Ўзбекистон: Мирзиёев ҳокимлардан уйларни бузиш ҳуқуқини олиб қўйди, мансабдорларнинг жавобгарлиги кучайтирилади

Бузилиш Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz

Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган фармойишга кўра, ҳокимлардан уй ва биноларни бузиш ҳуқуқи олиб қўйилди. Бузилиш ишлари марказлаштирилди. Энди фуқароларнинг мулкини бузиш ишлари фақат Бош вазир қарори билан амалга оширилади.

Мирзиёев ҳокимиятга келган илк ойларида ҳокимларни ўз ҳимоясига олишини билдирган эди.

Бузилишлар ортидан келиб чиққан норозолик чиқишлари ва амалдорни ёқиб юбориш ҳаракатлари Президентни ҳокимлар ваколатини қисқартириш ҳақида фармойиш чиқаришга ундаган бўлиши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида фармойиш қабул қилди.

Адлия вазирлигининг хабар беришича, 3 август куни имзоланган фармойишга кўра, 2019 йил 5 августдан бошлаб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ер участкаларини олиб қўйиш ҳамда кўчмас мулк объектларини бузиш ишлари қуйидагича 3 босқичда амалга оширилади:

  • ҳокимлар томонидан бузилиши режалаштирилган ҳудуд бўйича материаллар тўплами Вазирлар Маҳкамасига киритилади;
  • Вазирлар Маҳкамасида шаҳарсозлик талаблари бўйича ва молиявий ҳисоб-китоблар бўйича хулосалар тайёрланади;
  • хулоса Бош вазирга кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритилади.

Ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарар миқдорини хатловдан ўтказиш бўйича республика мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи ва ҳудудий ишчи гуруҳлар таркиби тасдиқланган.

Шунингдек, хатловдан ўтказишга кўмаклашиш учун ҳудудларга бириктириладиган масъуллар рўйхати, хатловдан ўтказиш ҳамда уларни қоплашда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича "йўл харитаси" тасдиқланди.

Ҳукумат томонидан бир ой муддатда бу борада қарор қабул қилинади.

Қарорда давлат дастурлари, йирик инвестиция ва бошқа лойиҳаларни ҳудуддаги кўпчилик аҳолининг фикрини инобатга олган ҳолда амалга ошириш, ер участкалари олиб қўйилишида уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг мулкдорлари билан очиқ муҳокамалар ўтказган ҳолда, биринчи навбатда, эскирган ва авария ҳолатидаги уй-жой фонди объектлари, шу жумладан фойдаланилмаётган объектлар билан банд бўлган ер участкаларини танлаб олиш кўзда тутилади.

Шунингдек, ҳокимлар томонидан ер участкаларини олиб қўйиш ҳақида қарор қабул қилиш учун ушбу ҳудудда жойлашган турар ва нотурар кўчмас мулк объектлари мулкдорларининг розилигини олиш ҳамда ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш бўйича ёзма келишув тузиш кўрсатилади.

Ер участкалари ноқонуний олиб қўйилганлиги муносабати билан мулкдорларга зарар етказилганлиги учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш юзасидан Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Мазкур тартиб фармойишда кўрсатилган ер участкаларини олиб қўйиш ва мулкдорларга етказилган зарарларни қоплаш тартибини белгиловчи Ҳукумат қарори қабул қилингунига қадар амал қилади.

Президентнинг фармони Фарғона, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида бузилишлар ортидан аҳолининг норозилиги келиб чиши ортидан қабул қилинмоқда.

2 август куни Президент видеоселектор ўтқазган ва бу уч вилоят ҳокимларини номма-ном тилга олиб танқид қилган.

Президентнинг топшириғи ортидан Фарғона, Ҳоразм ва Қашқадарё ҳокимлари бузилишлар содир этилган ҳудудларга келиб аҳоли ва жамоатчиликдан узр сўради.

Бироқ ижтимоий тармоқдагилар узр сўраш билан иш битмаслиги, оилаларни ёш боласи ва қарияси билан кўчада қолишга сабаб бўлган бу ҳокимлар истеъфога чиқиш кераклигини таъкидлашмоқда.

Президент жума куни ўтказган селектори давомида Бош вазир Абдулла Арипов ва Президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновга хатога йўл қўйган ҳокимларни ишдан олиш бўйича таклиф беришни айтган.

Телеграмдаги бир неча блогер қайси ҳокимга биринчи бўлиб ишдан кетиши керак, дея сўровномалар ташкил қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek