Ўзбекистон: Доллар кўтарилмоқда, нима бўлади?

13 август куни Ўзбекистоннинг қатор банклари 1 АҚШ долларини 8940 сўмдан олиб, 9000 сўмдан сотмоқда.

Охирги бир ҳафтада ички валюта бозорида сўмнинг кескин қадрсизланиши кузатилган.

Бу эса ижтимоий тармоқларда ваҳимага сабаб бўлган.

Ўзбекистон: “Доллар яна кўтарилса, 8400-8500 сўмларга чиқса, яхши бўларди?.."

Россия-Ўзбекистон: доллар яна ошадими?

Ўзбекистон банклари долларни юридик шахсларга "қора бозор" курсида сотишни бошладилар

Ўзбекистон Марказий Банки хорижий валютанинг сўмга нисбатан алмашув курси ошиш суръатининг тезлашишини, биринчи навбатда ташқи омил - Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган Россия, Қозоғистон ва Хитой миллий валюталарининг қадрсизланиши билан изоҳлаган.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг ўзидаги импорт қилувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютага бўлган талабнинг ўсиб бориши ҳам миллий валюта қадрининг тушиб кетишига сабаб бўлгани айтилади.

Марказий банк ички валюта бозорида юзага келган жорий ҳолатни инобатга олиб, "валюта курси кунлик тебранишининг кенгайтирилган коридорини қўллаш"га ўтаётганини маълум қилган.

Мутахассисларга кўра, Марказий банк баёноти ички бозорда сўм массаси кўпайиб кетгани ва уни йиғиб олиш учун ҳаракатлар бошланганини англатади.

Марказбанк валюта бозорини тартибга солишда давом этади, аммо миллий валюта курсини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўрнатиладиган сунъий диапазон кенгаяди.

Мустақил иқтисодчи Юлий Юсуповнинг ёзишича, Ўзбекистоннинг янги тарихида хорижий валюта курсининг бундан ҳам катта сакрашлари кузатилган ва ҳозирда ваҳимага асос йўқ.

Унинг фикрича, Марказбанк тилга олган ташқи омил мавжуд, аммо асосийси бу эмас.

"Асосий сабаб бошқа. Яқин-яқингача Марказбанк ташқи бозорда олтин сотиш орқали сўмнинг реал курсини сунъий равишда мустаҳкамлаб келди, яъни унинг тушишини жиловлаб турди. Бу эса охирги ярим йилда импорт ўсишининг асосий сабаби бўлди", деб ёзди иқтисодчи.

Унинг айтишича, ҳозирги кунда Марказий Банк сиёсати ўзгармоқда.

Юсуповга кўра, доллар курси ўсишда давом этади, чунки ички валюта бозорида муқаддам бузилган мувозанатни тиклаш учун вақт керак.

Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ мутахассиси, Қозоғистондаги "Евросиё" университети доценти Сапарбой Жубаевнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, айнан экспорт ва импорт ўртасидаги салбий баланс ҳозирги ўсишнинг асосий сабабидир.

Унинг фикрича, Ўзбекистон тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш билангина миллий валютани мустаҳкамлай олади.

Ўзбекистонда валюта биржасининг Марказий Банк томонидан назорат қилиши ва Марказий Банкнинг ўзи ҳукуматдан мустақил эмаслиги ҳам муаммонинг бир қисми, дейди у.

Иқтисодчининг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати хорижий валюта курсларини валюта биржаси эмас, балки Марказий Банк орқали тартибга солишда давом этмоқда.

"Молия тизимида катта таркибий ўзгаришлар қилиниши керак", - дейди иқтисодчи.

Суҳбатни YouTube каналимизда тингланг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek