Ўзбекистон: Визасиз, аммо мажбурий регистрацияли режим

Image caption Иллюстратив сурат

Ўзбекистон ҳукумати яна 20 давлат фуқаролари учун визасиз режим имкониятини тақдим этди. Энди улар ҳеч қандай визасиз 30 кун давомида мамлакатда бўлишлари мумкин. Бироқ жорий йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган полшалик аёл сайёҳлар регистрация аталмиш расмиятчиликдан қандай қийналаётганини Би-би-си Ўзбек хизматига сўзлаб берди.

Шу тариқа, 13 август куни имзоланган президент фармони билан фуқаролари Ўзбекистонга визасиз кела оладиган давлатлар сони 85 тага етган.

Яна 77 давлат фуқаролари эса Ўзбекистонга келиш учун электрон виза олиш имконига эга.

Ўзбекистон-Британия: Супер тез Ипак Йўлига саёҳат

Алан Дункан: Мирзиёев Ўзбекистони эркин мамлакатга айланмоқда

Паспорт ва виза: Ташқи дунё Ўзбекистондан қўрқадими?

Бироқ визасиз режимнинг янада кенгайтирилганини олқишлаган таниқли иқтисодчи Юлий Юсупов хорижлик сайёҳлардан мамлакатга келгандан сўнг вақтинчалик рўйхатдан ўтишни талаб қилиш тартиби йўқолмас экан, туризмни ривожланмаслигини таъкидлайди.

«Грузиядагидек (энди у биз учун намунага айланган экан) қилишса бўларди: ҳар қандай регистрацияни бекор қилиш. Ёки, ҳеч бўлмаганда, бир ой регистрациясиз юришга имкон бериш керак. Ё бу масалада бизнинг қўрқувимиз шунчалик енгилмасми?» дея ёзади иқтисодчи Юсупов ўзининг Facebook саҳифасида.

Амалдаги қонунчиликка биноан, Ўзбекистонга келган хорижлик сайёҳлар уч кун ичида меҳмонхоналар ёки ахборот бюролари қошида ёда хусусий турар-жойларда вақтинчалик рўйхатдан ўтишга мажбур.

Агар хорижлик фуқаро мустақил сайёҳ ўлароқ табиат қўйнига чиқиб, автомобилда ёки чодирда тунашни маъқул кўрса, у мамлакатга келганидан уч кун ичида исталган меҳмонхона (ҳатто,у ерда яшамаса ҳам) ёки аэропортдаги терминалларда рўйхатдан ўтиши, шунингдек, ташриф давомида бормоқчи бўлган манзилларни кўрсатиши талаб этилади.

Жорий йилнинг бошида Ўзбекистонда меҳмон бўлган полшалик аёл эса сайёҳлар ана шундай расмиятчиликлардан қийналиши ва оқибатда, мамлакатдан безиб чиқиб кетишини айтади.

«Регистрация масаласида сайёҳлар дуч келадиган энг катта муаммо - улар дўстлариникида ёки меҳмонхона-уйлар сифатида рўйхатдан ўтмаган хусусий турар жойларда қолганларида юзага келади. Кўпинча, уй соҳиблари меҳмонларни рўйхатдан ўтказишга қийналишади. Меҳмонхона ёки рўйхатдан ўтказувчи махсус жойларга борганингда эса, улар сендан пора талаб қилади,» сўзлайди.

Шунингдек, у уч кун ичида ҳамма сайёҳ ҳам вақтинчалик рўйхатдан ўтишга улгурмаслигини билдиради.

"Бир сафар Ўзбекистонга бизнес виза билан келганимда, регистрация қилдириш эсимдан чиқиб қолди. Регистрация қилувчи идорада ишловчи эркак энди судга бориб, $300 миқдорида жарима тўлашимга тўғри келишини айтди. Мен унинг гаплари рост ёки ёлғонлигини била олмадим. Мени судга бормасдан туриб муаммога ечим топиб бўлмаслигига ишонтирдилар. Менга бундай бошоғриқлар керак эмас эди. Кейин ишимни осонроқ ҳал қилиб беришлари мумкинлигини айтишди. «Парда ортидаги» одамлар воситачилигида $100 пора бердим ва ташвишдан қутилдим. Ишонаманки, кўп сайёҳлар бундай муаммога дуч келади," ҳикоя қилади суҳбатдошимиз.

Ўтган йилнинг май ойида чиққан ҳукумат қарорига мувофиқ, 16 ёшга тўлган ҳар бир хорижлик сайёҳ учун кундалик сайёҳлик йиғими миқдори меҳмонхона ва жойлашув воситалари учун энг кам ойлик иш ҳақининг 5 дан 15 фоизигача (2019 йил август ҳолатига кўра: 11,150 - 33,450 сўм), санатория ва курортлар учун 10 фоиз (23,000 сўм), дам олиш-ҳордиқ чиқаришга ихтисослаштирилган жойлашув масканлари учун 10 фоиз, индивидуал жойлашув воситалари (дачалар, хусусий уйлар, квартиралар, ўтовлар, хостеллар ва бошқалар) учун 5 фоиз этиб белгиланган.

Чодирлар ва тунашга мослаштирилган ер усти транспортида яшашни афзал билган мустақил сайёҳлар эса ҳар кун учун энг кам ойлик иш ҳақининг 5 фоизи миқдорида тўловни амалга оширади.

Сайёҳларни даволаш муассасалари, меҳмонхона-уйлар (қишлоқ жойларда маҳаллий аҳоли ташкил этган) ёки шахсий уй ва квартираларда нотижорий мақсадларда жойлаштирганлик учун ҳар куни энг кам ойлик иш ҳақининг 2 фоизи (4,460 сўм) миқдоридаги маблағ йиғиб олинади.

Сайёҳлар шахсий турар-жой ёки ўз дўстлари, қариндошлариникида яшаган вақтда, уларни уч кун ичида рўйхатдан ўтказиш мажбурияти уй эгаси зиммасига юклатилади. Агар Ўзбекистон фуқароси ушбу талабни бажармаса, уни энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробаридан 100 баробарига қадар жарима кутиши мумкин.

Полшалик сайёҳ аёл Ўзбекистоннинг тобора сайёҳларни ўзига тортаётган Мўйноқ каби олис ҳудудлари ёки шаҳарлардан ташқарида жойлашган чекка қишлоқларига борган сайёҳлар учун вақтинчалик рўйхатдан ўтиш азобнинг ўзи экани тўғрисида гапиради. Унга кўра, юқорида кўрсатилган уй соҳибларига қўйилган талаблар ва кундалик сайёҳлик йиғими туфайли улар сайёҳларнинг вақтинчалик рўйхатдан ўтишида ёрдам беришни истамайди.

"У ерларда одамлар сайёҳлик йиғими қиммат, ижара ҳақи арзон бўлганидан ўз шахсий турар-жойларини меҳмонхона-уй сифатида рўйхатдан ўтказмайдилар. Хорижлик сайёҳ эса вақтинчалик рўйхатдан ўтиш учун жой топа олмай сарсон бўлади."

Image caption Шаҳрисабздаги сайёҳлар

2018 йилнинг май ойида Gazeta.uz нашри билан суҳбатлашган Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ўша вақтдаги раиси Азиз Абдуҳакимов хорижлик сайёҳлар учун регистрация талабини буткул бекор қилиш энг мақбул иш бўлишини тан олган эди. Бироқ у буни амалга ошириш осон эмаслигини ҳам таъкидлаб ўтган.

«Биз ҳуқуқ-тартибот ва бошқа масъул органлар билан регистрацияни бутунлай бекор қилиш бўйича ҳар томонлама ўйланган ечим топиш йўлида доимий алоқа қилиб келмоқдамиз,» деган эди у.

Бундан ташқари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси собиқ раиси Gazeta.uz нашри билан суҳбатда электрон регистрациянинг жорий этилиши барча вазирликлар ва муассасалар ўртасидаги ўзаро муроса натижаси эканини ҳам билдириб ўтган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ёзишича, сайёҳлардан уч кун ичида рўйхатдан ўтишни талаб этиш уларни фақат ҳуркитиши мумкин.

«Одам чегара ва божхона назоратидан ўтган бўлса, ундан яна қандай регистрацияни талаб этиш мумкин?» деган саволни ўртага ташлайди Facebook фойдаланувчиси Фарҳод Пардабоев.

Бошқа фойдаланувчилар эса сайёҳларнинг тобора меҳмонхоналарда туришни истамаётгани, автомашина, чодирларда дам олиш оммалашаётгани ва бундай ҳолларда сайёҳ уч кун ичида рўйхатдан ўтишга имкон топа олмаслиги мумкинлигини таъкидлайдилар.

Аммо Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатлашган полшалик сайёҳ аёлнинг айтишича, вазият у қадар қўрқинчли ҳам бўлмаслиги мумкин.

«Мен Ўзбекистонга келиб, ҳеч қандай регистрациясиз яшашга қарор қилган ва мамлакатдан бирор муаммосиз чиқиб кетган сайёҳларни биламан. Ўзбекистон ҳукумати туризмни рағбатлантиришга интилаётганиданми, мамлакатдан чиқиб кетаётган сайёҳларнинг ташриф давомида рўйхатдан ўтган ёки ўтмаганини текшириш камайиб бормоқда.»

«Лекин улар сайёҳ Ўзбекистонда вақтинчалик рўйхатдан ўтмай яшаганини билиб қолишса, унда бош оғриқ бўлиши аниқ,» қўшимча қилади у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek