Ўзбекистон, Яккабоғ ҳодисаси: “Ҳокимлар, оддий одамларни бурчакка тиқаверманг!”

Чапда Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосари Мансур Тўймаев Фото муаллифлик ҳуқуқи Minbar.uz

Ўзбекистон Бош Прокуратураси қашқадарёлик тадбиркор Баҳриддин Исомовга нисбатан "жиноят содир этишга суиқасд қилиш" ва "қасддан одам ўлдиришга уриниш" бандлари бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган.

Айни пайтда тергов ҳаракатлари бораётгани айтилади.

Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар ортидан Би-би-си Ўзбек хизмати ўзбекистонлик фахрий журналист Шароф Убайдуллаев билан суҳбатлашди.

"Агар бу воқеа контекстдан юлиб кўрсатилса бу - жиноят, ваҳшийлик бўлиб кўрилади. Аммо воқеани ичига кирилса, бошқа вазият. Фақат бир кишимас, бу ерда шундай ҳокимлар тўдаси пайдо бўлганки, уни орқасида ҳоким, ортида янаям каттароқ ҳоким турибди. Президент халқни ўйлаб ҳаракат қилаяпти, гапираяпти. Бу ҳокимларнинг қулоғида пахта бор ёки тарбияси такомил эмас".

Журналист бундай вазиятда жиноятга сабаб бўладиган ҳаракатларни қўлламаслигини таъкидлади.

"Мен ёқиб юборишни оқламайман, аммо бу каби воқеалар уларнинг(ҳокимлар - таҳр) кўзини очиш керак, ибрат бўлиш керак. Хусусий мулкни суд қарорисиз бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ерини тортиб олиш, мажбурий меҳнат, буларнинг ҳаммаси халққа зулм. Халқнинг тақдирини милиция ва прокурорларга топширган раҳбар ожиз, унинг ортига туриб оддий меҳнаткашнинг мулкини бузиш зулмдир".

Журналист ўз сўзида ҳокимларни ўз вазифаларини суистеъмол қилмасликка чақирди.

"Қозоқларда бир гап бор, "қўрқоқни қуваверсанг охири ботир бўлади". Ҳокимлар, оддий одамларни бурчакка тиқаверманг!", дейди Шароф Убайдуллаев.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментининг катта қисми Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосарини ёқиб юбормоқчи бўлган тадбиркорни ёқлаб ёзишмоқда.

"Мен "самосуд"га, зўравонликка мутлақо қаршиман. Аммо 2019 йил 20 июл куни Яккабоғ тумани ҳокими ўринбосарига ўт қўйган тадбиркор Баҳриддин Исомовни қоралай олмаяпман. Чунки ҳоким ўринбосари Мансур Тўймаевнинг ўзи ҳам қонунни бузган, аввалдан огоҳлантирмасдан тадбиркорнинг мулкини бузмоқчи бўлган. Тадбиркор эса жон аччиғида сўнгги чорага қўл урган. Энди фақат бир томонни - одатдагидек оддий фуқарони айбдор қилавермай, уни жиноятга ундаган ҳокимият вакилларининг ишини ҳам кўриб чиқиш керак. Юқори ҳокимият қуйи ҳокимиятнинг эмас, қонун устуворлиги ва адолатнинг ҳимоячиси бўлиши лозим", деб ёзади блогер Musannif Adham Фейсбукдаги саҳифасида.

Блогерга кўра, "Адолат таъминланмас экан, "ёнадиган" ўринбосарлар ҳам, қамаладиган тадбиркорлар ҳам ҳали кўп бўлади. Фақат бундан кимга фойда, давлатгами, халққами? Ҳеч ким билмайди. "Обод қишлоқ", "обод маҳалла", "фалон City"лар шу мамлакат фуқароларининг манфаатига хизмат қилиши керак эмасми? Ундай бўлса, моҳияти бузишдан иборат бўлган бундай "ободонлаштириш"лар кимга керак?"

Алишер Мақсудов исмли фойдаланувчи "Халқ фикри" гуруҳида юзерларга мурожаат қилиб, мансабдорга ҳам жавобгарлик берилганлигини савол остига олади:

"Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани ҳоким ўринбосари Мансур Тўймаев ишдан олиндими? аниқ фактлар борми... ёки Қонун устуворлиги фақат бечора халқ, тадбиркорлар учунми?"

Image caption Би-би-сининг Яккабоғ туман ҳокимлигига бесамар қўнғироқлари

Блогер Муҳрим Аъзамхўжаев Телеграмдаги каналида муаммонинг қанчалик илдиз отганига эътибор қаратади:

"Яккабоғдаги воқеада ҳамма ҳоким ўринбосарини ёмонлаяпти. Дарҳақиқат, ҳеч оқлаб бўлмайди. "Лекин уни ҳам тушуниши керак", деяпти бир муштарий (вазиятга бошқа нуқтадан назар солишга куч топа оладиган одамлар борлиги бир ажойиб). Айни вақтда, тадбиркор ҳам чорасиз эди, деяпти шу муштарийнинг ўзи. Ҳақиқатан ҳам, жуда чигал вазият:

"Муаммо аслида ўша ҳоким ўринбосарида эмас. Муаммо суд тизими ишламаслигида эмасми? Депутатларнинг 'тирик мурда'лигида эмасми? Тўғриси, ўша ҳоким ўринбосарига раҳмим келди, ростдан. У ўз бошлиқларига: 'Магазинчи Ғайбулла магазинини буздирмаяпти' ёки 'Магазин ёки бошқа шахсий мулкни шундоқ бориб бузиб ташлаш ёмон, нотўғри, қонунга зид', деб айтолмайди. У ҳам буюрилган ишни қилади — маҳаллани обод қил дейилганми, шуни қилади. Ҳа, у қаттиққўл, калтафаҳм бўлиши мумкин, шундай экан, нега унда жамоатчилик (депутатлар тимсолида) бунга эътибор бермаган?"

Тадбиркор бошқа йўл тутиши, ноқонуний бузилиш борасида мутасаддиларга шикоят қилиши мумкинмиди? Блогер шу вазиятнинг эҳтимолий натижаларини тахмин қилади:

".... Чорасиз у. Чунки билади, апрель ойидаёқ ҳокимликка бориб: «Биродарлар, магазинимга кредит олганман, сизлар бузмоқчисизлар, қолдирайлик шу ишни», деганида ҳам ҳеч нарса ўзгармасди. Суд ёки депутатларга борганида ҳам ҳеч нарса ўзгармасди. Охири нима қилди? Шундай олиб, ёқиб юборди. Энди у қамоқда чирийди, магазини эса барибир бузилади (ҳозир бўлмаса, кейинроқ)".

23 июль куни Би-би-си Ўзбек хизмати ҳолатни ўрганиш мақсадида, аввало, Яккабоғ тумани ҳокимлиги билан боғланди.

Гўшакни кўтариб, ўзини Кенжа исмли ходим эканини билдирган масъул воқеа жойида бўлганларгина унинг тафсилотларини бера олиши мумкинлигини иддао қилди.

"Ҳокимият бу иш юзасидан изоҳ бера олмайдими?" деган саволга у масъул шахсларни излаб топишга ҳаракат қилишини айтди, аммо қайтиб гўшакни кўтармади.

Бу йўлда Би-би-си мухбири кўпроқ ва аниқроқ ахборот олиш учун қилган ҳаракатлари натижасиз тугади.

Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси эса уларда иш бўйича бирор маълумот йўқлигини даъво қилиб, вилоят прокуратурасига мурожаат қилишни тавсия этди.

Бу воқеанинг ижтимоий тармоқлардаги аксланиши ўлароқ Ўзбекистон Президенти 23 июлда кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказгани хабар қилинди.

"Барча ҳокимларни қатъий огоҳлантираман - асосли зарурат бўлмаган ҳолда тадбиркорларга тегишли мол-мулкни бузишга умуман йўл қўйилмаслиги зарур ва шарт", деди Шавкат Мирзиёев.

Яккабоғда бўлиб вазиятни яқиндан ўрганган "Кун.уз" веб-сайти айни пайтда ҳоким ўринбосарининг шифохонада даволанаётгани ва тадбиркорнинг яқинларига туман Ички ишлар бўлими томонидан босимлар бўлаётгани тўғрисида хабар қилди.

"... Олов ёқишда иштирок этмаган ўғли М.Даминовни ҳам ИИБда 50 соатдан ортиқ вақт мобайнида ушлаб турилган. Унинг боши ва елкасидаги жароҳатларни кўрмасликнинг иложи йўқ эди. М.Даминовнинг таъкидлашича, бу жароҳатларга ИИБ ходимлари сабаб бўлган", деб ёзади kun.uz

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ