Ўзбекистон: Бош вазир Абдулла Арипов Хоразмда уйи бузилган аҳоли билан учрашди

Хоразм вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов аҳоли билан уқрашиб муаммоларни ҳал қилишга ваъда берган Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Хоразм вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов аҳоли билан уқрашиб муаммоларни ҳал қилишга ваъда берган

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Хоразмда 26 июль куни норозилик ўтказган одамлар билан учрашди. Арипов ғазабнок одамлар томонидан бузиб ташланган чодирлар олдида 15 дақиқача мулоқот қилган.

"Арипов огоҳлантирмасдан, қўққисдан келиб қолди. 10-15 дақиқача одамлар билан гаплашиб муаммоларингизни ҳал қиламиз, деб кетди. Уйларимизни баҳолашда уни бузиш учун техника берамиз, деб 10 фоиз компенсация пулини уриб қолишган эди. Ўшани ҳам берамиз, деди. Одамлар унинг гапларини маъқуллаб турди. Гапларига ишондик", дейди Би-би-си гаплашган хоразмлик.

Шундан сўнг Абдулла Арипов бир кун олдин норозилик бўлган жойни тарк этган.

Урганч шаҳар ҳокими Шуҳрат Абдуллаев Би-би-сига Бош вазир Абдулла Арипов вилоят ҳокимиятида йиғилиш ўтказаётганини тасдиқлади.

Арипов Президент Шавкат Мирзиёевнинг Урганч шаҳри Ашхобод кўчасида истиқомат қилган аҳоли ва шаҳар ҳокимлиги ўртасида келиб чиққан тушунмовчиликни жойига чиқиб ўрганиш, таҳлил қилиш ва ижобий ҳал этиш бўйича берган топшириғи асосида келгани айтилмоқда.

Бош вазир келганидан сўнг Урганчда уйи бузилган аҳолига компенсация пуллари берила бошланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Бош вазир ўзи билан пул олиб келганини айтган

Бош вазир билан учрашган хоразмликнинг Би-би-сига айтишича, Арипов "Тошкентдан пул билан келдим" деган.

"Мана шу уйнинг ичида рўйхат билан пул тарқатишяпти. Пулни Газель билан олиб келишяпти. Тугаб қолиши билан бошқа Газель келяпти. Уйи бузилганларга шартнома кўрсатилган компенсация пулларининг 50 фоизини нақд санаб беришди. Давлатимиздан миннатдормиз", дейди у.

Адлия вазири: "Одамларнинг уйини бузиб, кўчага чиқариб қўйиб компенсация тўламаслик - вахшийлик"

Хоразмда уйи бузилиб, чайлаларда яшаётган одамлар намойиш қилиши ортидан Адлия вазир бузилишларга кескин муносабат билдирди. Вазир Русланбек Давлетов одамларнинг уйи бузилиб, кўчага чиқариб қўйиб компенсация тўланмасликни ваҳшийлиика тенглаштирди. 26 июль куни юзлаб ғазабнок одамлар ҳокимият томонидан тикланган чодирларни йиқитган ва маълум вақт Урганч - Хонқа йўлини ёпиб қўйган.

Телеграмдаги Davletovuz каналининг Адлия вазирлигига таяниб ёзишича, вазирликда навбатдаги кенгайтирилган ҳайъат мажлисида бўлиб ўтмоқда.

Мажлисда Адлия вазири Русланбек Давлетов уй-жойлар бузилишларига эътиборни қаратган.

"Бу нима деган гап? Одамларни уйини бузиб, кўчага чиқариб қўйиб компенсация тўланмаслик, ахир бу вахшийликку. Бу ҳеч қандай қонунчиликка тўғри келмайди, бу ҳеч бир одамийлик тамойилига ҳам тўғри келмайди, бу Ўзбекистон тан олган халқаро ҳужжатларга ҳам тўғри келмайди", деган Русланбек Давлетов.

Вазир барча ҳаракатлар қонун асосида бўлиши кераклини таъкидлаган.

"Кейин яна битта жиҳатни эътиборга олинглар, гап фақат моддий бойлик бўлмиш иморатда эмас, уй-жой билан инсонларнинг шу уй билан боғлиқ хотиралари ҳам ўчирилади. Туғилиб ўсган жой, ёшликда ўйнаб кулиб юрган ҳовли, болаликдаги хотиралар, керак бўлса ҳар бир хонадоннинг ҳиди инсон учун қадрли, кўп уйлар авлоддан авлодга ўтиб келяпти, бу юксак шахсий номоддий бойлик ва инсон ҳаётидаги ажралмас хотиралардир". деган у.

Адлия вазири Русланбек Давлетов барча ҳокимлардан фуқароларни уй-жой билан боғлиқ қонуний ҳуқуқларини поймол этишларга чек қўйишларини талаб қилган.

"Бутун адлия тизими раҳбарлари, мутасаддилари ва ходимларини ўз ваколатларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда, уй-жойлар бузилиши жараёнида Ўзбекистон қонунларига амал қилиш юзасидан чоралар кўришларига чақираман", деган у.

Хоразмда нималар бўлди?

Уйи бузилган хоразмликнинг Би-би-сига маълум қилишича, маҳаллий ҳокимият уларнинг Урганч шаҳри марказидаги маҳалласини бузиб, 400 дан ортиқ хонадонни чайлаларда қолдирган.

Ҳокимият бир ярим ойдан бери ваъда қилган компенсация пулларини тўламаган.

"26 июль куни ваъда қилинган пуллардан одамларга 5-8 миллион сўмдан бера бошлашди. Шартномада 50 фоиз берамиз, деб кўрсатилган. Шунда одамлар бизларни алдаяпсизларми, деб бунт кўтарилиб кетди. 800 га яқин одам ҳокимият томонидан қуриб қўйилган палаткаларни буза бошлади. Тиббиёт пунктидан бошқа барча палаткаларни бузиб ташлашди. Унинг ичида участковой ўтирадиган палатка ҳам бор эди", дейди у.

Чодирларни бузиш қўққисдан бошланиб кетган ва ярим соатнинг ичида бузиб бўлинган.

Чодирлар ҳокимият томонидан уйи бузилган одамларга яшаш учун қурилган бўлган. Бироқ одамлар чодирларда эмас, балки ўзларига берилган участкаларнинг бошида чайла қуриб яшаётган бўлган.

Чодирлар бузилган жойни милиция ходимлари ўраб олган.

"Қолган одамлар палаткалар бузилган жойдаги одамларга ёрдамга ўта олмади. УВД (ИИБ) бошлиғи келиб милицияларни четга чиқишни буюрди. Кейин милициялар четга чекинди. Одамлар бирлашиб Урганч-Хонқа йўлини тўсиб қўйди", дейди гувоҳ.

Йўл тўсилгач, ундан ўтишга ҳаракат қилган Матиз русумли машинанинг ойналарини синдирилган.

Шундан сўнг ички ишлар ходимлари йўл тўсилган жойнинг икки томонидан икки чақирим узоқликда машиналарни тўхтатишган ва уларни бошқа жойга йўналтириб турган.

Би-би-си манбасининг айтишича, воқеа жойига вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов етиб келган.

"Урганч ҳокими қочиб кетган эди. Вилоят ҳокими келиб, ваъдалар бериб тарқатишга уринди. Аммо одамлар тарқалмади. Кейин ўша ердаги оқсоқоллар, ўртага тушиб одамларни тарқатди", дейди у.

Би-би-си манбасининг айтишича, 10 сотих ерга эга бўлган одамларга 2 сотихдан ер берилган.

Кечаги намойишдан сўнг, одамлар энди ер майдонини ҳам кўпроқ беришни талаб қилмоқда.

"Ҳокимиятдан ҳеч ким шу вақтгача бизни сўраб келмаганди. Одамлар ер остидан сув чиқариш учун электр симларини ҳам ўзлари тортиб келди. Ток йўқ чайлаларда яшашга мажбур бўляпти. Иссиқда айниқса эмизикли болалар билан оналари қийналяпти, касаллик кўпайган. Совуқ кунлар яқинлашган сари қурилиш материаллари қимматлаб боряпти", дейди уйи бузилган хоразмлик.

Хоразм вилоят ҳокимлиги тарқатган хабарда вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов ҳар бир хонадон эгаси билан учрашиб, амалий чора кўраётганини ёзди.

"Ҳозирда вилоят ҳокими ҳар бир хонадон эгаси билан шахсан ўзи учрашиб уларнинг талаб ва истакларини эшитиб шу юзадан амалий чора кўрмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахслар ва хомиладор аёлларга қўшимча шароит ҳамда ер ажратиб бермоқда. Бундан ташқари аҳолига текинга қум етказиб берилмоқда ва қурилиш молларини бозор нархидан хам 10 фоиз чегирма билан етказиб беришни шахсан ўз назоратига олди", - дейилади хабарда.

Би-би-си гаплашган уйи бузилганларнинг айтишича, мусибат Ашхобод маҳалласи одамларини бирлаштирган.

"Бундай ҳолат олдин маҳаллада сезилмаганди. Астағфируллоҳ, мусибат одамларни бирлаштирарканми, ҳамманинг фикри бир жойдан чиқди", - дейди Ашхобод маҳалласида уйи бузилган фуқаро.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek