Ўзбекистон ва талаба: Ойликлар ошмасин деймиз - контракт ошишидан жуда қийналяпмиз

Фото муаллифлик ҳуқуқи Antoine Gyori - Corbis/Getty Images
Image caption Талабалар

Би-би-сига мурожаат қилган Тошкентдаги Олий таълим муассасаларидан бирининг талабасига кўра, ўқиш учун тўланадиган контракт пулларининг ошаётган у ва бошқа кўп талабаларни қийин аҳволга солиб қўймоқда. У чорасизликда қолганини айтиб, ўқиётган жойидан ҳайдалмаслиги учун исми-шарифини бермаслигимизни илтимос қилди. Қуйида унинг мурожаатини тақдим қиламиз.

Талаба мурожаати

2018-йилда қабул комиссияси қарори билан талабаларнинг тўлов контракти ЭКИҲга (энг кам ойлик иш ҳақи) боғлаб қўйилди. Бу дегани ҳар ойликлар ошганда талабаларнинг тўлов контракти ҳам ошиб бораверади.

2019-йил 1-августдан ойликлар 10 фоизга ошди. Бу йил 9 122 850 сўм контракт тўладик. Энди августда ошадиган ойлик ҳисобига сентабрдан 10 035 000 сўм тўларканмиз.

Демак, бир йил ўтар-ўтмас сал кам 1 миллион сўмга ошяпти контрактимиз. Бу ҳали Ўзбекистондаги энг арзон контракт ҳисобланади.

Дипломатия университети, тиббиёт олийгоҳлари, юридик университет ва бошқа Олий таълим муассасаларида бундан ҳам қимматлашади.

ЭКИҲ номи ҳозирда МҲЭКМ (меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори) дея ўзгартирилди. Талабанинг тўлов-контрактини бу кўрсаткичга боғлаб қўйиш қанчалик асосли, қанчалик тўғри ва қанчалик адолатли?

Одамлар контрактни тўлолмагач, контракт тўлаш муддатлари ҳам узайтирилиб бериляпти. Халқ қийналяпти-ку! Ўзим қатори кўп талабалар қўшимча пул топиш учун ишлашга мажбур, ким эпласа репетиторлик қиляпти, эплолмаганларимиз кечалари ухламасдан ё ўқимасдан кафе ё ресторанларда ишлаяпмиз. Энг асосийси, оч қолмаслик. Ҳам ўқиб, ҳам ишлаётганлар жуда кўп. Дарсдан кейин иш. Контрактга ўқийдиган кўп талабаларнинг ўқишга эътибори, вақтиям йўқ. Пул топай ва контрактни тўлай, дейди, чунки барибир таълимнинг аҳволи аниқ. Ҳеч йўқ, диплом олиш керак.

Контракт нархини белгилашнинг ва ошиб боришининг бошқа ИНСОФЛИ тизими йўқми?! Олий таълимда билим ўрганиш сифати тўланаётган миллионларга мос бўлса ҳам майли экан! Репетиторга борсанг, бундан кам пул тўлайсан, лекин репетиторда билим ўрганасан. Ёшлар Иттифоқи деган паразит ташкилотга ўхшаб айни дарс пайтида турли тадбирларга мажбуран олиб чиқиб кетмайди. Шунча пул тўлаймиз-у, талабалик умримиз тадбирбозликда ўтади. Ўқитувчи ҳам миқ этмайди дарсдан бизни олиб чиқиб кетса.

Олий таълим муассасаларида контрактни ошишига қаршимиз! Тўлов-контракт нархини белгилаш тизимини ўзгартириш керак!

Бизга озгина эркин муҳит, озгина қулай шароит ва ҳар йили миллионларга қимматлашмайдиган контрактни беринг. Бизга шу етади! Кондиционер тагида ўтирволиб нарх белгилаш, аҳмоқ қарорлар чиқариш осон. Лекин халқниям ўйланглар! Одамлар қийналаётганини ҳам ҳисобга олинглар! Авваллари одамлар ойлик қачон ошаркан, деб кутарди. Энди ишқилиб ойлик ошмай турсин, боламни контрактини тўлаб олай, дейишади.

Ўзбекистон: Бир ҳўкиз пулига контрактни тўлай оласизми?

Ота-оналар маоши контракт пулини тўлашга етадими?

Билими пастлар 62 минг доллар тўлаб ўқиши мумкин

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek