Ўзбекистон: Ҳокимлар истеъфоси қолдирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Prezident Matbuot Xizmati
Image caption Мирзиёев халқнинг ғазабига учраган ҳокимлардан ўзини узоқлаштирган

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси тарқатган расмий ахборотга кўра, қурилиш ва бузилишларда хатога йўл қўйгани учун Президент ғазабига учраган Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимларининг истеъфоси кечиктирилаётган бўлиши ҳам мумкин.

8 август куни тарқатилган расмий хабарда айтилишича, йил якунлари бўйича барча вилоятлар, жумладан, Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, жойларда юзага келган вазиятни ўнглаш бўйича амалга оширилган ишлар самарадорлигига баҳо берилади.

Ҳокимлар узр сўради, аммо ҳеч нарса ўзгармадими?

Мирзиёев ҳокимлардан уйларни бузиш ҳуқуқини олиб қўйди, мансабдорларнинг жавобгарлиги кучайтирилади

Ҳокимлар вазирга қулоқ солмаяпти, мажбурлаб ишлатиш давом этмоқда

"Президентимиз топшириғига мувофиқ, йўл қўйган қўпол хатолари ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилгани учун Фарғона вилояти Риштон тумани ҳокими, иқтисодиёт ва қурилиш масалалари бўйича ҳоким ўринбосарлари, ҳоким ва унинг қурилиш бўйича ўринбосари, Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани ҳокими, унинг қурилиш бўйича ўринбосари, туман прокурори ва Урганч шаҳар ҳокими ўринбосари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди", - дейилади Президент Администрацияси хабарида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи XPK
Image caption Уч нафар ҳоким халқдан кечирим сўрагани акс этган видеолар тармоқларда эълон қилинган.

Унда айтилишича, "вилоят ҳокимлари ва бошқа масъул шахсларнинг эгаллаб турган лавозимидан дарҳол озод этилиши улар учун вазиятдан чиқишнинг энг осон йўлидир".

Унинг ўрнига "давлатимиз раҳбари томонидан тегишли ҳудудлар раҳбарларининг жойларда улар йўл қўйган хатоларни тузатиш, фуқароларнинг мулкий ҳуқуқлари ва ҳукуматга ишончини тўлиқ тиклаш бўйича ишларда уларнинг шахсан иштирок этишини таъминлаш мақсадга мувофиқ", деган хулосага келинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot

"Йил якунлари бўйича барча вилоятлар, жумладан, Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, жойларда юзага келган вазиятни ўнглаш бўйича амалга оширилган ишлар самарадорлигига баҳо берилади", дейилади ЎзАда эълон қилинган расмий хабарда.

2 август кунги видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев "снос" масаласида аҳолининг норозилигини уйғотган Қашқадарё, Хоразм ва Фарғона вилоятлари ҳокимлари Зафар Рўзиев, Фарҳод Эрманов ва Шуҳрат Ғаниевга танбеҳ берганди.

Мирзиёев халқнинг ғазабига учраган ҳокимлардан ўзини узоқлаштирган.

"Мана, одамлар изоҳларда йиғлаяпти, сенинг расминг йўқ, президентнинг расми бор. Сен ноинсоф бориб, Эрмановга ўхшаб аҳмоқларча «буза, буз» дейсан. Бузишдан аввал сен ўз бошингни буз. Мен сени шунинг учун тарбия қилиб юрувдимми? Қош қўяман деб кўз чиқариб, бутун Ўзбекистонни шарманда қиляпсизлар", деб айтган Мирзиёев.

Президент уларни давлат раҳбари сиёсатига "хиёнат қилиш"да айблаган ва халқдан кечирим сўрашни талаб қилган.

Мирзиёев шунингдек, бош вазир Абдулла Ариповга ҳамда ўз администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновга қайси вилоят ҳокимини ишдан олиш бўйича тавсия киритиш ҳақида кўрсатма берганди.

Бунинг ортидан ижтимоий тармоқларда ҳокимларнинг фаолиятига танқидий баҳо берилган ижтимоий сўровлар ўтказилган, блогерлар ҳамда қатор нашрлар вилоят ҳокимларини истеъфо беришга чақиришганди.

Уч нафар ҳоким халқдан кечирим сўрагани акс этган видеолар тармоқларда эълон қилинган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek