Каримов, Мирзиёев, Тошкент: Уйғурлар масаласи Ўзбекистонда ҳам жиддий сиёсий масалага айланади, аммо...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Уйғурлар масаласи Ўзбекистонда жиддий сиёсий масалага айланади, аммо бу вақт масаласи.

Чунки яқин-яқингача Ўзбекистон қаттиқ авторитар давлат бўлган. Одамлар кўнгли, зеҳниятидаги кайфиятлар сиёсийлашиб улгурмаган.

Ҳали бизда уйғурлар масаласи ижтимоий кайфиятга айланмаган.

Бу уйғурлар билан боғлиқ воқеаларнинг сўнгги ривожи ва охирги пайтларда халқаро матбуотда устма-уст бўй кўрсатаётган хабарларга Франциядан асли ўзбекистонлик таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг муносабати бўлади.

Ўзбекистон: Депутат Мирзиёевни уйғурлар борасида Хитойга ён бермасликка чақирди

Уйғур илтижоси: менинг Лутфий ва Нодирамни Хитойдан чиқишига рухсат беринг!

Дунё: 22 давлат уйғурлар ҳимоясига чиқди, орасида биронта ҳам мусулмон давлати йўқ

Би-би-си мухбири Хитойдаги мусулмон уйғурлар жамлоғида нималарни кўрди?

Сўнгги уч йилда Хитойнинг шимолий-ғарбий Шинжон минтақасида яшовчи уйғурлар ва бошқа мусулмон этник озчиликларнинг тақдири юзасидан хавотирлар кескин ортган.

Халқаро матбуотда бир миллионга яқин мусулмоннинг махсус жамлоқлар тармоғида тутиб турилганликларига оид хабарлар пайдо бўлган.

Хитой ҳукумати томонидан барпо этилган бу жамлоқлар тизими мусулмонлар учун мўлжалланган дунёдаги энг йиригига нисбат берилган.

Ҳали 2017 йилдаёқ бу борадаги ҳисоботлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотида тингланган.

Буларнинг барчаси манзарасида Шинжондагилар устидан кузатув ва назорат ҳаддан ташқари қаттиқлашиб бораётганига далиллар ҳам ортгандан ортиб бораётгани кузатилган.

Расмий Пекин буларнинг барчасини қатъиян рад этган.

Халқаро миқёсда жиддий хавотирларга сабаб бўлаётган жамлоқлар "шунчаки қайта тарбиялов марказлари" эканини иддао қилган. Ҳалигача ўзининг бу мавқеида қатъий қолган.

Яқинда Би-би-сига ҳам мазкур жамлоқлардан бирига кириш ва у ердаги вазиятни кўришга изн берган.

Аммо расмий Пекиннинг бу каби ижозати аввалбошданоқ кўпчилик томонидан анчайин скептик қарши олинган.

Киришга изн берилган жамлоқлар қолганларидаги ҳақиқий вазиятни қанчалик акс этдиришига оид саволлар ўртага отилган.

Воқеалар ривожи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Уйғурлар ва улар тутиб турилган оммавий жамлоқлар ҳақида хабарлар тинмаётган бир манзарада яқинда дунёнинг 22 давлати Бирлашган Миллатлар Инсон Ҳуқуқлари Кенгашига очиқ мактуб билан чиқишган.

Айрим Европа Иттифоқи аъзолари, Япония, Канада, Австралия, Янги Зеландия каби дунёнинг анчайин етакчи ва тараққий топган давлатлари ўз мактубларида расмий Пекиннинг бу хатти-ҳаракатларини кескин қоралашган.

Таъкидлаш жоиз, уйғурлар ва Шинжондаги бошқа мусулмон этник озчиликларнинг тақдири юзасидан хавотирлар йилларки янграётган келаётган эса-да, бунақаси халқаро тажрибада илк бор кузатилган.

Очиқ мактубга оид хабар ўша куни халқаро миқёсда куннинг энг муҳим янгиликларидан бирига айланган.

Аммо хат муаллифлари орасида бирор бир мусулмон давлатининг йўқлиги ҳам ўшанда кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортган нуқталардан бўлган.

Мазкур янгилик минтақада ҳам акс-садо бермай қолмаган, бу каби муносабатлар асосан турли ижтимоий мулоқот тармоқларида ўзининг ифодасини топган.

Аксарият интернет фойдаланувчилари рўйхатда аксарият аҳолиси мусулмон бўлган бирор бир Марказий Осиё давлатининг кўзга ташланмаслиги воқеълигини таажжуб, тушунмовчилик ва анчайин норози кайфиятда қарши олишган.

Том маънода дунёдаги уйғурлар тақдирига бефарқ бўлмаган кўпчиликни ҳайратга солган очиқ мактуб хабаридан қисқа вақт ўтмай, яна бир янгилик ўртага чиққан.

Бу хабар ҳам ўзининг мазмун-моҳияти ва берган акс-садоси билан очиқ мактуб янгилигидан заррача қолишмаган.

Бу гал дунёнинг элликка яқин давлати Бирлашган Миллатлар Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши сессиясида расмий Пекиннинг Шинжон бўйича мавқеи ва уйғурлар борасидаги сиёсатини қўллаб чиқишган.

Хабар Хитой ахборот манбалари томонидан тарқатилган, аммо унда мурожаатни имзолаган давлатлар номи тўлиғича келтирилмаган.

Аммо улар орасида Россия, Беларусь ва Тожикистоннинг борлиги маълум бўлган. Қозоғистон ва Қирғизистон бетараф қолган.

Бундан ташқари, Саудия Арабистони, Покистон каби мусулмон давлатларининг ҳам бу мурожаатга бош қўшишгани кўрилган.

Мурожаатнинг мазмуни қолиб, мурожаатчиларнинг таркиби ҳам ижтимоий мулоқот тармоқларида яхшигина "шов-шув" уйғотмай қолмаган.

Ҳар икки воқеълик минтақадаги аксарият одамлар томонидан истеҳзо ва таажжуб билан қарши олинган.

Мурожаатчилар тўлиқ рўйхатининг имконсиз экани ва имконли бўлганида Тожикистоннинг борлиги ўзбекзабон интернет фойдаланувчиларида Ўзбекистон ҳам бормикан ёки йўқмикан, қабилидаги саволларни пайдо қилмай қўймаган.

Ушбу янгиликдан қисқа вақт ўтмай, айрим маҳаллий интернет нашрларида яна Хитой томонига таяниб, мурожаатчи "эллик давлат орасида Ўзбекистон ҳам бор" эканига оид хабарлар бўй кўрсатган.

Айрим нашрлар ўз хабарларида Тибет ва Шинжондаги Хитойнинг этник камчилигини ташкил қилувчилар ҳаётини тадқиқ этаётган тадқиқотчи Адриан Зензга ҳам орқа қилишган.

Аммо бу хабарлар расман ўзининг тасдиғини топмаган.

Ўзбекистондаги етакчи кун.уз интернет нашрига таянилса, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур ҳолатга изоҳ бермаслигини маълум қилган.

Бу эса, мурожаатчилар орасида Ўзбекистоннинг бор-йўқлиги саволини очиқ қолдирган.

Бу вақт масаласи...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Воқеаларнинг бу каби ривожига ўз баҳосини берган сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов "бу - фақатгина қисқа муддатли вақт масаласи, холос", дейди.

Таҳлилчига кўра, 2016 йилгача Ўзбекистон қаттиқ авторитар давлат бўлганлиги учун одамларнинг кўнгли ва зеҳниятидаги кайфиятлар сиёсийлашиб улгурмаган.

"Марказий Осиё давлатларининг барчаси авторитар давлатлар. Уларнинг авторитарлиги бир-биридан бироз фарқ қилади, холос. Бугунги кунда Марказий Осиё ва бутун мусулмон дунёсидагилар Шинжонда жудаям аёвсиз ассимиляция бўлаётгани, мусулмонларга нисбатан тарихда камдан-кам кузатилган босимлар кузатилаётганини яхши билишади. Лекин айнан авторитаризм кучли экани, ҳокимият ўта марказлашган, ўзининг манфаатларидан келиб чиқиб, халқни бостириб тургани учун ҳам бу масала минтақада жиддий сиёсий, геосиёсий масалага айланганича йўқ".

Лекин, суҳбатдошимизнинг айтишича, "Марказий Осиё давлатлари демократияга қадам қўйиши биланоқ уйғур Шинжон минтақаси ва Хитойдаги мусулмон туркийлар тақдири жиддий сиёсий масалага айланади".

"Фақат Қозоғистондаги вазият бироз фарқ қилади - сабаби, Хитой ичкарисидаги этник қозоқларга нисбатан бўлган босим, уларни ассимиляция қилиш сиёсати Қозоғистонда жиддий ижтимоий акс-садо берди. Худди шу боис ҳам, хоҳлаган тақдирида ҳам, Қозоғистон ҳукумати ўзининг Хитойга мойиллигини ошкора намоён эта олмайди", - дейди Камолиддин Раббимов.

Сўнгги йилларда уйғурлар ҳимоясига уюштирилаётган намойишлар онда-сонда бўлса-да, Қирғизистонда ҳам бўй кўрсата бошлаган.

Таҳлилчига кўра, дунёнинг мусулмон давлатлари қаторида Марказий Осиё мамлакатларининг уйғурлар борасидаги бугунги мавқеи ҳақида сўз кетганда, масаланинг иқтисодий ва хавфсизлик билан боғлиқ жиҳатларига ҳам эътибор қаратиш зарур бўлади.

Аксарият минтақа давлатлари билан бевосита чегарадош бўлган Хитой жорий пайтда дунёнинг иккита иқтисодий ва ҳарбий қудратидан биттаси саналади.

Суҳбатдошимизга кўра, худди шу боис ҳам, бу давлатлар мазкур масалада энг аввало ўзларининг савдо-иқтисодий манфаатларини устун қўйишади.

"Дейлик, кейинги уч йил ичида Хитой Россияни ортда қолдириб, Ўзбекистоннинг биринчи савдо-иқтисодий ҳамкорига айланган", - дейди у.

"Тожикистон эса, халқаро миқёсда энг катта иқтисодий дастакни айнан Хитойдан олаётганини ҳатто яшириб ҳам ўтирмайди. Хитой ҳам уйғурлар масаласида ўзларига мойиллигини инобатга олиб, улардан юз миллионлаб, баъзида миллиардлаб долларлик сармояларни аямайди".

Яна бир муҳим фактор

Таҳлилчининг айтишича, бошқа томондан, Туркманистон истисно қолган барча Марказий Осиё давлатлари Хитой ва Россия етакчилигидаги Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг аъзоси бўлишади.

Бу ташкилот ўз фаолияти давомида асосий диққат-эътиборини минтақадаги уч таҳдид - бўлгинчилик, терроризм ва экстремизмга қаратиб келади.

"Демак, бу Хитой учун биринчи навбатда Марказий Осиё давлатлари зеҳниятини назорат қилиш ва уйғурлар масаласида улар позициясини ўзгаришига йўл қўймаслик эканини англатади", - дейди у.

Устига устак, қирқ йилдирки қуролли низолар ичида бўлган Афғонистон Хитой илова аксарият минтақа давлатларига бевосита чегарадош бўлади.

Минтақадаги икки йирик ўзбек жангари гуруҳи ҳам йилларки бошпана топиб келмайдими, Афғонистондан келаётган таҳдид Ўзбекистонни ҳам жиддий хавотирга солмай келмайди.

Ўзбекистон ҳарбий доираларда аксарият аъзоларини уйғурлар ташкил этиши айтилувчи Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракатидан ташвишда бўлган Хитой билан бирга сўнгги йилларда афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш ташаббуси билан халқаро майдонга чиққан икки дипломатик воситачи ҳам бўлишади.

Камолиддин Раббимовга кўра, Хитой ўзининг ҳудудий яхлитлигини бутун сақлаш учун ҳозир бутун бир дипломатияси, иқтисодий ва сиёсий ресурсларини худди шу соҳага йўналтирган.

"Расмий Пекин учун биринчи даражали таҳдид бу - Хитойнинг парчаланиши. Чунки Совет Иттифоқининг тақдири Хитойни ҳаддан ташқари қўрқитган. Шу боис ҳам, худди шу тақдирини такрорлашдан ниҳоятда қўрқади".

"Хитойнинг тахминан бешдан бир қисми Шинжон Уйғур минтақаси ҳисобига тўғри келади. У ердаги зеҳният, кайфият эса, мустақиллик, бўлгинчиликка мойил. Хитой шунинг учун ҳам жиддий хавотирда", - дейди у.

Таҳлилчига кўра, худди шу боис ҳам, айниқса, кейинги 15-20 йил ичида Хитойнинг ассимиляция сиёсати ниҳоятда агрессив тус олган.

"Аммо дунё ҳамжамияти Хитойнинг икки нозик, қалтис нуқтаси Шинжон ва Тибет эканини англаб етди. Шундай экан, минтақадаги рақиб давлатлар, Ғарб ва бошқа каттаю кичик мамлакатлар томонидан айнан шу нуқталар орқали Хитойга босимлар кучайиб бораверади. Бирлашган Миллатлар Инсон Ҳуқуқлари Кенгашидаги мурожаат ҳеч нарсани ўзгартирмайди", - дея таъкидлайди у.

"Аксинча, Хитойнинг қанчалик асабийлашаётгани, бу масалада қанчалик муросага бора олмаслигини кўрсатади".

Суҳбатдошимизга кўра, Хитой уйғурларнинг туркий, исломий ўзлигини буткул йўқ қилиб бўлмаслигини яхши тушунган.

"Худди шунинг учун ҳам ҳозирда ўз репутациясини йўқотиб бўлса-да, мана шундай жамлоқлар ташкил қилиш, у ердаги диндорлик даражаси, туркийлик, миллий зеҳният билан курашишдан бошқа йўл тополмаяпти".

Уйғурлар ва минтақа

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Камолиддин Раббимовнинг айтишича, келаси 15-20 йил ичида бу масала Марказий Осиёда ҳам аста-секинлик, балким-да тезлик билан анча жиддий бир сиёсий даражага чиқади.

"Авторитар бўлган давлатлар ҳам худди Қозоғистон мисолида бўлгани каби жамиятлар, одамларнинг кайфиятлари билан ҳисоблашишга мажбур бўлади".

Сўнгги ойларда айрим ўзбекистонликлар томонидан Ўзбекистон раҳбариятини уйғурлар масаласига эътибор қаратишга ундаган даъватлар ҳам бўлган.

Жумладан, ўзбекистонлик депутат ўтган ой Президент Шавкат Мирзиёевдан Хитойдаги уйғурларга маънавий дастак беришни сўраган.

Халқ депутатлари Бўстонлиқ туман Кенгаши депутати Қобул Дўсов Facebook саҳифасида эълон қилган мурожаатида "Бизнинг ризқимизни Хитой эмас, Аллоҳ беради" деб ёзган.

У Хитойнинг "зулм исканжасидаги мусулмон уйғурлар ўзбекларнинг бир парчаси" эканини эслатган.

Дўсов Президент Мирзиёевни "жим турган мусулмон давлатлари ичида ташаббусни қўлга олишга" чақирган.

Кобул Дўсов Ўзбекистон мустақиллиги тарихида бу каби мурожаат билан чиққан илк ва ҳозирча сўнгги депутат ҳам бўлиб турибди.

Бу каби воқеълик Ўзбекистон мустақиллиги тарихида кузатилмагани билан ҳам кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортган.

Аммо саноқли бўлса-да янграётган бу каби чақириқларга расмий Тошкент ҳалича бирор бир муносабат билдирмаган.

Президент Си Цзинпиннинг Ўзбекистонга 2016 йилги давлат ташрифи манзарасида ўша пайтда Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари бўлган Светлана Ортиқова, "уйғурлар масаласи Хитой вакиллари билан ҳатто ўзаро суҳбатларда ҳам кўтарилмагани"ни эътироф этган.

У Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида ўз сўзларига, "Негаки бу Хитойнинг ички сиёсати, Ўзбекистон бошқа давлатларнинг ички сиёсатига аралашмайди", дея изоҳ берган.

"Хьюман Райтс Уотч" ташкилоти Канада фуқароси бўлган уйғур фаолини Хитойда қатл этилиши мумкинлигидан жиддий хавотирда эканини айтганига қарамай, Ўзбекистон 2006 йилда ҳатто Ҳусайнжон Жалилни расмий Пекинга топшириб ҳам юборган.

Ўзбекистон расмийлари уни ўша йил март ойида, Тошкентга яқинларини зиёрат этиш учун борган пайтида ҳибсга олишган.

Аммо буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов бошқаруви даврида кузатилган, рўй берган.

Уйғур фаолининг Шинжондаги маҳкамаси йирик дипломатик тортишувларга ҳам сабаб бўлганди.

Ўзбекистоннинг амалдаги Президенти Шавкат Мирзиёев эса, қисқа вақтнинг ичида ўзининг яхши қўшничиликка асосланган минтақавий сиёсати билан халқаро миқёсда эътироф, эътибор топган.

Орада президентларнинг бир эмас, бир неча бор ўзаро ташрифлари ва учрашувлари амалга ошган эса-да, ҳалича Мирзиёев ҳам бу масалада ўзининг расмий мавқеини ошкора намоён этмаган.

Уйғурлар ким ўзи?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Уйғурларнинг аксарияти Ислом динига эътиқод қилади. Уларнинг сони Шинжон ўлкасида, тахминан, 11 миллионга етади.

Улар ўзларини маданий ва этник жиҳатдан Марказий Осиёга яқин ҳисоблайдилар.

Охирги ўн йиллар ичида Шинжонга кўплаб этник хитойларнинг кўчиб келиши кузатилмоқда. Оқибатда уйғурлар орасида ўз турмуши ва маданиятини хавф остида қолгандек ҳис қиладиганлар сони кўпайди.

Бу ўлка Хитойнинг ғарбий чеккасида жойлашган ва мамлакатнинг энг катта региони ҳисобланади. У Ҳиндистон, Афғонистон ва Монголия каби қатор давлатлар билан чегарадош. Тибет сингари у ҳам автоном регион саналади, яъни - назарий жиҳатдан - ўзини расмий Пекиндан маълум миқдорда мустақил бошқаради. Бироқ амалда эса, марказий ҳукуматнинг қатъий чекловлари остида яшайди.

Асрлар давомида Шинжонда қишлоқ хўжалиги ва савдо асосий турмуш тарзи бўлиб келган, Буюк Ипак Йўли шарофати билан шаҳарлар гуллаб-яшнаган.

Йигирманчи асрнинг бошларида қисқа вақт мустақил яшаган уйғурлар 1949 йили Хитойда ҳокимиятни коммунистларни эгаллаб олгандан сўнг марказий ҳукумат измига қайтадан бўйсиндирилади.

Жорий йилнинг август ойида БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига Хитой «Уйғур автоном регионини улкан ҳибсхонага ўхшаш ҳудудга айлантиргани» борасида ишончли далиллар мавжудлиги маълум қилинди, миллионга яқин уйғурлар жамлоқларда тутиб турилгани айтилди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи Human Rights Watch ташкилоти бу ҳисоботлардаги маълумотларни тасдиқлаган. Ташкилотга кўра, Индонезия, Қозоғистон ва Туркия каби диний масалаларга таъсирчан қарайдиган 26 давлатда истиқомат қилувчилар Шинжондаги қариндошлари тақдиридан ташвишга тушмоқда.

Шинжондан хориждагилар билан WhatsApp орқали боғланган ҳар ким таъқибга учрамоқда, дейди Human Rights Watch.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари жамлоқларда сақланаётган уйғурлар хитой тилини ўрганиш, мамлакат президенти Си Жингпинг номига содиқлик қасамёди келтириш ва ўз эътиқодидан воз кечиш ёки уни танқид қилишга мажбурланаётганини таъкидлайди.

Шунингдек, Human Rights Watch уйғурлар кучли назорат остида яшаётгани - кўчаларда юзни танувчи камералар ўрнатилгани, уйлар эшигига исталган пайт ичкарида ким борлигини аниқлаш имконини берувчи QR кодлар ёпиштирилганини маълум қилмоқда. Уйғурлар мажбуран биометрик тестлар топшираётгани ҳам айтилади.

Би-би-си Ўзбек Хизмати воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида муносабатларини сўраб Лондондаги уйғур фаолларидан бирига ҳам мурожаат қилди.

"Ғарб дунёси бизнинг дардимизни англади. Биз бундан жуда хурсанд бўлдик. Умидвормиз. Бундан кейин ҳам ўз дардимизни англатишда давом этамиз", дейди Азиз Иса.

Унга кўра, "дунё диктатор эмас, демократик, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилган давлатлар томонидан бошқарилиши керак".

"Чунки уйғурлар масаласи мусулмонлик масаласи эмас. Бу - бир сиёсий, ирқий ва инсонийлик масаласи".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek