Ўзбекистон: Ўзбек ҳукумати қаршисида жиддий танлов турибди

Ўзбекистон: Ўзбек ҳукумати қаршисида жиддий танлов турибди: Бу - муаммоларни вақтида илғаш ва ҳал қилиш имконияти. Бунинг учун сўз эркинлиги мутлақо берилиши керак. Ёки муаммолар зимдан, пастдан тўпланиб боради ва у бир куни ижтимоий портлашга олиб боради.

Бу - кеча, 30 июль куни пойтахт Тошкентда Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов бошчилиги остида бўлиб ўтган селектор йиғини тафсилотларига сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов муносабати бўлади.

Селектор йиғини Вазирлар Маҳкамасида бўлиб ўтган ва давлат органлари матбуот хизматларини ривожлантириш масалаларига бағишланган.

"Ташкилотлар ўзлари ҳақидаги танқидий чиқишларга муносабат билдириши, керак бўлса, халқнинг олдида ҳисобот бериши шарт", - дея баён қилган унда сўзлаган Ўзбекистон Бош вазири.

"Танқид бор, лекин муносабат йўқ. Демак, ҳаммаси тўғри экан-да? Танқиддан хулоса қилиндими йўқми, билдириш керак...".

Ўзбекистон Бош вазирининг бу сўзларидан Ўзбекистондаги етакчи kun.uz интернет нашри иқтибос келтирган.

Ўзбекистон: Бузилишлар Мирзиёев обрўсини туширмоқда - лондонлик таҳлилчи

Ўзбекистон матбуоти: Яккабоғдан Сижжакгача...

Президент ҳокимларни огоҳлантирди: Тадбиркорларга тегишли мол-мулкни бузишга умуман йўл қўйилмаслиги зарур

Ўзбекистон: ДХХ раиси Яккабоғда, аммо амалдорга ўт қўйган тадбиркорнинг қаердалиги номаълум

Ўзбекистон: Бош вазир Абдулла Арипов Хоразмда уйи бузилган аҳоли билан учрашди

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook/saidamirziyoyeva

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи, Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёеванинг Facebook даги расмий саҳифасида чоп қилган пости эса, мазкур селектор йиғини тафсилотларига янада ойдинлик киритган.

Сайида Мирзиёеванинг постидан маълум бўлишича, резонансли воқеалар рўй берганда давлат органлари раҳбарларининг тезкор чиқишларини уюштириш, шунингдек, аҳолини қисқа фурсатларда хабардор қилиш масаласига эътиборсиз бўлаётган мансабдор шахслар жазоланиши мумкин.

Яъни, йиғин чоғида бу масала ҳам кўтарилган - чора кўриш механизмини ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар билдирилган.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистоннинг мустақиллиги билан кечган қарийб ўттиз йиллик вақт оралиғида бу каби таклиф, ташаббус кузатилмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook/saidamirziyoyeva

Бошқа томондан, Ўзбекистон Бош вазири бошчилиги остидаги селектор йиғини Яккабоғ ва Урганч ҳодисаларидан қисқа вақт ўтмай бўлиб ўтган.

Яккабоғда дўконини ҳимоя қилган тадбиркор туман ҳокими ўринбосарига бензин сепиб ёқиб юборган.

Бу воқеадан қисқа вақт ўтмай, Хоразмда уйи бузилиб, чайлаларда яшаётган юзлаб одамлар намойиш қилишган.

Намойишчилар ҳокимият томонидан тикланган чодирларни йиқитган ва маълум вақт Урганч - Хонқа йўлини ёпиб қўйган.

Бунга ўхшаш ҳолатлар Ўзбекистоннинг бу яқин тарихида кузатилмаган.

Ўзбекистон янги раҳбариятининг ҳар икки ҳодисага муносабати ҳам кузатувчилар эътиборини тортган алоҳида воқеъликка айланган.

Яккабоғда туман ҳокими ва прокурори ишлаб турган лавозимидан озод қилинган.

Президент Мирзиёев ҳокимларни тадбиркорларга тегишли мол-мулкни бузишга йўл қўймаслик ҳақида қатъий огоҳлантирган.

Қашқадарёнинг Яккабоғ туманига Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик Хизмати раҳбарининг ўзи борган.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов эса, Хоразмда норозилик ўтказган одамлар билан шахсан учрашган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Бош вазир келганидан сўнг Урганчда уйи бузилган аҳолига компенсация пуллари берила бошланган.

Намойишлар ортидан Ўзбекистон Адлия вазири ҳам бузилишларга кескин муносабат билдирган.

Вазир Русланбек Давлетов одамларнинг уйи бузилиб, кўчага чиқариб қўйиб компенсация тўланмасликни ваҳшийликка тенглаштирган.

Турар ва нотурар жой объектларининг бузилиши билан боғлиқ масалаларни шахсан Президент Шавкат Мирзиёев ўз назоратига олган.

Бузиш масалалари бўйича янги тизим жорий қилинган.

Қорақалпоғистон Республикаси Жоқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари энди бузилиши режалаштирилган ҳудудларни олдиндан Вазирлар Маҳкамаси билан келишиши айтилган.

Ўзбекистон ҳукуматининг оммавий намойишларга нисбатан сўнгги муносабати эса, марҳум президент Ислом Каримов бошқарувда экан, 2005 йил Андижон воқеалари билан ёдда қолган.

Ўшанда ҳукумат кучлари Андижоннинг марказий Бобур майдонида тўпланган аксари қуролсиз юзлаб намойишчиларни ўққа тутган.

Ҳукумат эса, ўшанда Андижондаги "акромийлар" гуруҳига мансуб террорчилар ҳокимиятни босиб олишга уринганини айтганди.

Бу - таҳлилчилар орасида мамлакат мустақиллиги тарихида Ўзбекистоннинг ташқи имижига энг кўп зиён етказган воқеълик сифатида тилга олинади.

Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, Тошкентдаги селектор йиғини ва унда янграган таклифлардан бир эмас, бир неча мақсад кўзланган.

"Биринчиси - Ўзбекистоннинг ички - жамоатчилик фикридаги Олий ҳокимиятнинг репутацияси ва Ўзбекистоннинг глобал, ташқи репутацияси", - дейди таҳлилчи.

"Ўзбекистоннинг янги маъмурияти шу нарсани тушундики, у ҳам бўлса, масъулиятни имкон қадар тақсимлаш. Яъни, ҳар битта соҳанинг масъулиятини, ҳар битта минтақанинг масъулиятини ўзи билан боғлашга ҳаракат қилаяпти. Ўзбекистон Олий ҳокимиятига тушиши мумкин бўлган салбий репутация, салбий оқибатларини жойларга, соҳаларга боғлашга ҳаракат қилаяпти".

Сайида Мирзиёева ўз лавозимида Ўзбекистоннинг ташқи имижи учун ҳам масъул шахс сифатида кўрилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Марҳум президент Ислом Каримов даврида Ўзбекистон халқаро матбуот ташкилотларининг сўз эркинлиги энг кўп чекланган давлатлар ва интернет душманлари рўйхатларидан мустаҳкам ўрин олган эди.

Аммо Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий-иқтисодий соҳада бошлаган ислоҳотлари манзарасида Ўзбекистон ичкарисидаги интернет нашрлар аввалгига нисбатан фаоллашган ва танқидий мақолаларга ҳам ўрин бера бошлаган.

Аммо давлат матбуоти, хусусан, босма матбуотда бу каби жонланиш кузатилмайди.

Худди шу манзарада журналистларнинг шахсий тажрибаларига таянилса, Яккабоғ ва Урганч ҳодисалари тафсилотларини ўрганишлари у қадар осон бўлмаган.

Бунинг учун соатлаб вақт сарфлашган, масъул идораларнинг телефонлари деярли жавоб бермаган, боғланишга муваффақ бўлинганида эса, уларнинг жавоблари икки-уч оғиз гапдан нарига ўтмаган.

Тошкентдаги селектор йиғинида кўтарилган ғоя ва илгари сурилган таклифларни "аслида, бу жудаям тўғри нарса", - деркан, таҳлилчи суҳбатдошимиз Камолиддин Раббимов, "бу масаланинг нозик жиҳатлари ҳам жуда кўп", дейди.

"Нозик жиҳатлари шундан иборатки, туман, вилоят ҳокимлари сиёсий нуқтаи назардан марказий ҳокимиятга жуда ҳам кучли боғланган. Уларда автономия мавжуд эмас. Бу ерда марказий ҳокимиятнинг иккиламчи бир ўйини кузатилаяпти", - дейди таҳлилчи ўз назарида.

"Бир томондан, ёпиқ эшиклар ортида маҳаллий ҳокимиятларга бир буйруқни беради. Жамоатчилик олдида уларга бошқа бир танбеҳни бераяпти".

Тафсилотлари учун таҳлилчи билан суҳбатимизга асосланган видеолавҳамизни назардан қочирманг.

Сиз Камолиддин Раббимовнинг бу фикрлари ва Тошкентдаги селектор йиғинида янграган таклиф, фикрларга нима дейсиз?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek