Ўзбекистон: Риштондаги норози тадбиркорлар нега бозор ҳудудига ўрнатилаётган деворни бузиб ташлади?

Риштон деҳқон бозори бузилишдан олдин шундай эди Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz
Image caption Риштон деҳқон бозори бузилишдан олдин шундай эди

9 август куни Риштонда текисланиб ташланган бозорнинг 100 дан ортиқ сотувчилари норозилик сифатида бозор ҳудудига ўрнатила бошланган деворларни бузиб ташлади. Улар бозорнинг асосий қисмида халқаро автовокзал қурилишидан норозилик билдирган. Норозиликнинг эртаси куни вокзал ҳудудини ажратиш учун тикланган деворлар яна олиб ташланди.

"Кеча вилоят ҳокими келиб, бир тадбиркорга ерларни кўрсатди. Ҳоким кетганидан кейин ерни ўлчаб, ўша тадбиркорга автовакзал қуриш учун ажратиб беришди. Бу одамларнинг норозилига сабаб бўлди", дейди гувоҳлардан бири.

Маълум бўлишича, тадбиркор ўзига ажратилган ерни шифер билан ўрай бошлаган. Шунда аёл ва эркаклардан ташкил топган сотувчилар деворларни бузиб ташлаган. Улар бозор ҳудуди кичик бўлиб қолишидан ва ерсиз қолиб кетишидан хавотирга тушган.

"Бозоримизни бир кун олдин огоҳлантирб, эртаси куни бузиб ташлашганди. 3 август куни Бош вазир Абдулла Арипов келганидан кейин, компенсация пули бера бошлашди. Ундан олдин уям йўқ эди. Аммо компенсация пуллари жуда оз. Бозор нархида 50 минг, 100 минг доллар турган дўкон эгаларига арзимаган 15-20 миллион сўм компенсация бериляпти. Унга фундамент ҳам қуролмайсиз. Ана шундай пайтда улар бозорнинг учдан бирини автовакзал қуриш учун тадбиркорга бўлиб бераётгани тўғри иш эмас", дейди сотувчилардан бири.

Риштонликларнинг айтишича, туманда автовокзал бор. Ҳокимлик нима учун бозор учун ажратилган ерда яна битта автовокзал қуришни режалаётгани эса тушунарсиз.

Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Гулбаҳор Саидғаниева Риштонда тадбикорлар норози бўлгани ҳақидаги хабарларни рад қилди.

"Риштонда ишчи гуруҳ ишлаяпти, ортиқча муаммо йўқ. Шунчаки атрофга бу нарсани бўрттириб кўрсатувчилар кўп. Худди бу ерда иккинчи жаҳон уруши кетаётгандек қилиб кўрсатяпти одамлар. Нега норози бўлади? Бозор илгари бир гектардан сал ошиқ эди, холос. Ҳозир икки гектардан ошиқ майдон бўлди. Икки гектардан ошиқ майдоннинг бир гектарига қурилса ҳам, бозорнинг ҳудудидан каттароқ майдон қоляпти", дейди у.

Матбуот котибининг айтишича, Риштонда автовокзал йўқ эди.

"Нормалний автовокзал йўқ, стоянкаям йўқ. Кўчанинг бўйларига қўйиларди. Шунинг учун ҳам Риштондаги бозор ҳудуди реконструкция бўлди. Олдин 150 тадбиркор савдо қилган бўлса, энди 200 дан ортиқ тадбиркорга жой бўляпти. Ҳеч қанақанги ортиқча гапга ўрин йўқ. Жой етмай қолмайди ҳеч кимга".

Риштон бозорида савдо қилган тадбиркорнинг айтишича, бозор ҳудуди кенгайган ва автовокзал ўша жойга қурилади, деган гапда жон йўқ.

"Вокзал қурмоқчи бўлган тадбиркорга олдин бозор бўлган ерларни ажратиб беришди. Тадбиркорларнинг олдинги ерлари бошқа одамга ўтиб кетаётганини кўргандан кейин одамлар норози бўлишди. Бозорни кенгаяди, кенгаяди, дейишяпти. Лекин амалда олдин бозорга тегишли ҳудудларни автовокзалга бериб юборишяпти", дейди у.

Тадбиркорларнинг норозилигидан сўнг, 10 август куни собиқ бозор ҳудудига халқаро автовокзал қуриш учун ўрнатилган шифер деворлар олиб ташланган.

"Тез орада ёғин-сочин кунлар бошланади. Шунга тадбиркорлар тезроқ савдо дўконларини қуриб олишни исташяпти. Ҳамма тадбиркор зарарга кирган. Ҳозир туман ҳиёбонида савдо қиляпмиз. Аммо мустақиллик байрами, деб у ердан ҳам ҳайдашади", дейди савдогарлардан бири.

4 август куни вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев Шавкат Мирзиёевнинг топшириғидан сўнг бузилган Риштон бозори ерига бориб тадбиркорлардан узр сўраганди.

"Илгариги бозор 25 сотих бўлган бўлса, эндиги бозор ҳозир ҳисоблаб келдик 2 гектарга яқин бўляпти. Илгариги бозорда 140 та савдо шахобчаси бўлган бўлса, эндиги бозорда 250 та савдо шахобчаси бўлади", деганди ҳоким.

Шуҳрат Ғаниев Риштон тумани марказий деҳқон бозори ёнида бир гектарлик халқаро автовокзал ҳам қурилишини маълум қилган.

Риштон марказий деҳқон бозори туманга ҳар янги ҳоким келганда энг биринчи бўлиб бузиладиган объектлардан бирига тушиб қолиш эҳтимоли катталиги айтилади.

Тадбиркорлар бозор сўнгги 25 йил ичида 6 марта бузилганини таъкидлашади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek