Ўзбекистон таҳлили: Шавкат Мирзиёев ислоҳотлари бажарилмай туриб, ҳамма чарчаб қолиши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи Prezident.uz
Image caption Ўзбекистон халқи Шавкат Мирзиёевдан кўп ислоҳотлар кутмоқда.

"Захираларга бой Ўзбекистон хорижий сармояларни жалб қилиб, ҳукумат ислоҳотлари ёрдамида иқтисодий моделда инқилоб қилиш умидида" - ёзади Эллиот Смит CNBC (Consumer News and Business Channel) тармоғида.

Муаллиф Ўзбекистон дунёдаги энг олтинга бой тўртинчи давлат эканини, мис, уран ва ёқилғи бойликлари кўплигини таъкидлайди.

Айни дамда, Президент Мирзиёев иқтисодда, маҳкама ва инсон ҳуқуқлари тизимида ислоҳотларга интилаётгани, коррупцияни йўқотишга, молиявий бозорларни эркинлаштириб, маҳаллий ҳамда хорижий сармоядорлар учун шароит яратишга ваъда қилаётганини ҳам тасдиқлайди.

"Бу ислоҳотлар эса Ўзбекистонни 1990-йиллардаги Польша ёки 2000 йиллардаги Руминия даражасига олиб чиқиши мумкин" - дейди Auerbach Grayson таҳлилчиси Ипек де Вилдер.

Мирзиёев ҳаммани чарчатадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи JASON LEEAFPGetty Images
Image caption Мирзиёев ислоҳотлари бажарилмай, кўпчилик чарчаб қолиши эҳтимоли айтилмоқда.

Муаллиф Ўзбекистоннинг бу ўриндаги имкониятларини ҳам санайди: жойлашган ўрни, ёш аҳолиси, табиий бойликлари ёки ҳукумат ва хусусий секторда қарздорлик камлиги.

Лекин Мирзиёев ҳукуматининг кўплаб тараққиёт стратегияси тўлиқ ҳаётга тадбиқ этилмаяпти.

Алоқадор мавзулар:

Ўзбек деҳқони 100 йил кутган ислоҳот

Мирзиёев ва халқ: муҳими мулоқотми ё ислоҳот?

Мирзиёев фармонини бажармаса ҳам бўладими?

"Ҳақиқатни олганда, бозор иқтисодига ўтиш ҳамон эҳтимолдан узоқ, чунки мунтазам равишда иқтисодни давлат юритишига таянилади" - дейди Economist Intelligence Unit ташкилоти халқаро прогнозлар бўйича етакчи мутахассиси Агате Демараис.

"Ислоҳотлар чарчатиб ташлаш хавфи ҳам бор" - давом этади мутахассис.

"Мирзиёв қисқа вақт ичида кўп ислоҳотларни олдинга сурмоқда. Уларнинг кенг миқёси ва кўламини ҳисобга олсак, айни ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этиш қийин кечиши мумкин".

Демараисга кўра, Ўзбекистон жамияти эркин бозордан узоқ, чунки Совет Иттифоқидан қолган мерос ҳамон тирик ва уни онг-шуурдан чиқариб ташлаш учун ўнлаб йиллар вақт кетади.

Демократия бўлмайдими?

Image caption Ўзбекистонда муаммо кўп: қашшоқлик, коррупция, ишсизлик, экология, хавфсизлик, ҳуқуқсизлик...

Демократия кўрсаткичи бўйича 2018 йили Economist Intelligence Unit ташкилоти Ўзбекистонни 167 мамлакат ичида 156-ўринга қўйган.

Бу Судандан кейинги ўрин. Яъни Ўзбекистон демократия бобида ҳамон жуда орқада.

Демараиснинг ишонишича, Мирзиёев иқтисодий муҳитни ислоҳ этишга интилса ҳам, демократияни кучайтириш учун сиёсий ислоҳотлар қилмаса керак.

"Тўғри, Президент баъзи сиёсий маҳкумларни озод қилди" - давом этади мутахассис - "Аммо сўз эркинлиги борасида айрим косметик ўзгаришлар ва президентнинг ижобий сўзлари ҳақиқий ислоҳотларга айланадиганга ўхшамайди".

Бироқ бошқа бир нуфузли гуруҳ - Capital Economics янги бозорлар бўйича бош мутахассиси Уильям Жексон Ўзбекистон кенг қамровли ижобий ўзгаришлар қилганини таъкидлайди.

Уильям Жексонга кўра, бу ўзгаришлар узоққа мўлжалланган режалар ва сармоядорлар ишончини ошириш учун қулай.

Айни пайтда, у Ўзбекистоннинг ташқи савдода Россияга жуда ҳам боғланиб қолганига эътибор қаратади.

"Россияда потенциал ўсиш жуда ҳам заиф" - дейди мутахассис.

"Ўзбекистон яқинда кредит гуркирашини бошидан кечирди ва натижада импорт кескин ошди, жорий аккаунт дефицити эса кенгайди. Шу сабабли бугун хорижий капитал келишига боғланиб қолди".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek