бир Ўзбекистон президентининг таваллуд куни атрофида, таъбир жоиз, бу қадар «кибер шов-шув» ва баҳолар изҳоридаги бу қадар ошкоралик, дадиллик кузатилмаган.

Бу эса, аллақачон айрим таҳлилчилар таҳлилида Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлар, очилишлар ва эркинликларнинг амалий нишонаси сифатида ҳам талқин этилиб бўлинган.

Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги эса, "Янгиланаётган Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев феномени", номли таҳлилий жамланма мақола билан чиққан.

Ундан Ўзбекистон халқ шоиридан тортиб, Ўзбекистон Фан арбоби, академик ва қатор жамғармалар раисларининг бу хусусдаги фикр-мулоҳазалари жой олган, ўзининг ифодасини топган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Дейлик, Ўзбекистонни чорак асрдан ортиқроқ бошқарган эса-да, президент Ислом Каримовнинг туғилган санаси мамлакатда ҳам, ижтимоий мулоқот тармоқларида ҳам деярли «сезилмаган».

Куни-кеча айрим Россия нашрлари «вафот этгани»ни хабар берган, аммо ўз дипломатик ваколатхоналари буни расман рад этган Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг телефон қўнғироғига оид расмий Тошкентнинг хабари президент Шавкат Мирзиёевнинг таваллуд кунида кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган яна бир воқеълик бўлган.

Аммо "вафоти"га оид хабар ва раддиялардан тўрт кун ўтса-да, туркман раҳбари ҳалича бирор бир ерда кўриниш бермаган.

Агар, расмий хабар тафсилотларига таянилса, Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон раҳбарини таваллуд куни билан самимий табриклаб, кўп миллатли Ўзбекистон халқига равнақ ва фаровонлик тилаган.

Шу соатларга қадар барча Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Ўзбекистон президентини таваллуд куни билан табриклаб бўлишган.

Президент Шавкат Мирзиёев таваллуд кунини назардан қочирмаган дунё давлатлари етакчилари орасида Россия ва Туркия президентлари ҳам кўзга ташланишган.

Ўзбекистан президентининг расмий Facebook аккаунти эса, таъбир жоиз, кунни «Ҳаёт симфонияси» билан бошлаган.

Минтақа давлатлари орасидан фақат Қозоғистон биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таваллуд куни байрам қилинишининг ўзгачалиги билан алоҳида ажралиб турган.

6 июль Қозоғистонда Остона (ҳозирда Нур-Султон - таҳр.) куни сифатида кенг нишонланган.

Бу куннинг мавзуси ҳар йил ҳукумат томонидан белгиланган ва тадбирларнинг асосий мазмуни президентни улуғлаш бўлган.

Мазкур сана доирасидаги тадбирлар одамлардан сир тутилмаган, ҳар йил кенг кенг ёритиб келинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek