Ўзбекистон, Яккабоғ: Ёқиб юборилган ҳоким ўринбосарига нисбатан жиноий иш очилди

ҳоким Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz/bbc

Дўконини ҳимоя қилган тадбиркор томонидан бензин сепиб ёқиб юборилган Яккабоғ тумани ҳоким ўринбосарига жиноий иш очилди. Туман ҳокими ва прокурори ишлаб турган лавозимидан озод қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида рўй берган ҳолат юзасидан расмий маълумот билан чиқди.

"Яккабоғ тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаев тадбиркор Баҳриддин Исомовга тегишли икки қаватли савдо ва маиший хизмат уйини ноқонуний равишда бузишга бўлган хатти-ҳаракати ўрнатилган тартибда ўрганиб чиқилди", дейилади Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги сайтида чоп қилинган хабарда.

Ўрганиш хулосаларига кўра, туман ҳокими Донаев Шоҳмурод Холбоевич ҳамда прокурори Жамшид Халилов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Тадбиркорнинг дўконини ўзи булдозер рулига ўтириб бузишга ҳаракат қилган ва натижада тадбиркор Исомов томонидан устига бензин қуйилиб ёқиб юборилган ҳоким ўринбосари Мансур Тўймаевга нисбатан жиноий иш очилди.

"Туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаев Хуррамович ўз ваколатига кирмайдиган хатти-ҳаракатларни амалга оширгани сабабли унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли бандлари асосида жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда", дейилади хабарда.

Хабарда тадбиркор Баҳриддин Исомовнинг тақдирига ойдинлик киритилмаган.

Олдинроқ Яккабоғ туман прокуратураси томонидан Исомовга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани ҳамда тегишли процессуал тартибда ушланган хабар берилган эди.

Дарё.уз сайти тадбиркорнинг ўғли Шарофиддин Даминовга таяниб туман ҳокими ўринбосари Мансур Тўймаевга бензин сепиб ёқиб юборган Баҳриддин Исомовнинг дўкони бузилмайдиган бўлганини ёзди.

Етказилган моддий эса зарар суд орқали ундирилади.

20 июлда содир бўлган ушбу воқеа тасвири туширилган видео тарқалгандан сўнг у маҳаллий матбуот эътиборига тушган ва масъул ташкилотлар у юзасидан ўз муносабатини билдирганди.

Видеотасвирда тадбиркор экскаватор рулида ўтирган ҳоким ўринбосари Мансур Тўймаев томон елим идишда бензин сепиб юборгани ва амалдорнинг бир муддат олов ичида қолиб, кабинадан пастга сакраганини кўриш мумкин.

Маълумотларга кўра, тадбиркор бинони кредит эвазига қурган бўлиб, туман ҳокимлиги бинонинг бузилиши борасида бирор огоҳлантириш ва ҳеч қандай товон пули бермаган ҳолда уни бузиб ташлашга уринган.

Кўп ўтмай Президент Мирзиёев ҳокимларни тадбиркорларга тегишли мол-мулкни бузишга йўл қўймаслик ҳақида қатъий огоҳлантирди.

"Барча ҳокимларни қатъий огоҳлантираман - асосли зарурат бўлмаган ҳолда тадбиркорларга тегишли мол-мулкни бузишга умуман йўл қўйилмаслиги зарур ва шарт", деди Шавкат Мирзиёев.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbekBBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.