Ўзбекистон: 2 миллион 200 минг мусулмон Ҳайит намозини ўқиди, уларнинг орасида Толибон ҳайъати ҳам бор

Толибон Ҳайит намозини Тошкентда ўқиди Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Толибон Ҳайит намозини Тошкентда ўқиди

Ўзбекистондаги 1985 та жомеъ масжидларида 2 миллион 239 минг мусулмон Қурбон ҳайити намозини адо қилди. Хавфсизликни таъминлаш учун 22 мингдан зиёд милиционер жалб қилинди. 8 августдан бери Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Толибон ҳаракатининг сиёсий қаноти Ҳайит намозини Тошкентда ўқиган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг маълум қилишича, ҳайит куни мусулмонлар "Вақф" хайрия жамғармасига 6 миллиард сўмга яқин маблағ садақа қилган.

"Бугун, соат тонгги 05:35 дақиқадан то 06:25 дақиқагача бўлган белгиланган вақтларда Республикамиз минтақалари кесимида Ийд ал-Адҳо - Қурбон ҳайити намози адо этилди. Республикада фаолият кўрсатаётган 2063 та масжидлардан 1985 тасида 2 миллион 239 минг 505 нафар фуқароларимиз ҳайит намозини ўқидилар", дейилади хабарда.

  1. Ўзбекистон Толибон раҳбариятини илиқ қаршилашига Афғонистон ҳукумати норозилик билдирди
  2. Россия: Толибон ва афғон сиёсатчилари Москвада келиша олмади
  3. Ўзбекистон ДХХ раиси Покистонда, Тошкент ҳануз хавотирдами?

Хавфсизликни таъминлаш учун 22 минг 450 нафардан зиёд милиция ходими масжидларга жалб этилган.

Барча катта масжидларга тез тиббий ёрдам машиналар бириктирилгани айтилмоқда. 1150 дан ортиқ тез ёрдам машина, 1985 та тиббиёт пунктига аҳолидан ҳеч қандай шикоятлар бўлмаган.

Шу куни "Вақф" хайрия жамоат фонди 11 афгуст соат 11.00 гача 15 тонна 410 кг. яъни, 739 миллион 680 минг сўмлик гўшт маҳсулоти тарқатган.

Қисқа таътилга чиққани маълум қилинган Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити билан табриклаган.

Президент шундай шукуҳли ва саодатли айёмда ҳамма аввало Аллоҳ таборака ва таолога беадад шукроналар айтиши табиийдир, деган.

"Барчангизни Қурбон ҳайити байрами билан яна бир бор чин юракдан муборакбод этаман. "Дилинг - Аллоҳда, қўлинг - меҳнатда бўлсин", деган олижаноб эътиқод билан яшаётган халқимиз доимо омон бўлсин", деган Шавкат Мирзиёев.

8 августдан бери Ўзбекистонда бўлиб турган Толибон ҳаракати сиёсий қанотидан ташкил топган ҳайъат Ҳайит намозини тошкентликлар билан ўқиган.

Ҳаракат тарқатган хабарда айтилишича, Толибон раҳбарининг ўринбосари Мулла Абдулғани Бародар бошчилигидаги ҳайъатга Ҳайит намози вақти Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев ҳамроҳлик қилган.

Толибон ҳаракатининг Доҳадаги сиёсий қаноти раҳбари Мулла Абдулғани Бародар бошчилигидаги ҳайъатни 8 август куни Ўзбекистон Ташқил ишлар вазири Абдулазиз Комилов қабул қилганди.

9 август куни Самарқанд шаҳри яқинидаги Имом Бухорий мажмуаси масжидида Жума намозини ўқиган Толибларни Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов қабул қилган.

Турдимов мулла Абдулғани Бародарга зарбоф тўн кийдирган.

10 август куни толиблар Бухоро шаҳрини зиёрат қилгани айтилмоқда.

Афғонистон ҳукумати Толибон сиёсий қанотининг Ўзбекистонда расмий кутиб олиниши ва мулоқот динамикасига эътироз билан чиқди.

"Афғонистон ҳар доим халқаро, минтақавий ва айниқса Афғонистон тинчлик жараёнида иштирок этаётган қўшни давлатлар билан ҳамкорликни олқишлайди. Ўзбекистон ҳам дўст ва қўшни давлат сифатида бу борада розилигини билдириб келган.

Шунга қарамасдан Толибон вакилларининг Ўзбекистон Республикаси томонидан расмий қабули ва мулоқотлар динамикаси Афғонистон Ислом республикаси ҳукумати ва Толибон вакиллари ўртасидаги тинчлик музокараларни намоён қилмайди.

Биз барча давлатларни, айниқса қўшниларимизни сулҳ жараёнида Афғонистон Ислом республикаси халқи ва ҳукуматининг иштироки ва иродасини ҳурмат қилишга чақирамиз", дейилдаи Афғонистон Ташқи ишлар вазирлигининг твиттерда тарқатган баёнотида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek