Ўзбекистон: "Снослар", норозиликлар ва... МТРК нима ҳақда сукут сақламоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screentshot
Image caption Давлат ТВсида ҳамон "олам -гулистон"ми?

Яккабоғ ва Хоразмда юз берган ҳолатлар ўтган ҳафтада маҳаллий интернет нашрлари томонидан энг кўп ёритилган янгиликлар бўлди. Бироқ одамлар бир ҳақли саволни ўртага ташламоқда: нега матбуот эркинлиги ҳақида тинимсиз гапирилаётган бундай вақтда давлат телевидениеси энг муҳим ижтимоий-сиёсий масалалар бўйича сукут сақламоқда?

Қашқадарёнинг Яккабоғ туманида тадбиркор ўзига тегишли бинони куч ишлатиш йўли билан бузишга интилган ҳоким ўринбосарини ёқиб юборишга ҳаракат қилгани ва Хоразмда уй-жойлари бузиб ташланган одамларнинг ғазабга миниши ортидан ҳукумат мустақил Ўзбекистон тарихида ақл бовар қилмас амалга қўл уриб, фуқароларни тинчлантиришга уринган.

Ўтган ҳафта давомида, асосан, маҳаллий хусусий интернет сайтлари мазкур икки воқеа тафсилотларини мунтазам кузатиб бориб, улар ҳақидаги янгиликларни оммага етказиб турганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz
Image caption ТВда кўринмаган саҳналар

Аммо одамлар матбуот очиқлигини тарғиб қилаётган Ўзбекистон ҳукуматига тегишли телеканалларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз берган ушбу энг муҳим воқеалар бўйича жим туришни афзал билаётганидан ҳайрон бўлмоқдалар.

Хусусан, журналист ва блогер Элдар Асанов шундай ёзади:

"Энг қизиғи - Ўзбек телевидениеси қани? Мамлакатнинг ижтимоий ўзгариши кетаётган Яккабоғ ва Урганчдан тўғридан-тўғри репортажлар нега йўқ? Интервью ва баҳслар қани? Гап ўтган даврдан қолган қўрқувлардами ёки телевидениечилар ҳануз кузатув остидами? Аниқроғи ҳар икки омилнинг аралашмаси бўлса керак."

"Мен бир нарсани ҳечам тушунмаганман, ҳозир ҳам тушуна олмаяпман - Телевидениенинг вазифаси жамият учун муҳим бўлган бирор янгиликни оммага етказишми ёки қандайдир тадбир ўтказилгани, унда кимлар қатнашгани ҳақида хабар беришми?... Ҳа, чиндан ҳам Яккабоғ ва Урганчдан репортажлар, жонли эфирлар берилса, халқ орасида юрган миш-мишларга сал ойдинлик киритилар, воҳадаги воқеалар водийга етиб келгунча бутун бошли бир романга айланиб кетмасди. Менимча, Uzb24 шу ерда жонбозлик кўрсатиши керак эди," Facebook да фикр билдиради Бекзод Қодиров.

МТРК нима дейди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot
Image caption Ранг-баранг, аммо...

Би-би-си Ўзбек Хизмати одамларни қизиқтираётган мазкур саволга аниқлик киритиш мақсадида давлатга тегишли телерадиоканалларни ўзида бирлаштирган Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпанияси (МТРК) билан боғланди.

Ўзини МТРК режалаштириш бўлими бошлиғи Шерзод Очилов дея таништирган масъул ходим «Компания таркибидаги телеканаллар мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор энг муҳим воқеаларни нима учун тилга олмади?» деган саволга қарши савол билан жавоб қайтаришга уринди.

Унга кўра, оммавий ахборот воситасидан нега бирор ҳолатни ёритмаганини сўраш тўғри иш эмас.

"Энди сиз бу саволни оммавий ахборот воситасига беряпсизда, тўғрими? Аввало, оммавий ахборот воситасига мана шу мавзуни нега ёритмадинг, деган саволни беришнинг ўзини қанчалик тўғри, деб ҳисоблайсиз?" саволга савол беради Очилов.

Шунингдек, Шерзод Очилов "Агар МТРК таркибидаги телеканаллардан бирининг журналисти Би-би-сига шундай мазмундаги савол билан чиқса, нима деб жавоб қайтарган бўлар эдингиз?" дея сўради.

Ўзбекистон: "Маҳалла" телеканалидаги Фикрлар чорраҳасига қизил чироқни ким ёқди?

Ўзбекистон: Президент матбуот котиби ва МТРК раиси ишдан кетгани хабар қилинди

Алишер Хаджаев телерадиокомпания жамоасига тақдим қилинди

Нуқтаи назар: Ўзбекистон президенти матбуот котиби ишдан кетиши: Ким ютдию кимлар ютқазди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot

Би-би-си Ўзбек Хизматининг «Агар нашр мустақил бўлса, тўғри, у мавзуларни ўзи истаганча танлайди. Бироқ очилган вақтида тезкор ва холис ахборот етказишга ваъда берган ҳамда янгиликларга асосланган МТРК таркибидаги Ўзбекистон 24 телеканали ҳам Яккабоғ ва Хоразм воқеаларини бирор марта тилга олмади,» деган жавобини эшитгач, у яна аниқ жавоб беришдан ўзини тийди.

"Би-би-си Ўзбек Хизмати ҳам оммавий ахборот воситаси. Мавзуни сиз танлайсиз, ўзингиз бориб белгилайсиз, мана шуни ёритишим керак, деган хулоса билан иш юритасиз. МТРКнинг ўзи ёки давлат томонидан цензура қўйилган, деган гапингизнинг ўзида, менимча, хатолик бор," дейди МТРК масъули.

«Ички норматив ҳужжатларимизда ҳам, амалдаги давлат қонунчилигида ҳам цензурага йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилган,» қўшимча қилади у.

Бироқ суҳбат давомида Би-би-си Ўзбек Хизмати томонидан илгари сурилган саволларни эшитган Очилов ўз жавоб услубини ўзгартирди.

Жумладан, мустақил интернет нашри ёки хусусий телеканалга бирор муҳим воқеа ҳақида мум тишлаб тургани борасида савол бериш ноўрин, аммо давлат телеканаллари мамлакат ҳаёти учун ўта долзарб масалаларни кўрмасликка уриниши ғалати эмасми қабилидаги саволга у шундай жавоб қайтарди:

«Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпанияси, тўғрими? У [давлат] телеканалларини бирлаштириб туради, деяпсиз. Аммо бизнинг ичимизда бўлган барча телерадиоканаллар мустақил оммавий ахборот воситаси, юридик шахс ҳисобланади.»

Ушбу фикрлардан келиб чиқиб, "Демак МТРК ўз таркибидаги телеканалларга қайси воқеаларни ёритиш-ёритмаслик, нима ҳақида гапириш-гапирмасликни аниқ белгилаб бермайди?" дея берилган саволга қуйидагича жавоб берди:

"Энди мустақиллиги белгиланган, юридик [мақоми] берилган оммавий ахборот воситаси экани эсингиздан чиқармаслигингиз учун айтмоқчиман. Мисол учун МТРК буни сен ёрит ёки буни ёритма [усулида] ишлай олмайдику."

"2016 йилга қадар бўлган даврни эслайдиган бўлсак, МТРК бўладими ёки бошқа ОАВ бўладими - ҳаммаси асосланган, холис, ҳаққонийлик акс этган, жамоатчилик томонидан кенг эътироф этилган мавзуларни ёритиши қолипга айланиб қолган эди. Ундан кейинги даврда очиқлик, ошкоралик, инсон ҳуқуқлари - умуман ён-атрофимизда бўлаётган ҳодисаларга тезкор муносабат билдириш, жонли эфирлар тайёрлаш юқори нуқтага чиқиб боряптида борган сари. Ҳозирги кунда блогерлар деймиз, ижтимоий тармоқ, деймиз…"

Аммо блогерлар ва мустақил интернет нашрлари фаолиятига нисбатан ҳеч қандай эътироз йўқлиги, улар бўлиб ўтган ҳар икки воқеа тафсилотларини мунтазам оммага етказиб боргани, муаммо эса фақат солиқ тўловчилар ҳисобига кун кўрувчи давлат телевидениесининг сукут сақлаб ўтирганида эканини эшитган Шерзод Очилов жавоб беришга тайёр эмаслиги ҳамда бу масалани ўрганиб кўришини билдирди.

"Саволларингизга ҳозир тайёр бўлмаслигим ҳам мумкинку. Сиз айтган икки мавзу масаласини ўрганиб кўриб, аниқлик киритиб беришим мумкин," дея суҳбатни якунлашга ҳаракат қилди МТРК масъули.

Ўзбекистон 24 нима деркин?

Миллий Телерадиокомпаниянинг мужмал жавобларидан қониқмаган Би-би-си Ўзбек Хизмати фаолияти туну кун янгилик етказишга асосланган Ўзбекистон 24 телеканали раҳбарияти билан боғланишга уринди.

2017 йил 24 июлда илк бор эфир юзини кўрган ва халққа хизмат қилиш, тезкор ҳамда очиқ фаолият олиб боришга ваъда бериш билан ўз фаолиятини бошлаган телеканал раҳбарияти саволларни ёзма шаклда юборишни сўради.

Бироқ мақола чоп этилаётган вақтда ҳали жавоб келмаган эди.

Шу тариқа, давлат телевидениеси, ҳатто, ҳукуматнинг энг юқори бўғини ҳам муносабат билдирган Яккабоғ ва Хоразм воқеалари бўйича нега жим туришни маъқул кўргани ноаниқлигича қолиб кетмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek