Ўзбекистон: ДХХ раиси Яккабоғда, аммо амалдорга ўт қўйган тадбиркорнинг қаердалиги номаълум

Ўзбекистон давлат хавфсизлиги ва футболи учун масъул бўлган шахснинг нима учун Якаабоғга боргани номаълум Фото муаллифлик ҳуқуқи UFA
Image caption Ўзбекистон давлат хавфсизлиги ва футболи учун масъул бўлган шахснинг нима учун Якаабоғга боргани номаълум

ДХХ раиси Абдусалом Азизов Яккабоғда тадбиркорнинг дўконини бузишга ҳаракат қилган масъулларнинг ишини қоралади. Дўконини ҳимоя қиламан, деб ҳоким ўринбосарини ёқишга ҳаракат қилган тадбиркор Баҳриддин Исомовнинг қаердалиги ва соғлиғи борасида маълумот йўқ.

ДХХ раиси Абдусалом Азизов 27 июл куни туман ҳоким ўринбосарига ўт қўйилган Яккабоғ туманига борди. Бу ҳақда туман ҳокимияти матбуот котиби Бозор Азизов "Қашқадарё зиёкори" нашрига маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Абдусалом Азизов Баҳриддин Исомовга тегишли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш дўкони бетон ғиштдан қурилган бино эканлигини таъкидлаб, уни бузишга уринган туман масъуллари ишини қоралаган.

"ДХХ раиси тадбиркор дўкони бузилишига фикр билдирар экан, "Одатда пахса девордан бўлган ёки бугунги кун талабига жавоб бермай қолган бино бузилади-ку, нега тадбиркорнинг бу биносига тегинилди? - дея қаттиқ койиб гапирди", дейди Бозор Азизов "Қашқадарё зиёкори"га.

ДХХ раиси билан учрашувда " туман ҳокимлиги вакилларининг хўжасизларча ҳаракатларидан азият чеккан" уй-жойи бузилган 34 нафар фуқарога 1 миллиард 700 миллион сўм компенсация пуллари берилиши таъкидланган.

Хабарда давлат хавфсизлиги ва футболига масъул бўлган амалдор нима учун Яккабоғга боргани айтилмаган.

Абдусалом Азизов шу йилнинг 11 феврал куни соғлиғи туфайли ишдан олинган, кейинчалик жиноий иш очилган Ихтиёр Абдуллаев ўрнига ДХХ раиси этиб тайинланганди.

15 июль куни ДХХ раиси Ўзбекистон тарихида илк маротаба Ўзбекистон футбол ассоциациясига Президент этиб сайланди.

Абдусалом Азизов шахсан бориб муносабат билдирган тадбиркорнинг ҳоким ўринбосарини ёқиб юбориш ҳаракати Ўзбекистонда шов-шув бўлиб кетди.

Қасддан одам ўлдириш бўйича жиноий иш очилган тадбиркор Баҳриддин Исомовнинг ҳозир қаерда сақланаётгани яқинларига билдирилмаяпти.

Газета.уз нашри тадбиркорнинг ўғли Шарофиддин Даминовга таяниб ёзишича, Баҳриддин Исомовнинг соғлиғи борасида маълумот йўқ.

"Ҳозир энг муҳими - дадамнинг соғлиғи. Агар у соғ-саломат бўлса, эътирозимиз бўлмайди. Уни шу даражадаги стресс ҳолатига олиб келишди. Дадам ҳеч қачон сўкинмаган, ҳеч кимга қўл кўтармаган. Уни шунга олиб келишди. Видеода бинонинг ичида оила аъзоларимиз ва ишчиларимиз турган пайтда бульдозер деворни бузишни бошлаётганини кўриш мумкин. Уйини ҳимоя қила олмаган одам, қандай қилиб ватанини ҳимоя қилиши мумкин? Отамнинг одам ўлдириш нияти йўқ эди, бўлса ўлдирарди. У фақат техникани тўхтатиб қолмоқчи эди", дейди Шарофиддин Даминов.

Тадбиркорнинг яқинлари у қаерда ушлаб турилганидан бехабарлигини айтган.

"Аниқ манзилини билмаймиз. Бизга Чироқчи тумани эканлигини айтишди. У ердагилар эса дадам Қаршидалигини айтди. Қаршидагилар бўлса унинг Тошкентдалигини айтди. Биз дадамизни охирги марта суд қамоқда ушлаб туриш эҳтиёт чораси ҳақида санкция берганда, 22 июль куни кўрган эдик", деган у.

Ҳоким ўринбосарини ёқишга уринишдан сўнг Яккабоғ туман милиция ходимлари тадбиркорнинг ўғли Муҳаммадрўзи Даминовни ҳам олиб кетишган ва 50 соат асоссиз ушлаб ўтиришган.

Ички ишлар бошқармасидан чиққан Муҳаммадрўзининг бош ва елка қисмларида жароҳатлар борлиги пайқалган. Ушбу тан жароҳатлари ички ишлар органи ходимлари томонидан етказилгани айтилмоқда.

Вилоят ҳокими тадбиркор тарафми?

Қашдарё вилоят ҳокими Зафар Рўзиев тадбиркорнинг ўғли Шарофиддин Даминов ва рафиқаси Нодира Ҳайдарова билан учрашган.

Рўзиев Яккабоғ туман ҳокимининг ўринбосари Мансур Туймаев бузиб ташламоқчи бўлган икки қаватли дўкон ва корхона бузилмаслигини маълум қилган.

Ҳоким етказилган зарарни суд орқали талаб қилиб олиш мумкинлигини билдирган.

Шарофиддин Даминов туман ҳокимияти томонидан бинони бузишга ҳаракат давомида 170 миллион сўмлик зарар етказилганини айтмоқда. Тадбиркорнинг ўғли шунингдек, суддан маъанавий зарар ундириб беришни ҳам сўрамоқчи.

27 июл куни дўконини ҳимоя қилган тадбиркор томонидан бензин сепиб ёқиб юборилган Яккабоғ тумани ҳоким ўринбосарига жиноий иш очилгани маълум бўлди. Туман ҳокими ва прокурори ишлаб турган лавозимидан озод қилинди.

"Яккабоғ тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаев тадбиркор Баҳриддин Исомовга тегишли икки қаватли савдо ва маиший хизмат уйини ноқонуний равишда бузишга бўлган хатти-ҳаракати ўрнатилган тартибда ўрганиб чиқилди", дейилади Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги сайтида чоп қилинган хабарда.

Ўрганиш хулосаларига кўра, туман ҳокими Донаев Шоҳмурод Холбоевич ҳамда прокурори Жамшид Халилов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Тадбиркорнинг дўконини ўзи булдозер рулига ўтириб бузишга ҳаракат қилган ва натижада тадбиркор Исомов томонидан устига бензин қуйилиб ёқиб юборилган ҳоким ўринбосари Мансур Тўймаевга нисбатан жиноий иш очилди.

"Туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаев Хуррамович ўз ваколатига кирмайдиган хатти-ҳаракатларни амалга оширгани сабабли унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли бандлари асосида жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда", дейилади хабарда.

20 июлда содир бўлган дўконни ҳимоя қилиш мақсадида ҳоким ўринбосарига ўт қўйиш воқеаси тасвири туширилган видео тарқалгандан сўнг у маҳаллий матбуот эътиборига тушган ва масъул ташкилотлар у юзасидан ўз муносабатини билдирганди.

Видеотасвирда тадбиркор экскаватор рулида ўтирган ҳоким ўринбосари Мансур Тўймаев томон елим идишда бензин сепиб юборгани ва амалдорнинг бир муддат олов ичида қолиб, кабинадан пастга сакраганини кўриш мумкин.

Маълумотларга кўра, тадбиркор бинони кредит эвазига қурган бўлиб, туман ҳокимлиги бинонинг бузилиши борасида бирор огоҳлантириш ва ҳеч қандай товон пули бермаган ҳолда уни бузиб ташлашга уринган.

Кўп ўтмай Президент Мирзиёев ҳокимларни тадбиркорларга тегишли мол-мулкни бузишга йўл қўймаслик ҳақида қатъий огоҳлантирди.

"Барча ҳокимларни қатъий огоҳлантираман - асосли зарурат бўлмаган ҳолда тадбиркорларга тегишли мол-мулкни бузишга умуман йўл қўйилмаслиги зарур ва шарт", деди Шавкат Мирзиёев.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.