Ўзбекистон: Инсон ҳуқуқларининг икки хил юзи ёхуд Акмал Саидов қандай тобланди?

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов "Жаслиқ" қамоқхонасида маҳбусларга нисбатан қийноқ қўллангани эҳтимолини истисно қилмаган.

"Мен "Жаслиқ"да қийноқлар бўлмаган деб айта олмайман", - деган Саидов сешанба куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган матбуот анжуманида.

Унга кўра, "Жаслиқ"дагига ўхшаш ҳодисалар такрорланмаслиги лозим.

Ўзбекистон: Жаслиқ ёпилди, лекин у билан боғлиқ сирлар ҳам ёпиқлигича қолиб кетаверадими?

Алвидо, Жаслиқ: "Адолат қисман қарор топиши учун қамоқхона ходимлари жазоланиши керак"

Ўзбекистон: Соқол ва ҳижобга рухсат. Аммо, лекин, бироқ...

2 август куни Президент Мирзиёев ўзининг қарори билан "борса келмас" деб ном чиқарган қамоқхонани ёпишга буйруқ берганди.

"Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш тўғрисида"ги қарорга мувофиқ, қамоқхонадаги 395 нафар маҳбус бошқа муассасаларга кўчирилади.

Айни пайтда Акмал Саидов "Жаслиқ"да бошқа жазо муассасаларига нисбатан шароитлар яхши бўлганини айтган.

"1999 йилда ташкил этилган Жаслиқ колониясида мен ҳам бўлганман. Очиғини айтишимиз мумкин, бошқа турмалар билан солиштирганда яхшироқ эди. Бу жойда ҳамма шароитлар бор эди", - деган профессор Саидов.

Унинг журналистларга айтишича, узоқ йиллар давомида "Жаслиқ" бир тамғага айланганди ва Ўзбекистоннинг сиёсий рейтингига салбий таъсир кўрсатиб келаётганди.

Бош адвокат

Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича бош музокарачиси бўлган Акмал Саидов "Ўзбекистон 24" телеканалига берган интервьюсида "Ўзбекистоннинг зўравонликка доир дунёга донғи кетган айрим ишлари айнан "Жаслиқ" билан боғлиқ бўлгани"ни айтган.

"Энди тарихни ўрганиб, у ҳеч қачон такрорланмаслиги учун хулоса чиқариш лозим", - деб айтган мулозим.

У Президент "Жаслиқ"ни ёпиш ҳақидаги қарори билан "тарихий жасорат" кўрсатганини таъкидлаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи VOA
Image caption Акмал Саидов ва Стив Свердлоу 2018 йил ноябрида Самарқанддаги инсон ҳуқуқлари анжуманида

Саидовнинг сўзлари унинг ўтмишда "Жаслиқ" ва умуман, Ўзбекистоннинг жазони ижро этиш тизими ҳақида берган баёнотларидан кескин фарқ қилади.

2013 йил Женевадаги БМТ Инсон Ҳақлари Қўмитасида ўтган муҳокамада Саидов "Жаслиқ"ни ҳимоя қила туриб, у ерда йиғилган халқаро экспертларга бақира кетганди.

Гувоҳларнинг айтишича, Саидов БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси аъзоларининг саволларига столни муштлаш билан жавоб берган.

"Ўзбекистон ҳукумат ҳайъати реал одамларнинг қийноққа солингани ҳақидаги жуда ҳам жиддий, аниқ ва батафсил саволларга бақириб-чақириш билан жавоб қайтарди. Бу бизни ларзага солди, аммо ҳайратга солгани йўқ. Жаноб Саидов Қийноқларга қарши қўмита Ўзбекистонга қандай яшаш кераклигини ўргатмаслиги керак, қабилида жавоб қайтарди. Унинг айтишича, Жаслиқ қамоқхонасидаги муаммо фақат об-ҳаво, иқлим шароитлари билан боғлиқ, холос", - деб айтганди Би-би-си билан суҳбатда Ҳьюман Райст Уотч вакили Стив Свердоу.

Свердлоу Ўзбекистоннинг "Жаслиқ"ни ёпиш қарорини биринчилардан бўлиб олқишлаган.

"Жаслиқ"нинг ёпилиши, шубҳасиз, яхши янгилик. Ҳьюман Райст Уотч бу қадамни олқишлайди. Бирлашган Миллатлар ва бошқа халқаро ташкилотлар салкам 20 йилдан буён "Жаслиқ"ни ёпишга чақириб келаётганди", деб айтган Стив Свердоу.

"Қийноқ қўлланмаган"

5 август куни президент қарорини шарҳлаган Ички ишлар вазирлигининг юқори мартабали мулозимлари "Жаслиқ"да маҳбусларнинг қийноққа солинганини рад этишган.

"Жаслиқ колониясида қийноқлар бўлмаган. Маҳбусларга нисбатан қийноқлар ҳозир ҳам мавжуд эмас", - деб айтган Ички ишлар вазирининг ўринбосари Баҳромбек Одилов.

Оддий халқ тилида "борса келмас" номини олган "Жаслиқ" колонияси 1999 йилдаги Тошкент портлашларидан кўп ўтмай, Қорақалпоғистоннинг олис ва кескин об-ҳаво шароитлари билан маълум айни номдаги посёлкасида очилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Kun.uz
Image caption Ички ишлар мулозимларига кўра, "Жаслиқ"да маҳбуслар қийноққа солинмаган

У ерда асосан диний-сиёсий маҳбуслар сақлангани маълум.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари "Жаслиқ"да ўнлаб маҳбусларнинг қийноқлар натижасида вафот этганини ҳужжатлаштирган.

2002 йил ноябрида "Жаслиқ"қа ташриф буюрган БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовен Ўзбекистон ҳибсхона ва қамоқхоналарида қийноқларнинг мунтазам қўлланишини айтган.

БМТ махсус маърузачисининг 2003 йил мартида эълон қилинган ҳисоботи ортидан Ўзбекистон ҳукумати қийноқларга қарши кураш бўйича махсус дастур қабул қилган, аммо вазият то Ислом Каримовнинг вафотига қадар ўзгаришсиз қолган.

"Жаслиқ"нинг ёпилишини олқишлаган маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари фаоллари қийноқ қурбонларига товон тўлдаш ва бегуноҳ қамалганларни тўла оқлашга чақиришган.

Аммо Ўзбекистон ҳукумати "Жаслиқ" ва бошқа қамоқхоналарда сиёсий айблар билан ўтирган маҳбусларни оқлашга тайёрлиги борасида бирон ишора бермаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek