Ўзбекистон: Ўзбек журналисти Киевда норозилик амалиёти бошлади

Нарзулло Охунжонов Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Ўзбекистонни 2013 йили тарк этишга мажбур бўлган журналист Нарзулло Охунжонов Киевдаги БМТ қочқинлар идораси қаршисида беш нафар фарзанди билан очлик эълон этганини хабар қилди.

Норозилик амалиётидан олдин ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида видео мурожаат эълон қилган Нарзулло Охунжоновнинг айтишича, Бирлашган Миллатлар ташкилоти Қочқинлар бўйича комиссарлигининг Украинадаги ваколатхонаси ходимлари ўзи ва оиласи аъзоларини бошқа бир давлатга чиқармаяпти ва бошпана беришни асоссиз чўзишаяпти, оқибатда ўзларининг ҳуқуқларини бузаяптилар.

"Биз бугун БМТнинг қочқинлар бўйича Украинанинг Киевдаги офиси-ваколатхонаси биноси қаршисида ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни ҳимоя қилиш мақсадида муддатсиз норозилик-очлик акциясини соат 10:00 да бошладик", деди Нарзулло Охунжонов Би-би-сига.

Нарзулло Охунжоновнинг сўзларига кўра, қочқинлар идораси вакиллари ўзи, рафиқаси ва беш фарзандини 2018 йил бошида учинчи давлатга жўнатиб юборишга ваъда берганлар.

"2018 йил ҳам ўтди. 2019 йил келди. 2019 йил бошида яна шундай ваъда беришди. Бу ҳам амалга ошмади. Фақат бизни алдаяпти", деди Нарзулло Охунжонов.

Ўзбекистонлик журналист оила аъзолари билан норозилик амалиётини бошлаганидан кўп ўтмай Қочқинлар агентлиги раҳбарларидан бири уларнинг олдига келган ва муаммоларини ҳал этишга ваъда берган.

Нарзулло Охунжоновнинг норозилик амалиёти бўйича Би-би-си Қочқинлар агентлигининг Украина ваколатхонаси матбуот хизмати билан боғланди, матбуот хизмати яқин вақт ичида бунга ўз муносабатларини билдиришларини маълум қилди.

53 ёшли Нарзулло Охунжонов "Ўзбекистон" радиосининг Сиёсий, ҳуқуқий ва маърифий эшиттиришлар бўлими муҳаррири лавозимида фаолият юритган.

У 2012 йили Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда "Кабминда ўтирган шахс матбуотдаги танг аҳвол учун учун масъул эканлиги ва бунинг учун у жавобгар эканлигини" айтганидан кейин Миллий Хавфсизлик хизмати томонидан ўзига нисбатан босимлар бошланганини айтган.

"2012 йил 26 июль куни мени республика Миллий Хавфсизлик хизматига чақиришиб, тўрт соатга яқин айнан шу ва бошқа масалалар бўйича хориж радиоси мухбирлари билан қилган суҳбатларим боис уч киши ўртага олишди", деган "Би-би-си меҳмони" рукнидаги дастурда.

У тазйиқлар туфайли 2013 йили Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлганини айтади.

Тўрт йил Туркияда яшаган Нарзулло Охунжонов Украинага бориш ва БМТ Қочқинлар идорасидан бошпана сўрашга қарор қилади.

Журналист Туркиядаги давлат тўнтаришига уринишдан кейин Туркиядаги инсон ҳақлари вазияти ёмонлашиб бораётгани туфайли Украинага кетишга мажбур бўлганини айтган.

Киев аэропортида журналистнинг Интерпол қидирув рўйхатида эканини айтишган, Ўзбекистон ҳукуматининг 2013 йилда Нарзулло Охунжоновни фирибгарликда айблаб халқаро қидирувга бергани маълум бўлган.

Журналист аэропортда ҳибсга олинди.

Нарзулло Охунжонов журналистик фаолияти боис Ўзбекистон расмийлари ўзига қарши жиноят ишини сохталаштирганларини айтади.

Халқаро ташкилотларнинг талаблари билан журналист озод этилди ва сиёсий бошпана берилишини кутмоқда.

Нарзулло Охунжонов Ўзбекистонда раҳбарият ўзгарганидан кейин ҳам ўзига нисбатан таҳдид мавжуд, деб ҳисоблашини айтди.

БМТ Қочқинлар бўйича Олий Комиссарлигининг Украинадаги ваколатхонасининг Би-би-си Ўзбек хизматига билдиришича, Украина БМТнинг қочқинларга тааллуқли конвенциясини қабул қилган ва агентлик сўнгги йилларда бошпана изловчиларни учинчи давлатга жойлаштириш амалиётини кескин камайтирган:

"БМТ Қочқинлар ишлари бўйича Олий Комиссарлиги сиз кўтарган хусусий иш вазиятидан хабардор. Махфийлик талаблари боис биз индивидуал ишлар тафсилотини ошкор этолмаймиз, бироқ Қочқинлар агентлигининг Украинада қочқинларни муҳофаза қилишдаги роли ва ёндашуви ҳақида тушунча беришимиз мумкин.

Украина Қочқинлар Конвенциясининг таркибий қисми бўлиб, қочқинларни ҳимоя қилиш бўйича ўзининг миллий ҳуқуқ ва маъмурий базасига эга экан, Қочқинлар Олий Комиссарлиги Украинада қочқинлик мақомига мурожаат қилган шахсларга ҳуқуқий дастаклов кўрсатади, бошпана ишларига масъул расмийларни ўқитади, қочқинлар ва бошпана изловчиларнинг энг муҳтожларига ижтимоий қўллаб-қувватлов тақдим этади. Айрим қочқинлар ва бошпана изловчилар учинчи давлатда жойлаштирилишларини истар эканлар, бу жойлаштирилиш имкониятлари ўша қабул қилаётган мамлакатлардаги сиёсатга боғлиқ бўлади ва фақатгина Украинада муҳофаза таҳдидлари юқори ва муҳтожлиги ҳал этилмаган шахсларгагина қўлланиладиган восита сифатида қаралади. Охирги йилларда БМТ Қочқинлар Олий Комиссарлиги жойлаштириш фаолиятини кескин пасайтирди ва ҳозирги пайтда Украинада муҳофазанинг бирор бир шаклини қўлга киритолмаган шахсларнинггина ишларига устуворлик бермоқда", дейилади Қочқинлар ишлари бўйича Олий Комиссарликнинг Украинадаги вакили ўринбосари Ноэл Калхун номидан Би-би-сига йўлланган электрон мактубда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ