Ўзбекистон ва дунё: Нима учун Тошкент эмас, Лондон кўчасида тирик қолишга шанс катта?

Лондон Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek

Аҳолиси 9 миллионга яқин Лондонда бир йилда 65 нафар киши, 2 ярим миллион атрофидаги аҳолиси бор Тошкент кўчаларида эса 3 ойда 57 киши қурбон бўлган.

Лондон кўчаларида ўлим ҳолларининг бўлмаслигига қандай эришмоқда?

Би-би-си Ўзбек хизмати мухбири Соҳиба Ҳаёт Лондондаги ижодий сафари давомида мегаполисда транспортлар ҳаракатига эътибор қаратди. Йўл транспорт ҳодисалари билан боғлиқ кўрсаткичларини ўрганди. Ўзбекистондаги ҳолат билан таққослади.

Одамларга мўлжалланган шаҳар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Аробалар

Тошкент ёки Москвадан кўра, Лондоннинг гавжум кўчаларида ҳам пиёда сифатида ўзимни ҳавфсиз ҳис қилдим. Шаҳар кўчаларида катта тезликдаги машиналарни деярли кўрмадим.

Одам гавжум кўчаларда автомашиналарнинг тезлиги соатига 20 миля, яъни 30 кмда бошқарилади. Бу йўлчироқсиз ўтиш йўлларида ҳам ҳайдовчи ва пиёда бир бирини узоқдан кўриш имконини беради. Ҳайдовчи ва пиёда орасида бир-бирларига нисбатан хурмат сезилади.

Пиёдалар ўтиш йўлакларидан шошилмай ўтдим, йўлчироқнинг яшил белгисида йўлнинг у томонига хотиржам юрганда ҳам ўтишга бемалол улгуриш мумкин. Бир ҳамкасбим айтганидек, «бу ерда машиналар уриб кетмайди, туртиши мумкин»

Ҳар ҳолда тирик қолишга шанс катта.

Автомобиллар кетма-кетлиги тўхтамаганда эса йўловчиларда махсус ускунадаги тугмани босиб яшил чироқни чақириш имкони бор.

Йўл-транспорт ҳодисалари учун энг эҳтимолли бўлган пойтахт кўчаларини кездим. Бу ерда кўчалар, йўллар катта эмас, одамлар ва велосипедчилар қатнови ҳисобга олинган. Бунинг устига йўллардаги белгилар ва ёзувлар аниқ ва тиниқ қилиб кўрсатилган.

Каттароқ йўллардан ўтаётганда мабодо улгурмай қолсангиз, кенггина ҳавфсизлик оролчаларида беҳавотир туриш мумкин.

Ногиронларга қулайликлар

Лондонда йўл ҳаракати қоидалари Ўзбекистондагидан мутлақо фарқ қилади. Машиналарнинг руллари ўнг томонда жойлашган. Шундай экан, табиийки, сиз йўлдан ўтаётганда чап томонга қарашингиз керак.

Жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлар учун йўлдаги шароитларни алоҳида таъкидлаш жоиз.

Йўллар четида ғадир-будир плиталар ётқизилган. Бу плиталар кўзи ожиз йўловчиларга қатнов йўли чеккасига келиб қолганлигини билдиради.

Йўлчироқнинг яшил ранги ёнса пиёдалар йўлининг вақти тугагунича узлуксиз сигнал бериб туради.

Йўллар ногиронлик аравачаларига мосланган, қия тушиш ёки кўтарилиш йўлаклари бор.

Бундай имкониятларни фақат йўлларда эмас, барча жойларда кўриш мумкин.

Қурбонлар бўлмаслиги керак бўлган дастур

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption 33 млн аҳолиси бўлган Ўзбекистонда эса 2018 йилнинг ўзида йўл-транспорт ҳодисаларида қурбон бўлганларнинг ўзи 2262 нафарни ташкил этади.

Буюк Британия Европадаги энг ҳавфсиз йўлларга эга мамлакатлардан бири ҳисобланади. 66 миллион аҳолига эга бу давлатда масалан, ўтган йили 1770 та йўл транспорт ҳодисаси қайд этилган.

Бу рақам Ўзбекистондаги ҳолат билан таққосланса, катта фарқни кўриш мумкин.

33 млн аҳолиси бўлган Ўзбекистонда эса 2018 йилнинг ўзида йўл-транспорт ҳодисаларида қурбон бўлганларнинг ўзи 2262 нафарни ташкил этади.

Британияда йўл-транспорт ходисалари йилдан йилга камайиб бораяпти, табиийки ундан жабрланувчилар сони ҳам. Бу давлатда сўнгги 10 йилда авариялар ва ундан жабрланганлар сони 31 фоизга камайган.

Бу кўрсатгич ижобий бўлса-да, мэрия ва полиция бунга рози эмас. Улар Лондонда авариялар ва қурбонлар сонини нолга тенглаштириш режасини ишлаб чиққанлар. «Vision Zero» деб номланган бу тадбирлар дастурига 2041 йилгача эришиш ҳаракатидалар.

Ўзбекистон: ҳайдовчилик гувоҳномаси имтиҳонини янада қаттиқлаштириш лозим

Тошкентда "пойгачилар" сабаб йўл ҳаракати ҳодисаси содир бўлган

Ўзбекистон янгиликлари: "Навбаҳор" фанатлари ҳалок бўлди, Тошкентда рўмол маҳкамаси

Тошкент ИИББ ксенон фараларга қарши курашни фаоллаштирди

Ўзбекистон: ҳар ойнинг учинчи жумаси "автомобилсиз кун" бўлади

Ўзбекистон ИИВ статистикаси ҳам мамлакатда йўл-транспорт ҳодисалари камаяётганини кўрсатади. Ўтган йили аварияларда қурбон бўлганлар кўрсатгичи 2017 йилга кўра 8 фоизга камайган. Аниқроғи, 2473 дан 2262 га тушган.

"2018-2022 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасидаги йўл ҳаракати ҳавфсизлигини таъминлаш Концепцияси" бўлиб, моҳияти йўл-ҳаракати қоидалари амалига асосланган.

Президент юқори кўрсаткичли ўлимни фожеа деб атаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK
Image caption Қўрқинчли Тошкент: 2 ярим миллион атрофидаги аҳолили Тошкентда эса 3 ойда 57 киши қурбон бўлган.

Йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида одамларнинг қурбон бўлмасликларига эришиш мумкинми? Мумкин экан. Масалан, Мальта пойтахтида 2011 йилда авария оқибатида бирор киши ҳам вафот этмагани қайд этилган.

Англия пойтахтида-чи, йўл-транспорт ҳодисаларини умуман бўлмаслигига эриша оладими?

Ўтган йили аҳолиси 9 миллионга яқин бўлган Лондонда ўтган йили 65 нафар киши авария оқибатида оламдан ўтган.

2 ярим миллион атрофидаги аҳолили Тошкентда эса 3 ойда 57 киши қурбон бўлган.

ИИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистонда эса 2018 йилда 2262 киши авария оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

«Ҳар куни қарийб 6 киши йўл-транспорт ҳодисасида вафот этмоқда», - қайд этади ИИВ матбуот хизмати.

Бу масалага мамлакат президенти ҳам жиддий эътибор қаратган. Шавкат Мирзиёев 2018 йил «Конституция куни»даги нутқида Ўзбекистон йўлларида ўлим даражасининг юқори эканини «фожиа ва катта йўқотиш» деб атаган ва Канаданинг Калгари шаҳрида йўллардаги ўлимга қарши самарали кураш олиб борилаётганини мисол қилиб келтириб ўтган эди.

Бутунжаҳон соғликни сақлаш ташкилоти йиллик ҳисоботида дунёда ҳар йили 1,2 миллион инсон йўл-транспорт ҳодисалари натижасида оламдан ўтишини келтирган.

Дарвоқе, Лондонда полиция ва йўл патрул хизмати ходимларини кўча-куйда жуда кам учратасиз. 1 ой давомида полиция ходимларини бор-йўғи 2 кунда бир неча марта кўрдим. Бири намойиш, иккинчиси Ёз мавсуми байрами куни эди. Шунда ҳам Москва ёки Тошкентдагидек кўплаб эмас, жуда саноқли патруллар эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ