Ўзбекистон Толибон раҳбариятини илиқ қаршилашига Афғонистон ҳукумати норозилик билдирди

Самарқанддаги зиёфатда шошмақом куйлари жонли янграб турган Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Самарқанддаги зиёфатда шошмақом куйлари жонли янграб турган

Толибон ҳаракати раҳбарининг ўринбосари Мулла Абдулғани Бародар бошчилигидаги ҳайъат Ўзбекистонда илиқ кутиб олинди. Толибон раҳбарияти Ўзбекистоннинг Афғонистондаги бизнеси ривожига қўлидан келадиган барча ёрдамини беришини айтди. Афғонистон ҳукумати ушбу расмий қабулга эътироз билдирди.

8 август куни Ўзбекистон ташқи ишлари вазири Абдулазиз Комилов Толибоннинг Доҳадаги сиёсий қаноти раҳбари Мулла Абдулғани Бародарни қабул қилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Абдулазиз Комилов ва Мулла Абдулғани Бародар

Вазирлик хабарида айтилишича, Толибон ҳаракатининг сиёсий офиси раҳбари афғонлараро мулоқотнинг навбатдаги раунди Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Толибон Имом Бухорий масжидида жума намозини ўқиди

Эртаси куни Толибон ҳайъати Самарқанд яқинидаги Имом Бухорий қабрини зиёрат қилди ва ўша ерда Жума намозини ўқиди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Самарқанд вилоят ҳокими Толибон ҳаракати раҳбари ўринбосарига тўн кийдирмоқда

Шундан сўнг меҳмонларни Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов кутиб олган.

У Толибон раҳбарининг ўринбосари Мулла Абдулғанига зарбоф тўн кийдирди.

Меҳмонларга зиёфат берилган. Таомланиш вақтида миллий мусиқа асбоблари иштирокида шошмақом куйлари янграб турган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Ўзбекистонга ташрифдан Толибон ҳаракати раҳбариятининг кўнгли тўлган

Ташрифдан Толибон ҳаракатининг кўнгли тўлганини кўриш мумкин.

Ҳаракат веб сайтида ёзилишича, Мулла Абдулғани Ўзбекистон ташқи ишлар вазирини Мозори Шарифга темир йўл ётқизиш, Афғонистон шимолини электрлаштириш каби Ўзбекистон бошлаган лойиҳаларни охиригача етказишга чақирган.

У бу ишлар икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқ алоқаларининг кенгайишига хизмат қилишини билдирган.

Толибон ҳаракати Афғонистоннинг ўзлари назорат қиладиган ҳудудларида Ўзбекистоннинг лойиҳаларини қўлларидан келганича қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

"Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирига Афғонистон ҳукуматидан ушбу лойиҳаларни амалга оширишда юзага келтирган тўсиқларини иложи борича тезроқ бартараф этишни сўраш тавсия қилинди", дейилади Толибон ҳаракати веб сайтидаги хабарда.

Афғонистон ҳукумати Толибон сиёсий қанотининг Ўзбекистонда расмий кутиб олиниши ва мулоқот динамикасига эътироз билан чиқди.

"Афғонистон ҳар доим халқаро, минтақавий ва айниқса Афғонистон тинчлик жараёнида иштирок этаётган қўшни давлатлар билан ҳамкорликни олқишлайди. Ўзбекистон ҳам дўст ва қўшни давлат сифатида бу борада розилигини билдириб келган.

Шунга қарамасдан Толибон вакилларининг Ўзбекистон Республикаси томонидан расмий қабули ва мулоқотлар динамикаси Афғонистон Ислом республикаси ҳукумати ва Толибон вакиллари ўртасидаги тинчлик музокараларни намоён қилмайди.

Биз барча давлатларни, айниқса қўшниларимизни сулҳ жараёнида Афғонистон Ислом республикаси халқи ва ҳукуматининг иштироки ва иродасини ҳурмат қилишга чақирамиз", дейилдаи Афғонистон Ташқи ишлар вазирлигининг твиттерда тарқатган баёнотида.

Ўзбекистонлик кузатувчилар Толибон билан учрашувда ҳукумат расмий Кобулнинг ҳамда Толибоннинг ҳам манфаатларини инобатга олишини тахмин қилишди.

"Ўзбекистон музокаралар жараёни ўта қалтис эканлигини ва осон бўлмаслигини теран англайди. Негаки, Ўзбекистон Афғонистон иқтисодий тикланишида фаол қатнашаётган бир шароитда, ўзаро курашаётган томонларнинг бирини ёмонотлиқ қилиш ёки уларнинг бирини қўллаш билан чекланиб қолса, мазкур мамлакатдаги инвестициямиз, техникамиз, истиқболли лойиҳаларимиз ва меҳнат кучимиз хавфсизлиги кафолатланмайди. Шунинг учун ҳам етти ўйлаб, бир кесишга ҳаракат қилади", деб ёзди Давлетовуз канали.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek