Ўзбекистон: Тошкент ва Олма ота ўртасида қатнайдиган тезюрар поезд чиптаси нархлари тушади

тулпар тальго Фото муаллифлик ҳуқуқи tulpartalgo.kz

Ўзбекистон ва Қозоғистон темир йўл ширкатлари икки давлат ўртасида қатновчи "Тулпар-Тальго" тезюрар поезди чипталарининг нархини туширишга келишиб олди. Бироқ кузатувчилар Ўзбекистонда темир йўл соҳасидаги монополия ҳамон барҳам топмаганини айтишмоқда.

1 августдан бошлаб Тошкент - Олма ота - Тошкент йўналиши бўйлаб қатновчи "Тулпар-Тальго" поездларига қўшимча чегирмалар жорий қилинади.

Масалан, поезд юришидан 5 сутка олдин чипта сотиб олсангиз, чипта нархлари 25 фоизга арзонлашади. Ўтириб кетиладиган вагонларга эса 15 фоизлик чегирмалар берилади, деб ёзади ЎзТаг хабар агентлиги.

Шунингдек, комиссион йиғимлар учун ҳам 53%лик чегирмалар берилиши кўзда тутилган.

Икки мамлакат темир йўл ширкати Олма ота ва Тошкент ўртасида қатновчи "Тулпар-Тальго" поезди чипталарини янада туширишни режалаштиргани хабар берилмоқда.

Ушбу тезюрар поездлар Қозоғистон темир йўл ширкати томонидан ҳафтасига Нур-Султондан Тошкентга 6 рейс ва яна шунча қатнов Тошкентдан Нур-Султонга амалга оширилади.

Бундан ташқари Олма ота ва Тошкент ўртасида ҳафтасига 10 рейсдан 20 рейс амалга оширилади.

Йўловчилар Тошкентдан қатнайдиган "Тулпар-Тальго" поезди камида 3 баробар қиммат эканлигини айтишади.

Бу ҳақда Қозоғистонга сафар қилган блогер Давронбек Тожилиев ёзганди.

"Олма-ота шаҳрига бориш учун Тошкентдан поезд билетларини қидирдим. Бор экан: тезюрар Тальго поезди. Ўзбекистон темир йўллари сайтига кириб, нархини билдим: энг арзон билет 328 824 сўм. Купе - 756 931 сўм, люкс - 1 091 103 сўм. Сайтда ёзилишича, чипта нархи билан бирга воситачилик йиғими ҳам олинаркан. МДҲ давлатларига қатнайдиган поездлар учун 70 000 сўм. Жами 400 000 га яқин бўларкан. Қимматлик қилди.

Бор-ей деб Черняевкадан Чимкентга йўлга чиқдим. Таксида 1500 тенге (33000 сўм) билан Чимкент темирйўл вокзалига етиб олдим. Шу ердан айни Тошкент-Алмати поездидан Чимкентдан Алматигача билет олдим: 3800 тенге (83600 сўм). Тошкентда 400000 сўм бўлган билет Чимкент орқали менга 116 600 га тушди. Ўша рейс, ўша поезд, ўша вагонлар, ўша йўл. Тошкент-Чимкент ораси 130 км холос. Билет нархи эса камида 3 баравар арзон", деган у.

Изоҳ қолдирувчилар "Ўзбекистон темир йўллари" акционерлик жамияти монопол ташкилот бўлганлиги учун ҳам нархлар бошқа давлатлар билан солиштирганда қимматлигини билдиришган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси яқинда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖга нисбатан иш қўзғаган.

Табиий монополия субъекти томонидан тадбиркорга ёзилган 61.7 млн. сўмлик асоссиз қарздорлик тадбиркор фойдасига қайта ҳисоб китоб қилинган.

Шу йилнинг феврал ойида Ўзбекистонда Транспорт вазирлиги ташкил қилингани тўғрисидаги хабар "Ўзбекистон темир йўллари" монополиясига барҳам беради, дея талқин қилинган эди.

Norma.uz нинг ўша вақтда ёзишича, 2 ой муддатда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритилади.

"Мақсад - компаниянинг тартибга солиш функцияларини истисно қилиш, инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, рақобат муҳитини шакллантириш ва темир йўл транспортида юк ва йўловчилар ташишда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва бошқа тадбиркорлик субъектлари - резидентлар учун тенг шароитларни яратиш", дейилганди мақолада.

Бироқ кузатувчилар июл ойи ўтиб бораркан бу борада қарорда кўрсатилган ўзгаришлар қилинмаганини айтишади.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.