Ўзбекистон: Каримовни қўрқитган Толибон Мирзиёев билан қандай тил топишди?

Ўзбекистон: Каримовни қўрқитган Толибон Мирзиёев билан қандай тил топишди? - Бу нима дегани? Ўзбекистон янгича дипломатиясининг ютуғими ёки ютқизиғи?

Афғонистон Толибон ҳаракати юқори мартабали ҳайъати Ўзбекистонга иккинчи расмий ташрифининг ўзидаёқ жума намозини Самарқанд, Ҳайит намозини Тошкентда ўқиди.

"Ҳаракатнинг 90-йиллар бошида қилган худди шундай баёноти Ўзбекистоннинг ўша вақтдаги президенти Ислом Каримовни роса қўрқитгани" назарда тутилса, воқеаларнинг расмий Тошкент ва толиблар билан боғлиқ сўнгги ривожи нималарга далолат қилади?

Ўзбекистон Толибон раҳбариятини илиқ қаршилашига Афғонистон ҳукумати норозилик билдирди

Ўзбекистон: 2 миллион 200 минг мусулмон Ҳайит намозини ўқиди, уларнинг орасида Толибон ҳайъати ҳам бор

Дунё, Ўзбекистон ва Афғонистон: Толибон билан музокаралар тинчлик келтирадими ё аксинча?

Ўзбекистон ДХХ раиси Покистонда, Тошкент ҳануз хавотирдами?

Афғонистон Толибон ҳаракатининг ҳамасосчиси, сиёсий қаноти ва Доҳадаги идораси раҳбари Мулла Бародар Ахунд бошчилигидаги ҳайъат бир ташрифининг ўзида пойтахт Тошкентда музокаралар борган, қадим Самарқанд ва Бухорода бўлган.

Имом ал-Бухорий, Шоҳи Зинда ва Ислом оламида муқаддас бўлган бошқа қатор қадамжоларни зиёрат қилган.

Жума намозини Самарқанддаги Имом ал-Бухорий Жомеъ масжидида ўқиган, Қурбон Ҳайитини Тошкентда қарши олган. Ҳайит намозини ҳам Ўзбекистон пойтахтидаги масжидларнинг бирида адо этган.

Афғонистон Толибон ҳаракати ўзининг ижтимоий мулоқот тармоқларидаги расмий аккаунтларида чоп қилган суратлардан музокарачи томонларнинг бир-бирлари билан ҳадя алишганликлари ҳам кўрилган.

Самарқанд вилояти ҳокими эса, ҳатто, Мулла Бародар Ахундаги зарбоф тўн кийдирган, ўз қўллари билан қийиқ боғлаб, ўзбекча дўппи ҳам кийдирган.

Бу каби иззат-ҳурмат Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили ҳозирлигида кўрсатилган.

Исматилла Иргашев ҳайъатнинг ҳар бир сафари, масжидларга қадар ҳамроҳлик қилган, намозни ҳам улар билан бирга адо этган.

Толибон ўз суратида Самарқанд вилояти ҳокими томонидан берилганини билдирган зиёфат чоғида созандалар ҳам кўзга ташланган.

Бу ҳам куй-қўшиққа ўзининг кескин қаршилиги билан танилган ҳаракат вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида кўпчиликнинг диққат-эътиборига тушган воқеъликлардан бири бўлган.

Уларнинг бу сурати ижтимоий мулоқот тармоқларида енгил кулгу, ҳажв ва таажжубларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Бошқа томондан, мазкур ҳолат Толибоннинг мўътадиллашиб бораётгани нишонаси эмасмикан қабилидаги талқинларга ҳам замин яратган.

Ҳайъатнинг таркиби, аъзолари сони ва кун тартиби борасида расмий маълумотлар эса, сўнггига қадар мавҳум қолган.

Муносабат ва акс-садолар

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Ўзбекистон мустақиллигининг илк йиллариданоқ афғон можаросига сиёсий йўл билан ечим топиш масаласида дипломатик фаоллик кўрсатган илк ва ягона Марказий Осиё давлати бўлган эса-да, расмий Тошкент ва толиблар ўртасида бу қадар илиқлик кузатилмаган.

Афғонистон Толибон ҳаракати юқори мартабали ҳайъатининг сўнгги йилларда қатор минтақа давлатларига қилган ташрифлари чоғида кузатилмаган бу қадар меҳмоннавозлик нафақат иккинчи музокарачи томон бўлган Афғонистон ҳукумати, аксарият минтақавий таҳлилчилар, балки-да, оддий ўзбекистонликлар ва афғонистонликларнинг ҳам диққат-эътиборларини ўзига тортмай қолмаган.

Расмий Кобул ҳайъатнинг Ўзбекистон томонидан расман қабул қилиниши ва икки ўртадаги музокаралар динамикасидан расман эътирозини билдирган.

Ҳар икки томондан аксарият интернет фойдаланувчилари ўз таажжуб ва тушунмовчиликларини изҳор этишган.

Ўзбекистон қандай қилиб "террорчи ташкилот" вакилларига бу қадар ҳурмат кўрсатаётганини савол остига олганлар бўлган.

Буларнинг барчаси манзарасида минтақавий таҳлилчилар мазкур воқеълик Ўзбекистоннинг янгича минтақавий сиёсати ва дипломатияси учун нимани англатиши саволини ўртага отишган.

Бу президент Шавкат Мирзиёев бошчилиги остида Ўзбекистон янгича дипломатиясининг ютуғими ёки ютқизи каби талқинидаги таҳлилларга зўр беришган.

Афғонистон ҳукумати Ўзбекистон Толибон билан бирор бир шартларсиз музокаралар олиб боришини истаётган иккинчи музокарачи томон бўлади.

Ўзбекистон бу мулоқотларнинг исталган босқичида унга мезбонлик қилиш истагини ўтган йил президенти даражасида расман баён қилган.

Россия каби дунёнинг алоҳида давлатлари томонидан "террорчи ташкилот" сифатида тан олинган Афғонистон Толибон ҳаракати бундан уч йилча бурун расман сиёсий мақом ҳам олган.

Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғаний тинчлик музокараларига туртки бериш учун бу каби қарорни берган.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва "Исломий Жиҳод"га бўлгани каби, Толибонга нисбатан ҳам расмий Тошкентнинг мавқеи шу кунга қадар ноаёнлигича қолган.

Ўзбекистон наздидаги фаолияти тақиқланган, террорчи ёки экстремистик ташкилот сифатида тан олинган ташкилотларнинг расмий рўйхати кенг матбуотга имконли эмас.

Музокаралар динамикаси ва меҳмоннавозлик

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Шу йилнинг 8 августдагиси Афғонистон Толибон ҳаракати юқори мартабали ҳайъатининг ўтган бир йил ичида Ўзбекистонга қилган иккинчи ташрифи бўлган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов орада Қатар пойтахти Доҳада ҳам Мулла Бародар Ахунд билан учрашган.

Тошкентда кечган сўнгги музокаралар борасида Ўзбекистон томонининг расмий хабари қисқа бўлган.

Унда яна асосан Афғонистондаги тинч сиёсий жараёнларни илгари суриш масаласини муҳокама этилгани билдирилган.

Афғонистон Толибон ҳаракатининг бу хусусдаги хабари расмий Тошкентникидан фарқли тарзда анчайин муфассал кўринган.

Ҳаракат Ўзбекистондаги ташрифлар, учрашувлар ва мулоқотларини веб саҳифаси ва ижтимоий мулоқот тармоқларидаги аккаунтларида фаол ва изчил ёритиб борган. Ўз хабарларига суратлар илова қилишни ҳам унутмаган.

Толибон ўзининг расмий веб саҳифасида Ўзбекистонга Афғонистондаги лойиҳалари ижроси ва бизнеси ривожига қўлларидан келганча ёрдам беришни ваъда қилганликларини иддао қилган.

Бу хабар ва маълумотларга Ўзбекистон томонининг расмий муносабати ёки шарҳи ҳозирча кўзга ташланмайди.

Толибларнинг ҳар қандай мазмундаги баёнотлари эса, ҳарбий ва сиёсий доираларда ҳамиша эҳтиёткорлик билан қарши олиб келинади.

Ўзбекистон ҳали (ҳозирда марҳум - таҳр.) Ислом Каримов давридаёқ Афғонистон билан боғлиқ айрим иқтисодий-транспорт лойиҳаларига қўл урган.

Мулла Бародар Ахунд ва тинчлик музокаралари

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Мулла Бародар жорий пайтда Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг Қатар пойтахти Доҳадаги идораси раҳбари бўлади.

Хабарларда Афғонистон Толибон ҳаракати ҳамасосчисининг ўтган йил охирида Америка томонининг сўрови билан Покистондаги қамоқхонадан озод қилингани айтилган.

Мулла Бародар Ахунд орадан қисқа вақт ўтмай ҳаракат сиёсий қанотининг Доҳадаги идораси раҳбари этиб тайинланган.

Бу - унинг ушбу мақомда ҳам Ўзбекистонга илк ташрифидир.

Мулла Бародарнинг ҳозирда марҳум Мулла Муҳаммад Умар билан бирга Афғонистон Толибон ҳаракатига асос солгани ишонилади.

У ҳарбий ва дипломатик доираларда Толибоннинг тинчликка мойил энг юқори мартабали қўмондонларидан бири сифатида кўрилади.

Ҳарбий таҳлилчиларга кўра, орада бир неча бор ошкора тинчлик ташаббуслари билан чиққани шу каби хулоса чиқарилишига асос берган.

Мулла Бародар бошчилигидаги ҳайъат Тошкентга қадар Эрон, Хитой ва Индонезияда ҳам бўлгани айтилган.

Хитой ва Индонезия Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2014 йилги оммавий сафарбарлиги ортидан, афғон можаросига тинч йўл билан ечим топишда воситачилик қилиш истагини билдирган яна иккита давлат бўлади.

Бу ишга улар қаторида Тошкентдан ташқари расмий Москва ҳам бош қўшган.

Ҳаракат бу хусусда АҚШ билан ҳам мулоқотда. Аллақачон етти босқич музокаралар ўтказган.

Бошқа томондан, музокарачи томонларнинг Тошкентдаги учрашуви Афғонистонда яна зўравонликлар кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келган.

Бунгача ҳаракат вакиллари 1999 йилда Тошкент ташаббускори бўлган 6+2 мулоқот гуруҳининг анжуманида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келишган.

Толибон сиёсий қаноти ҳайъатининг Тошкентга илк амалий ташрифи эса, ўтган йил август ойида амалга ошган.

Таҳлилчилар муносабати

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Расмий эътирозлар, таажжублар, саволлар ва таҳлилларга ҳозирча Ўзбекистон ва Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий идораси томонидан изоҳ бўлиши мумкин бўлган бирор бир баёнот кузатилгани йўқ.

Бошқа томондан, Афғонистон президенти ва ҳукумати Россия бўладими ёки АҚШ, тинчлик музокараларида воситачи томонларнинг толиблар билан тўғридан-тўғри мулоқотларига ҳамиша кескин норози мавқеъни намоён этиб келган.

Улар тинчлик жараёнида минтақавий ва халқаро ҳамкорликни хуш қаршилашларини баён қилиш билан бирга, унда Афғонистон ҳукумати ва халқининг етакчилиги ҳамда соҳиблигини ҳурмат қилишга чақиришган.

Бу каби музокараларга фақат ва фақат ўзлари бошчилик қилишлари шартлигини уқтиришган, таъкидлашган.

Расмий Кобулга кўра, минтақавий ва халқаро ҳамкорларнинг толиблар билан олиб бораётган мулоқотлари ўзлари билан ҳаракат ўртасидаги музокараларга воситачилик қилишдек кўринмайди.

Ўзбекистон мисолида ҳам расмий Кобул томонидан худди шундай мазмундаги эътирозлар янграган.

Аммо уларнинг бу баёнотига расмий Тошкентнинг ҳам, Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг ҳам муносабати ноаёнлигича қолган.

Расмий Кобулнинг бу каби норози изҳоротлари манзарасида эса, Афғонистон ҳукумати Толибон ҳаракати ҳали-ҳануз музокаралар олиб боришдан қатъий бош тортиб келаётган томон бўлади.

Расмий Тошкент яқин-яқингача жанубий қўшниси бўлган Афғонистонга хавфсизлик призмаси орқали қараб келган.

Бунга минтақадаги икки йирик ўзбек жангари гуруҳининг яқин-яқингача айнан Афғонистонда жанг қилиб келгани, фаол экани ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Ўзининг янгича минтақавий сиёсати ва дипломатияси билан қисқа вақтнинг ичида халқаро миқёсда эътиборга тушган Шавкат Мирзиёев ҳали муваққат президент экан Афғонистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни кучайтириш истагини баён қилган.

Янги бозор сифатида Афғонистоннинг ўзлари учун қанчалар муҳим эканлигини алоҳида урғулаган.

Президент Мирзиёев мамлакати учун имкон қадар янги бозорлар топиш, Ўзбекистонга кўпроқ хорижий сармоя жалб этиш ва минтақада энг катта сонда бўлган аҳолиси учун янгидан-янги иш ўринлари яратиш илинжида.

Минтақавий экспертларга кўра, расмий Тошкентнинг толиблар масаласидаги бугунги мавқеини ҳам айни шу икки омил билан боғлаб тушунтириш мумкин.

Жумладан, минтақавий таҳлилчи Довуд Аъзамийнинг айтишича, Ўзбекистон бу билан ўзларига Афғонистондан келаётган жангарилар таҳдидини юмшатмоқчи, аритмоқчи.

Бошқа томондан, денгизга чиқиш йўллари икки карра бекиқ Ўзбекистон ўзи учун янги транзит йўлларини очиб, сув йўлларига чиқмоқчи.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Толибон юқори мартабали ҳайъатига Ўзбекистонда кўрсатилган иззат-ҳурмат масаласига келганда эса, таҳлилчи суҳбатдошимиз бу жиддий эътибор, таҳлилга лойиқ воқеълик эмаслигини айтади.

Довуд Аъзамийга кўра, буни энг аввало ўзбекона меҳмоннавозлик билан боғлаб талқин қилиш тўғри бўлади.

"Бу яна расмий Тошкентнинг урф-одатлари, анъаналари ва тарихлари муштараклигининг ифодаси ўлароқ икки ўртада ўзаро ишонч уйғотиш уриниши", - дейди у.

Довуд Аъзамийнинг айтишича, сўнгги йилларда жадаллашиб бораётган тинчлик музокаралари тез орада ўз самарасини бермай қолмайди.

Бу эса, минтақадаги қолган ўйинчи давлатлар қатори Ўзбекистоннинг ҳам Афғонистон билан боғлиқ режаларининг ижросига, табиийки, замин яратади.

Унга кўра, алал-оқибат тинчлик битимига эришилган тақдирда, толиблар бўлажак афғон ҳукумати таркибида барибир бўлади ва бу худди шу каби хулоса чиқаришга асос беради.

Толибон ҳаракатининг орада Афғонистонда ўрнатган Исломий Амирлиги эса, 2001 йилда АҚШ бошчилигидаги кучлар томонидан ағдарилган.

Аммо ҳозирга келиб, ҳаракат Афғонистоннинг 2001 йилдан буён кузатилмаган даражадаги ҳудудини қайта ўз назорати остига киритишга муваффақ бўлган.

Бошқа томондан, АҚШ Президентининг Афғонистондаги сўнгги ҳарбийларини ҳам 2020 йилги президент сайловига қадар олиб чиқиб кетиш истагида экани ҳам, ва ниҳоят бу гал тинчлик музокараларининг иш беришига оид умидларни пайдо қилмай қолмаган.

Афғон тупроғида бирор бир хориж аскарининг қолмаслиги, йилларки, Афғонистон ҳаракати тинчлик музокараларига бош қўшиш учун илгари суриб келаётган асосий шартлардан бири бўлади.

Толибон ҳаракати афғон ҳукумати дохил бошқа ҳар қандай томон билан музокараларга киришдан аввал айнан Вашингтон билан хорижий қўшинлар масаласини бир ёқли қилиб олишни истайди.

Аллақачон бу икки музокарачи томоннинг тинчлик битими масаласида бир тўхтамга келишларига яқин қолганига оид хабарлар ҳам ўртага чиққан.

Бошқа томондан, шу йил сентябрь ойида Афғонистонда президент сайлови ҳам режаланган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида буларнинг барчаси нимани англатиши саволи билан Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга ҳам мурожаат қилди.

Экспертга кўра, "Бир томондан, толиблар Ўзбекистоннинг исломий ўзлигини кўраяпти, тан олаяпти".

"Иккинчи тарафдан, расмий Тошкентнинг Афғонистон ва толиблар борасида ўзининг алоҳида, мустақил ва Ўзбекистон манфаатларига бўйсундирилган стратегияси бўлиши керак эди - шундай бўлаяпти ҳам", - дейди у.

Камолиддин Раббимовнинг айтишича, расмий Тошкент ва Афғонистон Толибон ҳаракати билан боғлиқ воқеаларнинг сўнгги ривожи Ўзбекистон янгича дипломатиясининг жиддий ютуғи бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek