Ўзбекистон ДХХ раиси Покистонда, Тошкент ҳануз хавотирдами?

Ўзбекистон: ДХХ раиси Покистонда, Тошкент ҳануз хавотирдами? - Абдусалом Азизовнинг сафарига баҳо берган айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра, ўзбек ҳукуматининг Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва унинг иттифоқчиларидан хавотирлари ҳалича буткул аримаган.

Ўзбекистонда асос солинган, аммо сўнгги ўн йилликларда асосан Покистон ва Афғонистондан бошпана топиб келаётган ҳаракат минтақадаги энг йирик ўзбек жангари гуруҳи бўлади.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати яқин-яқингача айнан шу икки давлатда фаол бўлган Толибон ҳаракати, "ал-Қоида" ва "Ҳаққоний" тармоғининг яқин иттифоқчиси сифатида кўрилган.

Гуруҳ сўнгра Покистонда ўзининг Хуросон қанотига асос солган Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига байъат келтирган.

Орада сафларидан "Исломий Жиҳод Иттифоқи" гуруҳи ажралиб чиққан, кейин ҳаракатнинг ўзи ҳам парчаланган.

Ўзбекистон Россия таҳдидини яхши билади, Тошкент Москвадан масофа сақлайди

Ўзбекистон Россия томон яна бир қадам ташлайдими?

Эксклюзив: Мирзиёев махсус вакили Тошкент истаги, Толибон ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳақида

Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва Исломий Жиҳод Иттифоқига нима бўлади?

"Навоз Шариф Ўзбекистонда алоҳида олқишланди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Ўзбекистон Исломий ҳаракати номи остидаги ҳам эски ва ҳам янги гуруҳ ҳозир асосан Афғонистондан бошпана топиб келади.

Аввалига Покистон Қуролли Кучларининг қавмлар яшовчи Вазиристон минтақасида олиб борган кенг кўламли ҳарбий амалиётлари, кейин Афғонистон, Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари ва Афғонистон Толибон ҳаракатининг давомий ҳужумлари остида ҳаракат анча заифлашган. Сўнгги лидери Усмон Ғозийнинг тақдири ҳам ҳали-ҳануз мавҳумлигича қолмоқда.

Минтақадаги жангари гуруҳлар фаолиятини яқиндан тадқиқ этиб келаётган айрим экспертларга кўра, ҳаракат фаол аъзоларининг сонини ҳозир ҳатто бир неча юзга ҳам нисбат бериб бўлмайди.

Аксарият жангарилари ўлдирилган, афғон ҳукумат кучларига таслим бўлган ёки ҳибсга олинган.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, ҳам Покистон ва ҳам Афғонистон билан икки ўртада экстрадицияга оид битим амал қилади.

Аммо орада кечган вақт давомида бу икки давлатдан ортга аниқ қанча Ўзбекистон фуқаросининг экстрадиция этилгани тафсилотлари маълум эмас.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил сентябрь ойидаги афв тўғрисидаги фармони доирасида Ўзбекистонга қайтиш истагини билдирган ёки қайтган жангариларга оид маълумотлар ҳам яқин-яқингача кенг матбуотга имконли бўлмаган.

Генерал-лейтенант Абдусалом Азизов шу йил февраль ойида президент Мирзиёевнинг фармони билан Давлат Хавфсизлик Хизмати раиси этиб тайинланган.

У бунгача Ўзбекистон Ички ишлар ва Мудофаа вазири лавозимларида фаолият юритган.

60 ёшли Абдусалом Азизов сўнгги икки йилда ички ишлар вазирлиги ва қуролли кучларда амалга оширган ислоҳотлари билан ҳам танилган.

2017 йил октябрида МДҲ мудофаа вазирларининг йиғилишида қатнашиш учун Тожикистонга сафар қилган Азизов Ўзбекистон ҳамдўстликнинг жанубий чегаларини қўриқлаш учун барча чораларни кўради, деб айтган.

"Биз Афғонистон билан чегарадошмиз. Агар Тожикистон ё Қирғизистонда бирон нарса содир бўлса, бу шубҳасиз, Ўзбекистонга таъсир қилади. Чунки минтақа муштарак бир орган ва умумий қон айланиш тизимидир. Мамлакатларимиз ўртасида баъзи ҳудудларда чегара ҳам йўқ. Шунинг учун бу соҳада ҳамкорлик ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳим", деган.

Покистон сафари

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Минтақавий кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон Хавфсизлик Хизмати раҳбарининг Покистонга алоҳида ташрифи бу яқин ўртада кузатилмаган ва Абдусалом Азизовнинг сафари шуниси билан ҳам эътиборга лойиқ.

Жумладан, таҳлилчи Раҳимуллоҳ Юсуфзайнинг айтишича, бу - Ўзбекистоннинг Покистон билан янада кўпроқ мулоқотга киришиш, алоқада бўлиш истагида эканига далолат қилади.

"Тўқнаш келиб турган таҳдидлари умумий экани боис, Ўзбекистон Покистон билан ўзаро маълумот айирбошлаши мумкин эканига ишонади. Худди шу боис ҳам Азизов Покистонга сафар қилган", - дейди у.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, Покистонда ҳибсда тутиб турилган бирор бир ўзбек жангариси бор-йўқлигига оид аниқ маълумотлар йилларки кенг матбуотга имконли эмас ва бу анчайин ҳассос масала, мавзу сифатида кўрилади.

Минтақавий нашрларга таянилса, Покистонда экан, Ўзбекистон Хавфсизлик Хизмати раиси мамлакат Қуруқликдаги қўшинлари қўмондони билан учрашган.

Абдусалом Азизов генерал-лейтенант Камар Жавед Бажва билан мудофаа соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама этишган.

Покистон ҳарбийларига таянилган айрим хабарларга кўра, икковлон аксил-терроризм ва ҳарбий ўқув машғулотлари борасида келишиб олишган.

Эслатиб ўтиш жоиз, Покистоннинг Қуруқликдаги қўшинлар қўмондони ўтган йил май ойида Тошкентга сафар қилган.

Генерал-лейтенант Камар Жавед Бажва шахсан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлган.

Томонлар ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳадаги ҳамкорлик истиқболлари, замонавий хатар ва таҳдидларга қарши биргаликда курашиш масаласини муҳокама этишган.

Минтақада хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш масаласига диққат қаратишган.

Бу ўша пайтда ҳам минтақавий таҳлилчилар орасида, "расмий Тошкент ҳануз Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва иттифоқчиларидан хавотирдами", қабилидаги саволларни пайдо қилган.

Генерал-лейтенант Камар Жавед Бажва Ўзбекистон янги президентининг мамлакат Қуролли кучларини модернизациялаш ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш йўлида амалга ошираётган ислоҳотларини юқори баҳолаган.

Мамлакатининг Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлаган.

Покистоннинг Қуруқликдаги қўшинлари қўмондони эканига қарамай, генерал-лейтенант Камар Жавед Бажва президент Шавкат Мирзиёев билан ҳатто инвестициявий ва транспорт-коммуникация соҳаларида ҳам ҳамкорлик масаласида гаплашиб олган.

Минтақавий таҳлилчилар Покистонда дипломатияни ҳарбийлар юритишига урғу бериб, бунга ҳарбий дипломатия, дея баҳо ҳам беришганди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Покистон ўртасида сиёсийси бўладими, иқтисодий ва ёки маданий-гуманитари, кўплаб соҳаларда ҳамкорликнинг кучайиб бораётгани кузатилади.

Бу икки давлат Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг бир қисми саналишади. Покистон яқинда ташкилотнинг тўлиқ аъзосига айланган.

Минтақавий экспертларга кўра, Покистон Ўзбекистон билан биргина хавфсизлик соҳасида ҳамкорлигини кучайтирмоқчи эмас. Иқтисодий ва сиёсий алоқаларини ҳам янада яхшиламоқчи.

Ўзбекистон ҳам, Покистон ҳам минтақавий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш орқали Афғонистон ва Марказий Осиёда барқарорликни таъминлаш истагидадир.

Ўзбекистон мустақилликка эришган дастлабки йилларда покистонлик сармоядорлар жуда фаоллик билан Ўзбекистонга инвестициялар киритишган, савдо-сотиқ ва ишлаб чиқаришни бошлашган, бироқ 1996 йилда конвертацияга чеклов киритилиши Покистон бизнесменларини Ўзбекистондан совутган эди.

Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан, Покистон матбуотининг эътибори яна Ўзбекистон сармоялар учун жозибали мамлакатга айланаётгани мавзусига қаратилган.

Покистон расмийлари кўпгина соҳаларда қўшма корхоналар ташкил этиш эҳтимоли мавжудлигини, Ўзбекистон Покистон учун Россия ва бошқа Марказий Осиё мамлакатларига чиқишда, Покистон эса Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Африкага чиқишида кўприк вазифасини ўташи мумкинлиги айтишади.

Ўзаро ҳамкорлик

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Агар, таҳлилчиларнинг баҳоларига таянилса, ҳам минтақавий ва ҳам глобал миқёсда Қуролли кучлар ва қўмондонининг Покистонда қанчалик катта қудратга эга экани кўпчиликка яхши маълум.

Улар ҳарбийларнинг мамлакат президенти ва Бош вазиридан кўра муҳим ўрин тутишини яхши англашади.

Покистон минтақада энг катта армияга эга давлатлардан бири ҳисобланади.

Қуролли кучлари сафларидаги ҳарбийларининг сони бир миллионга яқин.

Минтақадаги ядро қуролига эга иккита давлатдан биттаси бўлади.

Покистон, шунингдек, жаҳондаги энг йирик исломий давлатдан бири ҳам саналади.

Шу боис ҳам, у билан учрашаётган томонлар фақат Покистоннинг ўзига эмас, унинг Қуролли кучлари - армиясига ҳам эътибор беришади.

Бундан ташқари, томонлар Покистоннинг Афғонистонда террорчилик ва турли жангари гуруҳларга қарши курашда қанчалик муҳим ўрин тутишини яхши билишади.

Покистон 2001 йилдан буён террорчиликка қарши курашиб келади. Бу борада узоқ йиллик тажрибага эга.

Таҳлилчиларга кўра, шу боис ҳам, Ўзбекистон бўладими ёки бошқаси, жангарилик, террорчилик ва экстремизмга қарши курашларида Покистон бу каби давлатларга ёрдам бера олади.

Экспертлар, ўз ўрнида, шаҳар терроризми, исломий терроризм ва мазҳабий терроризмга қарши курашда Покистон катта тажриба тўплаганини алоҳида урғулашади.

Марказий Осиё давлатлари, Россия, Хитой ва Эрон шундоқ биқинларидаги Афғонистонда ИШИДнинг бош кўтаришидан хавотирда.

Улар Покистоннинг бу борада катта тажрибага эга экани ва Толибон билан алоқалари яқин эканини яхши билишади.

"Толибон ҳам Афғонистонда ИШИДга қарши жанг қилиб келади. Шу боис ҳам, уларнинг барчаси ИШИДга қарши курашда Покистон билан ҳамкорлик қилишни исташади, - дейди Раҳимуллоҳ Юсуфзай.

Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон, айниқса, сўнгги йилларда бўй кўрсатаётган Афғонистондаги ўта беқарор вазиятдан хавотирда.

Таҳлилчи суҳбатдошимизга кўра, шу боис, улар Афғонистонга тинчлик келтириш масаласида ҳам Покистон билан ҳамкорлик қилишмоқчи.

Бу муаммога қандай қилиб барҳам бериш, Толибонни қай йўл билан музокаралар столига келтириш масаласида покистонлик ҳарбийларнинг қарашларини ҳам билишмоқчи.

Унинг айтишича, томонларни бир-бирига боғлаётган яна бир ришта - истихборатий соҳада ҳамкорликдир. Яъни, бу икки давлат истихборатий маълумотларни ҳам айирбошлашлари мумкин бўлади.

Шундай экан, Ўзбекистон ва Покистон тўқнаш келиб турган, бу икки томонни ҳамкорликка, бир-бирларига кўмак беришга ундаши мумкин бўлган муштарак омиллар, муаммолар кўп, - дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва минтақавий хавфсизлик

Фото муаллифлик ҳуқуқи video

Раҳимуллоҳ Юсуфзайнинг айтишича, ҳозир аввалги куч-қудратини йўқотган ва анчайин заиф эканига қарамай, Ўзбекистон Исломий ҳаракатини ҳануз таҳдид, дейиш мумкин.

Ҳаракат бундан уч йилча бурун Афғонистоннинг жанубий Зобул вилоятида Толибонга қарши жанг олиб борган. Мағлуб бўлган. Катта сондаги жангариларини бой берган. Омон қолганлари ҳозир ИШИД фаол бўлган Афғонистон шимолига йўл солишган. У ерда бўлган жангариларига қўшилишган.

Таҳлилчига кўра, ҳаракат минтақадан ўзига янги жангарилар ёллаш ниятидан ҳануз воз кечмаган. Айниқса, ёшларнинг Афғонистонга келиб, ўзларига қўшилишини истайди.

Имконсиз эканига қарамай, ҳаракат Ўзбекистон билан боғлиқ режаларидан ҳам воз кечмаган.

Унинг айтишича, бундан ташқари, жангарилар омон қолиш учун ҳам саъй-ҳаракат қилишлари керак. Доимо ўзлари учун хавфсиз бошпана қидиришлари лозим бўлади.

Аммо, суҳбатдошимизнинг урғулашича, ҳеч бир нарсани олдиндан қатъий ишонч билан айтиб бўлмайди.

"Чунки Сурия ва Ироқда жанг қилган жангарилар ҳисобидан сафлари кенгаядиган бўлса, ҳаракат минтақада яна кучайиши мумкин. Бу эҳтимолни ҳам назардан соқит эта олмайсиз".

Ўзбек томонини Покистонда ҳозир қанча Ўзбекистон Исломий ҳаракати аъзоси борлиги, ҳибсда борлари бўлса, афв асосида уларнинг ортга қайтиш истаклари бор-йўқлиги ҳам қизиқтирган бўлиши мумкин, дейди у.

Таҳлилчининг айтишича, "Ўзбекистонда жангари гуруҳлар таҳдиди Покистондагичалик фаол эмас. Аммо алоқалари бўлиши мумкин. Чунки бу гуруҳлар гоҳида тарғибот видеоларини эълон қилиб туришади. Менимча, шунга ўхшаш маълумотлар айирбошланиши мумкин. Яъни, эҳтимолий ҳужум хавфи пайдо бўлса, Покистон бу ҳақда Ўзбекистонни огоҳлантира олади".

"Аримаётган хавотирлар"

Фото муаллифлик ҳуқуқи video

Расмий Тошкент сўнгги бор "Ўзбекистон номини суиистеъмол этаётган гуруҳдан хавотир"ини бундан икки йил бурун изҳор этган.

Ўзбекистон томонининг бу каби сўзлари Афғонистон Миллий Хавфсизлик Кенгаши маслаҳатчиси бошчилигидаги ҳайъатнинг Тошкентга қилган сафари чоғида янграган.

Кузатувчилар ва таҳлилчилар Ўзбекистон томони бу қабила "хавотир билдирган" гуруҳни Ўзбекистон Исломий ҳаракатига йўйишган.

Ҳаракат қарийб йигирма йилдирки, Ўзбекистон ташқарисида - Афғонистон ва Покистонда худди шу ном остида фаолият юритиб келади.

Ўтган йил бошида Ўзбекистон Исломий ҳаракати ҳамасосчиси ва биринчи лидери марҳум Тоҳир Йўлдош ўғлининг дастлаб шимолий Сарипул вилояти, орадан қисқа вақт ўтмай, унга ва Туркманистонга бевосита қўшни Жаузжон вилоятига ўтганига оид хабарлар олинган.

Унинг маҳаллий ёшлар орасидан ўзига янги аъзолар ёллаётгани ва афғон ҳукуматига қарши жанг олиб боришга ҳозирлик кўраётганидан жиддий хавотирлар янграган.

Сўнгги йилларда айнан Афғонистон шимолида ИШИД жангариларининг деярли тор-мор этилгани айтиларкан, Тоҳир Йўлдош ўғлининг тақдири ҳали-ҳануз мавҳумлигича қолмоқда.

Ўзбекистон, неча ўн йилдирки, дунёнинг энг қайноқ саноқли нуқталаридан бири бўлиб қолаётган Афғонистонга бевосита чегарадош минтақа давлатларидан бири бўлади.

Афғонистон, бундан ташқари, Сурия ва Ироқ қаторида жаҳоннинг ўзбек жангарилиги муаммоси ҳануз ўз кучини йўқотмаган учта давлатидан биттаси саналади.

Ўзбекистон минтақада азал-азалдан ҳарбий-хавфсизлик масаласини ўзи учун устивор, деб билган давлат сифатида кўриб келинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи VCG

Шу йил апрель ойида эса, Ўзбекистон ҳудудида илк бор Покистон ва Туркия билан қўшма ҳарбий машғулотлар бўлиб ўтган.

Бу Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёев қудратга келган икки йилдан сал ортиқроқ вақт ичида ўтказаётган кўплаб қўшма ҳарбий мақшларнинг навбатдагиси бўлган.

Яъни, Ўзбекистон айни шу давр оралиғида бунга ўхшаш машғулотларга зўр берган, бунгача Франция, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари билан бирга машқ қилиш, тажриба алмашишга улгурган.

Айни шу машғулотларга ўз баҳоларини бераркан, минтақавий экспертлар Шавкат Мирзиёев бошчилиги остидаги Ўзбекистоннинг янги ҳукумати ҳам буни алоҳида урғулаётганига диққат қаратишган.

Улар наздларида бу қўшма ҳарбий машғулотлар Ўзбекистон учун Покистон билан яқин сиёсий ва иқтисодий алоқаларни тутиб туришнинг жуда муҳим эканига далолат қилган.

Расмий Тошкент ҳарбий-сиёсий тактикасидаги бу каби янгиланиш, ўзгаришлар Ўзбекистоннинг Афғонистонга оид тинчлик музокараларида муҳим ўрин тутиш, рақиб томонлар ўртасида воситачилик қилиш ҳаракатлари манзарасида кузатилган.

Бошқа томондан, Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик Хизмати раисининг Покистонга сафари жангарилар муаммосини аритиш, юмшатиш учун Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти қатор чораларга қўл урган, жумладан, президент Шавкат Мирзиёев афв тўғрисидаги фармонни қабул қилишидан унча кўп вақт ўтмай кузатилган.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, Покистонга сафар жангарилар таҳдидининг аввалгидек жиддий ва йирик эмаса-да, ҳали-ҳануз мавжуд экани, буткул барҳам топмаганига далолат қилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek