Ўзбекистон: Ҳокимлар узр сўради, аммо ҳеч нарса ўзгармадими?

Фарғона вилоят ҳокими Фото муаллифлик ҳуқуқи XPK
Image caption Фарғона вилоят ҳокими бузилган бозорда туриб узр сўради.

Президент топшириғидан сўнг бузилишлар бўйича халқ норозилига сабаб бўлган вилоят ҳокимлар бирин кетин узр сўради. Бироқ блогерлар ҳокимлар танқиддан хулоса чиқармади, дейишмоқда. Андижон ва Сурхондарёда Мирзиёев селекторидан сўнг мажбурий меҳнатга жалб қилингани айтилмоқда. Ҳокимларнинг истеъфоси талаб қилинмоқда.

4 август, якшанба куни Президент Мирзиёевнинг кескин танқидларига сабаб бўлган Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоят ҳокимлари содир этган амаллари учун узр сўради.

Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бир кун олдин 10 мингдан ортиқ бюджет ходимлари мажбурий меҳнатга сафарбар этилган Риштон туманига бориб кечирим сўради.

Халқаро пресс клуб чоп қилган 7 дақиқалик видеода тумандаги вайрон қилинган бозор ўрнида 50 атрофида одам йиғилганини кўриш мумкин.

"Бу ерда, Риштон туманида мана шу марказий деҳқон бозорининг қурилиши билан боғлиқ йўл қўйилган хато камчиликларда Ўзбекистон республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси обрўсининг ҳеч қанақа алоқаси йўқ. Бу ерда хато, камчиликка йўл қўйган раҳбарлар бу - вилоят ҳокимидан бошлаб, туманнинг раҳбарлари. Шуни ажратиб олайлик", деган Шуҳрат Ғаниев.

Вилоят ҳокими Риштонда хатога йўл қўйган туманнинг 14 амалдори ишдан олинганини айтган.

Йиғилганлар ҳокимнинг узрини қарсаклар билан кутиб олган.

"Биз шунақанги одамлармизки, ичимизда гина сақламаймиз", дейди ҳокимнинг узрини эшитишга йиғилган аёллардан бири.

Ғаниев бундан олдин бир неча маротаба бузилиб, қайта-қайта қурилган ва сўнгги бор таг-туби билан йўқ қилинган эски бозор 25 сотих ерда жойлашган бўлса, янги бозорга 2 гектарга яқин ер ажратилади, деган.

Узр сўралган видео ижтимоий тармоққа чиқарилиши ортидан риштонликлар вилоят ҳокими уйлари бузилиб, кўчада қолган одамларни эслаб ҳам қўймаганига эътибор қаратишган.

"Мен учун кураш тугаганича йўқ! Ҳали уйи снос бўлганларнинг розилиги олингани йўқ. Рози қилинмади ҳали. Нега хурсанд бўлишим ва чапак чалишим керак экан?! Чала компенсация учун чапак чалайми? Уйининг фундаменти қуйилмаган аҳоли учун чапак чалайми?

Йўл бўйидагилар ҳалиям нима қиларини билмай турибди. Ҳокимиятдаги манқуртлар Риштон аҳлини ўйлагани йўқ. Нега менга ҳалиям қўнғироқлар бўлиб ётибди? Нега ҳокимият вакилига мурожаат қилишмайди?!", деб ёзади Риштондан мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳодир Элибоев.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Қашқадарё вилоят ҳокими Шуҳрат Рўзиев узрини ёнидагилар блокнотига ёзиб олмоқда.

Қашдақадарё вилоят ҳокимининг узр сўраш саҳнаси атрофида блокнот ушлаб нималарнидир ёзаётган, амалдорга ўхшаб кийиниб олган шахслар билан омма эътиборига тушди.

"Бизнинг мансабдорларда, мулозимларда ғалати бир одат бор. Бошлиқ гапирса бош фақат эгилган, блокнотда бир нималар ёзиб ўтиради. Улар шу орқали раҳбарига хурмат намойиш қилмоқчи бўлади. Блокнот билан хурмат, кулгули.

Ушбу расмда ҳам Қашқадарё ҳокими узр сўрамоқда атрофидагилари эса блокнотдан бош кўтармайди. Нимани ёзмоқда? Узр матниними? Нега? мажлис бўлмаса бу. Хуллас кулгули ва носамимий такаллуф", деб ёзди блогер Нозим Сафаров.

Фикр билдирганлар ўзбекона узр сўраш билан муаммо ҳал бўлиб қолмаслигини, балки ҳокимлар истеъфога чиқиши кераклигини талаб қилишмоқда. Фикрлар #БизКутяпмиз #МыЖдем хэштеглари билан ёзилган.

"Билмасдан автобусда кимнингдир оёғини босиб олсанг, оломоннинг ичида елканг билан туртиб юборсанг узр сўралади. Сен ўзбек қадрининг сўнгги таянчи бўлган бошпанасини бузсанг, қадрига тупурсанг, болалари ва қарияларини кўчада қолдирсанг, қанқа "узр" сўраш мумкин? Тиз чўкиб, кўзда ёш билан болалар ва оналардан кечирим сўраш керак. Бу ҳам истеъфога чиққандан сўнг бўлиши керак", деб ёзади Feruzkhan Yakoubkhodjaev.

Xushnudbek.uz канали Президент Мирзиёевнинг "жон куйдириб" селекторда гапиришга қарамасдан вилоят ҳокимлари одамларни дам олиш куни мажбурий меҳнатга жалб қилаётгани ҳақида ёзди.

"2 августда Президент ёниб-куйиб, қайғуриб, жон куйдириб селектор қилди, бу кишим эса 3 август куни ҳаммани мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳақида ШОШИЛИНЧ ТОПШИРИҚ берибди. Мақсад - Президентга ишлар жадал кетаётганлиги ҳақида кўрсатиладиган видеони чиройли чиқариш учун экан", дейди у.

Хушнудбек Худайбердиев гапига асос сифатида вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов имзоси қўйилган шошилинч хабарномани нусхасини илова қилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи @xushnudbek.uz
Image caption Якшанба куни ишга чиқиш ҳақида шошилинч хабарнома

Шундан сўнг у Сурхондарёда ҳам Мирзиёев мажлисидан сўнг вилоят ҳокими Тўра Боболов бюджет ташкилоти ходимларини М39 трассаси атрофини бегона ўтлардан тозалашга жалб қилиш ҳақидаги телефонаграммасини жойлади.

"Вилоят ҳокими ўзининг 2 августдаги топшириқ хати билан, ташкилот раҳбарлари ва ходимларини 3 август, шанба куни, соат 6:00 да М39 автомобиль йўли бўйлаб бегона ўтлардан тозалаш, гул экиш ва суғориш ишлари учун мажбурий сафарбар этмоқда", дейди Хушнудбек Худайбердиев.

Би-би-сининг Сурхондарё вилоят ҳокимлиги билан боғланишга қилган уринишлари самара бермади.

Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Ботир Абдумажитов ҳоким 800 дан ортиқ одамни ишга мажбурлаганини рад қилди.

"Хонтоғда қурилаётган дала ҳовлилар ҳеч қандай мажбурий меҳнатга асосланмаган. Бу ерда ишчи ходимларни назарда тутилмаган. Масалан, сиз ўзингизга тегишли бўлган уйни олгансиз, уйни қурилишини жадаллаштириш мақсадида қурувчиларни назарда тутиб гапирилган. Ишчи ходимлар йўқ бу ерда"

Вилоят ҳокими мактубида тасвирга олиш ишлари сабаб бир неча корхона ва тадбиркорлар ўз ишчилари билан етиб келиш кўрсатилган.

"Масалан, Андижон биокимё заводи иккита дала ҳовли олган бўлса, мана шу дала ҳовлисини қуриш учун одам назарда тутилган. Ўзига тегишли бўлган дала ҳовлини қуриш учун қурилиш ишини амалга оширувчи қурувчилар назарда тутилган. Мажбурий меҳнат йўқ", дейди Ботир Абдумажитов.

Абдумажитовнинг таъкидлашича, ҳокимнинг топшириғи ташкилот раҳбарларига ишни жадаллаштириш мақсадида қурувчилар сонини кўпайтириш бўйича берилган.

"Ҳозир Ҳонтоғ маҳалласига бориб суриштирсаларингиз ҳам у ерда қурувчилар ишлаётганини кўрасиз. (Ҳоким томонидан, Биби-си таҳ.) шарт қўйилиши, масалан, бугун сизнинг оилавий ишингиз бор, сиз қурилиш ташкилоти ходимисиз. Шу оилавий дам олишга муҳтожмас ёки қайсидир куни дам олган ходимингни жалб қилгин, деган мақсадда қўйилган-да. Қурувчилар олиб келинади, бу ерда ҳеч қандай давлат ташкилоти ходимлари йўқ", - дейди у.

Вилоят ҳокимлигининг матбуот котиби тасвирга олиш жараёни Хушнудбек Худайбердиев ёзганидек, Президент Мирзиёевга кўрсатиш учун махсус олинмаслигинии билдирди.

"У ерда ҳеч қандай тасвирга олиш махсус уюштирилгани йўқ. Ҳар кунлик бўлаётган ишлар тасвирланиб кетяпти. Матбуот котиби сифатида бугун уюштирилган, махсус тасвирга олиш бўлмаганини тасдиқлайман", дейди Ботир Абдумажитов.

Мақола тўлдирилди.

Мақола чоп қилинганидан сўнг Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Ботир Абдумажитов Би-би-сига телеграм орқали вилоят ҳокими томонидан чиқарилган Шошилинч хабарнома уйдирма бўлиб чиққанини билдирди.

"Хабарнома вилоят хокимлигидан чикарилмаганлиги ва бу уйдирма булиб чикди", деб ёзди у.

Би-би-си ундан телефон орқали боғланилганида ишга чиқаришда кимлар назарда тутилгани ҳақида тушунтириш берганини эслатди.

"Тугри у ерда олиб борилаетган ишларни назарда тутган холда фикир билдирдим этибор берсез у ерда ташкилот ходимлари бормаганлиги ва айнан тасвирга тушириш ишлари олиб борилиши керак булганда тасвирчилар ва биз уша ерга борган булардик деб такидлаб утганман", деб ёзди Ботир Абдумажитов.

Матбуот котибининг ёзганлари ўзгартиришсиз берилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи @хushnudbek.uz
Image caption Ҳокимликнинг жавоби

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek