Мирзиёев топшириғи билан Ўзбекистон бўйлаб боғ яратган тадбиркорни ким йиғлатди?

Тадбиркор Солижон Мирзажонов ўзига нисбатан туҳмат бўлаётганини айтмоқда Фото муаллифлик ҳуқуқи Karimberdi To'ramurod
Image caption Тадбиркор Солижон Мирзажонов ўзига нисбатан туҳмат бўлаётганини айтмоқда

Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан Ўзбекистон бўйлаб боғ ташкил қилган олтиариқлик тадбиркор Солижон Мирзажонов Президент ёрдамига эҳтиёж сезаётганини айтмоқда. Мол-мулки ҳокимият томонидан ноқонуний олиб қўйилганини билдирган тадбиркорнинг боши суддан чиқмай қолган.

Шағал карьерини ноқонуний ишлатди, деган айб билан 2017 йили 8 йилга қамалган Солижон Мирзажонов бир йилдан сўнг Андижон вилоят суди томонидан ҳақ деб топилган ва қамоқдан чиқарилган эди.

Бироқ Бош прокуратура бу ҳукмдан норози бўлиб, Олий суд ҳайъатига апелляция ёзди. Энди тадбиркорнинг ишини Наманган вилоят суди кўриб чиқмоқда.

Мирзажоновнинг айтишича, унинг иши кўриб чиқилаётган вақтда 600 дан ортиқ одам тергов қилинган.

Уларнинг бирортаси тадбиркорга тегишли бўлган темир-бетон заводига қарашли карьердан бир машина ҳам шағал олмагани ёки машина билан ташиб кетилганини кўрмаганини айтган.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, унинг бўйнига қўйилаётган 8 миллиард сўмлик шағални умуман ишлатмагани тўғрисидаги тақдим қилган далилларни прокуратура ходимлари йўқотиб юборган.

"5 гектарини кавлаб олгансизлар, деб туҳмат қилишяпти. 2004 йил, карьер бекилганидан кейин мен спутник орқали ҳамма жойни сёмка қилиб чиққанман. Ана энди прокуратура томонидан тинтув пайтида уларни далолатнома билан олган. Факт турибди. Лекин шу ҳужжатларни - 94 та ҳужжатни прокуратура ходими томонидан атайлаб йўқ қилишган", дейди у.

2017 йил Фарғона вилоят Яйпан туман суди тадбиркорни айбдор, деб топиб 8 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Бу орада Олтиариқ туман ҳокимлиги тадбиркорга тегишли 10 гектардан ортиқроқ боғни суд ҳукми кучга кирмасдан 30 кишига сотган. Бундан ташқари ҳокимлик Мирзажоновнинг 50 та квартирасини ҳам сотиб юборган.

Бироқ 2018 йили Андижон вилоят суди тадбиркорга қўйилган айбларнинг асосий қисмини олиб ташлади.

Тадбиркорнинг мол-мулки эса ҳамон ўзига қайтарилгани йўқ.

"Туман ҳокими, кадастри, туман прокурори, терговчиси, солиқдагиларга жиноий иш қўзғашни талаб қилганмиз. Ноқонуний туҳмат қилишди, деб. Энди шундан қўрқишиб, республикага чиқишиб, Бош прокурорнинг ўринбосарига аппеляция ёздиришди, қамалиб кетмайлик, деб", дейди Солижон Мирзажонов

Бош прокуратура Би-би-сига ҳолатни ўрганиб изоҳ беришини маълум қилди.

Ислом Каримов Президент вақти машҳур бўлиб кетган ва ўша вақти Бош вазир Шавкат Мирзиёев топшириғи билан Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида боғ ташкил қилган боғбон-тадбиркор Солижон Мирзажонов сарсонгарчилик ортидан ишчиларини йўқотганини айтмоқда.

Тадбиркорга тегишли бўлган темир-бетон заводида бир вақтлар 325 та одам ишлаган бўлса, бугун 50 киши ишламоқда.

2 йилдан бери судма суд сарсон бўлаётган ва ўртада қамалиб ҳам чиққан тадбиркор Солижон Мирзажонов ишига шахсан Шавкат Мирзиёев аралашишини истамоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek