Ўзбекистон 8000 кишига фуқаролик берди, яна 80000 инсон яшил паспортдан умидвор

Ўзбекистон фуқаролигини олган инсонлар Фото муаллифлик ҳуқуқи http://rtoshpulat.blogspot.com

БМТ Ўзбекистоннинг фуқаролиги йўқ инсонларни ўз бағрига олаётганини юксак баҳолайди, шу билан бирга Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини кутаётган 80000 инсон учун ҳали кўп иш қилиш зарурлигини эслатади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий Комиссарининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси Ўзбекистон 2016 йилдан кейин 8072 инсонга фуқаролик берганини олқишлайди.

Қочқинлар идораси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2011 йили бирор мамлакатнинг ватандоши ҳисобланмаган қарийб 86000 инсон истиқомат қилган.

Бу инсонлар ва уларнинг фарзандлари узоқ йиллар давомида расмиятчилик билан боғлиқ турли мушкулликларга дуч келмоқдалар.

Ўзбекистонда яшаса-да фуқаролиги бўлмаган инсонларнинг аксарини 1992 йили Тожикистонда бошланган фуқаролар урушидан қочиб ўтганлар ташкил этади.

Аммо Тошкент шаҳрида туғилган бўлса-да, шу кунгача ҳам Ўзбекистон фуқаролигини ололмай юрган инсонлар бор.

Улардан бири islom.uz ҳамда ўнлаб ўзбек тилидаги исломий веб-сайтларнинг асосчиларидан бири, Абу Муслим тахаллуси остида қалам тебратадиган ижодкор Адҳам Атажановдир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Adham Atajanov

Адҳам Атажонов 1975 йил 19 июлда Тошкентда туғилган.

1978 йилдан ота-онаси билан Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида яшаганлар.

1991 йили ўрта мактабни тугатган йили вояга етган шахс сифатида СССР фуқароси паспортини олади.

Ўша йили СССР деган мамлакат парчаланади, 1 сентябрда Ўзбекистон мустақиллиги, 16 декабрда Қозоғистон ўз мустақиллигини эълон қилади.

Ўзининг келажагини Ўзбекистонда кўрган Адҳам Атажанов Қозоғистон паспортини олмайди.

1994 йили доимий яшаш учун Тошкентга кўчиб ўтади ва шу ерда ўз оиласи, фарзандлари билан истиқомат қилади.

Адҳам Атажанов Ўзбекистон фуқаролигини беришни сўраб Президент Шавкат Мирзиёев порталига икки марта мурожаат қилган, аммо шу кунгача ҳам "кутинг"дан бошқа жавоб бўлмаган.

Адҳам Атажонов билан суҳбатни тингланг

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Адҳам Атажанов: Ўзбекистон паспорти - 25 йиллик орзуим

Яқинда Абу Муслимнинг паспорти йўқлиги социал медиа муҳокама мавзуларидан бирига ҳам айланди.

Ўзбек расмийларига кўра, 2016 йилдан кейин 6000 дан ортиқ кишига фуқаролик берилган.

2019 йилнинг биринчи ярмида 2072 инсон Ўзбекистон фуқароси мақомини қўлга киритган.

Жаҳонда фуқаросиз инсонларнинг қолмаслиги мақсади кўзланган кампанияни бошлаган БМТ Қочқинлар идораси Ўзбекистон раҳбариятининг ушбу амалларини юксак баҳолашини, ушбу йўналишда барча қўллов-қувватловини тақдим этишини таъкидлайди.

Қочқинлар ишлари бўйича БМТ идораси Ўзбекистонда фуқароликка бағишланган янги қонун лойиҳаси муҳокамаси бошланганини ҳам олқишлаган, бу йўналишда ҳамкорликка тайёрлигини билдирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ