Ўзбекистон Телевидениеси Президент Мирзиёевга қош кўяман деб, унинг кўзини чиқармоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Mikhail Japaridze/Getty Images
Image caption "Президент - Ўзбекистон телевидениесидаги энг муҳим шахс, энг асосий қаҳрамон..."

Президент - Ўзбекистон телевидениесидаги энг муҳим шахс, энг асосий қаҳрамон... Мана, жаноб Президентнинг вилоятлардан бирида қилаётган чиқиши кадрлари. Вақтинча тортилган чодир, унда эса авваллари "партия фаоллари", бугун эса "вилоят фаоллари" йиғилган.

Биринчи қаторда салобатли оқсоқоллар (ўнгда). Операторлар нотиқнинг ҳар бир сўзига ҳамоҳанг бошларини силкитаётган оқсоқолларнинг ўта қувончли, хушомадгўй чеҳраларини тутадилар. Афтидан, Президент айтаётган ҳар бир сўз бу Ер юзида боқий умр кўрган қариялар учун мисли кўрилмаган ва мисли эшитилмаган сўзлар...

Президент фақат "Яхши хабарлар"ни етказади, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас!

Биринчи қаторнинг чап тарафида эса вилоятнинг мансабдор кишилари, раҳбарлар ўтиришибди. Ҳаммасида дафтарча, блокнот ва ручкалар. Улар "Энг"нинг лабларидан таралаётган кашфиётларни ёзиб олишаётганини намойиш қилишади, ҳа айнан, намойиш қилишади. Аслида, агар Президент нутқларини протоколлаштириш шунчалик муҳим бўлса, нега телефонларига ёзиб олишмайди? Ҳаммасида бор-ку?

Ўтмишда нотиқ ёнида икки стенографист аёллар ўтирган ва олам гулистон! Ҳозир эса содиқ раҳбарлар Президентга нафақат мутлақ итоат қилишини оммага намойиш қиладилар, балки унинг ҳар бир сўзи қандайдир дафтарча ё смартфонга ишониб топширилмаслиги, балки "ўз қўллари билан" ўз шахсий дафтарчасига қайд қилиниши шартлигини кўз-кўз қиладилар.

Давлат телевидениеси, айтилишича, давлатнинг биринчи кишиси учун "ижобий образ"ни яратиши керак, лекин телевидение бу вазифасини жуда юзаки, чизиқдан чиқмай ва қўпол тушунади. У мазкур образни иложи борича нотўғри талқин қилиб, томошабинларда айнан тескари реакцияни келтириб чиқаришга эришаяпти.

Гўдак ва ўсмирдан тортиб, табаррук ёшли қариялар ва онахонлар, Ахборотдаги "гапирувчи каллалар" ва шоу-кўрсатувлар иштирокчилари Президентни мақтов нидоси билан мадҳ этадилар. Уларнинг баёнотлари "Муҳтарам Президентимиз яратиб берган шароитлар...", "Муҳтарам Президентимиз амалга ошираётган ислоҳотлар ортидан турмушимизда мисли кўрилмаган ўзгаришлар бўлмоқда!" каби шиорлар билан очилади.

Бу сўзларни ким ва қандай талаффуз қилиши ҳам томошабинда айнан тескари муносабатни келтириб чиқариши мумкин. Телевидениеда ҳамма нарса аҳамият касб этади - нутқ оҳанги, қайси сўзга урғу берилиши, ҳатто сўзлар орасидаги вергул ҳам.

Кўплаб шоу кўрсатувлар бошловчилари ўзлари Президент шаънига мадҳияни худди сеҳрли дуо каби оғзиларини кўпиртириб қайтарганлари етмагандек, кўрсатув иштирокчиларини бу дуони албатта қайтаришга ундайлилар. Нега? Нима учун? Бу керакми?

Ахир бугун томошабин фақат телевизорга нигоҳини тикиб ўтирмаяпти, улар айни дамда ижтимоий тармоқларда ҳам "ўтиришади". Телевидениеда сунъий равишда шакллантирилаётган "ҳақиқат"лар ҳақиқий виртуал муҳитда буткул ўзгача таҳрир, акс-садо ва муносабатларга сабаб бўлмоқда. Хўш, телевидениенинг аҳволи бундай шароитда не кечади?

Албаттаки, Ўзбекистонда ҳамма ҳам Интернетда "ўтирибди" дея олмасмиз. Бу борада ҳеч қандай ишончли статистик маълумот ёки ижтимоий тадқиқотлар йўқ.

Лекин, ҳақиқий ҳаёт бу кўрсатувлар тўқиб чиқарган беўхшов телефантазиялардан кескин фарқ қилади!

Қизиғи, ва энг муҳими шуки, Ўзбекистон телевидениеси Республика раҳбарининг "ижобий" образини яратиш йўлидаги "советча" усуллари ва жаҳду жадали билан Шавкат Миромонович Мирзиёевга қош қўяман деб, унинг кўзини чиқаришмоқда.

Ўзбекистон телевидениесининг барча "саъй ҳаракатлари" тескари таъсирга эга. "Қирол образини унинг атрофидагилар ўйнайди" деган гап бор. Лекин, Ўзбекистон телевидениеси Президентни жуда ёмон ўйнаяпти.

Ўзбекистон: "Снослар", норозиликлар ва... МТРК нима ҳақда сукут сақламоқда?

Ўзбекистон: "Маҳалла" телеканалидаги Фикрлар чорраҳасига қизил чироқни ким ёқди?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek