Ўзбекистон, Андижон: Шаҳрихонда "Обод қишлоқ" дастурига кирган Қум маҳалласи нега обод бўлмади?

Андижон
Image caption Қумлик Улуғбек Мамажонов маблағ ўзлаштирилган, дейди

Шаҳрихон тумани Қум маҳалласи фуқаролари "Обод қишлоқ" дастурига киритилган маҳаллада ишлар тўлиқ бажарилмагани ва маблағ ўзлаштирилганини айтмоқда. Туман ҳокимиятнинг Би-би-сига ва аҳолига берган маълумотномалари ўртасида юз миллионлаб сўм фарқ борлиги аниқланди.

Қум маҳалласи 2018 йили "Обод қишлоқ" дастурига киритилган. Ҳокимият бу ерда икки йил давомида юз миллионлаб сўм маблағ сарфлаб ободонлаштириш ишларини олиб борганини таъкидламоқда.

Бироқ маҳаллий аҳоли уларнинг кўчаларига ободонлаштириш етиб келмаганини айтишмоқда.

"Асосий мурожаатимиз сим, сув, йўл, йўлаклар болаларга мактабга борадиган йўлаклар, болалар ўйнайдиган ўйингоҳлар, спорт майдончалари ҳеч қанақанги нарса йўқ-да. Ёмғир ёғса болаларнинг оёғи лой бўлиб, сув бўлиб боради. Мана бу ерда ўтадиган йўлимиз бор, босса лой бўлиб кетади", дейди Акрамжон Акбаров.

Маҳалла турғуни Улуғбек Мамажоновнинг айтишича, ҳокимият маҳалла ўз кучи билан қилган ишларни Обод маҳалла дустурига киритиб юборган.

"Обод қишлоқ дастури бошланишидан уч йил олдин, ўзимиз маҳалланинг пулига столба, симларни ва трансформаторни халқнинг пулига ўрнатганмиз. Лекин ҳозирда бу ишларни ҳам "Обод қишлоқ" маблағига бажарилди, деб ҳисобот беришяпти", дейди Улуғбек Мамажнов.

Унинг айтишича, маҳалладаги айрим бинолар эса тадбиркорларнинг маблағи эвазига тикланган.

Маҳалла айрим кўчаларидаги аҳоли ўзининг кучи билан ичимлик суви тортиб келган. Бироқ маблағ етмаганлиги учун сув барча кўчага етиб бормаган. Бир суткада бир соат атрофида чиқадиган сувни махсус араваларда ташишади.

Бундан ташқари аҳолининг пули эвазига тортилган симёғочлар талабларга мос равишда ўрнатилмагани учун болалар ўйнаб юрадиган жойга қулаб тушган.

Шундан сўнг сим ёғочни аҳоли ўз пулига қайта ўрнатганини айтмоқда.

Шаҳрихон туман ҳокимияти маҳалладаги айрим бинолар ҳашар йўли билан қурилганини рад қилмади.

Ҳокимият Би-би-сига тақдим қилган маълумотномада қизиқ фактларга дуч келишингиз мумкин. Уни туман ҳокими Хикматулла Дадахонов томонидан Қум маҳалласи фуқаросига 19 апрелда берган жавоби билан солиштирганда рақамларнинг бир бирига тўғри келмаслигини кўрасиз.

Ҳокимият Би-би-сига берган хатида Қум маҳалласига 1 дона янги трансформатор ўрнатилгани ва мавжуд 4 трансформаторда 6 миллион сўмга мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилгани айтилган.

Image caption Би-би-си ва Қум маҳалласи яшовчисига Шаҳрихон туман ҳокимияти берган маълумот фарқ қилади

Бироқ ҳоким Дадахонов фуқароларга берган маълумотида Қум маҳалласига 4 дона трансформатор ўрнатилган.

Ҳоким Би-би-сига бир дона трансформаторни 130 миллион сўмга ўрнатганини айтган. Фуқароларга ўрнатилди, деб ҳисоб берилган аслида ўрнатилмаган 3 дона трансформаторнинг умумий баҳоси 390 миллон сўм бўлади.

Бундан ташқари маҳалла йўлларини таъмирлаш борасида ҳам ҳокимнинг фуқаролар ва Би-би-сига берган маълумотлари бир бирига тўғри келмаслигини кўриш мумкин.

Ҳоким фуқароларга берган маълумотномасида қарийб 5 километр автомобил йўлларини таъмирлаганини айтган.

Би-бисига берилган маълумотномада эса, 1295 метр йўлни асфалтлаш ва 9 километрдан ошиқ жойга шағал тўкиш учун бир миллиард сўмга яқин маблағ сарфлаганини билдирган.

Ҳоким фуқарога "Обод қишлоқ" дастури бўйича маҳаллага қарийб 4,5 километр электр узатиш тармоғи тортилганини айтган. Аммо Би-би-сига тақдим қилинган маълумотномада бу 1 километрни ташкил қилади.

Ҳокимият 1 километру 700 метр масофадаги электр узатиш симлари реконструкция қилишга 130 миллион сўм сарфлаганини билдирди. Фуқароларга ва Би-бисига Шаҳрихон туман ҳокими томонидан берилаётган икки хил маълумотларда юзлаб миллион сўм маблағ фарқ қилаётганини кўриш мумкин.

Аҳоли эса туман ҳокими "Обод қишлоқ" дастури доирасида маблағларни ўзлаштириб юбораётганини таъкидламоқда.

Би-би-си бу борада Ўзбекистон Молия вазирлиги ва Бош прокуратурасига мурожаат қилди.

Икки муассаса ҳам ҳолат ўрганилаётганини билдирди.

Би-би-сига гапирган қумлик Улуғбек Мамажонов туман прокуратурасидан келиб муаммолар юзасидан тушунтириш олиб кетишганини маълум қилди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek