Би-би-си Ўзбек ва ижтимоий тармоқлар: Қандай шарҳ мумкин ва қандай шарҳ мумкин эмас?

Фото муаллифлик ҳуқуқи SAUL LOEB/Getty Images
Image caption Би-би-си қоидаларига кўра, ижтимоий тармоқлардаги шарҳлар учун биринчи ўринда ижтимоий тармоқлар масъул. (Суратда: Фейсбукда миллионлаб фейк аккаунтлар фаол бўлиб қолаётганига қарши Вашингтонда ўтказилган намойиш"0

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов блогерларни нафақат ўзлари тарқатган маълумотлар, балки улар остидаги "фейк" аккаунтлар ёки троллар томонидан ёзилаётган" шарҳлар учун ҳам масъул эканликларини айтиши ортидан Ўзбекистон блогерлари орасида кескин норозилик юзага келди.

Бу ҳақдаги расмий баёнот ва видео чоршанба куни эрталаб Алламжоновнинг Instagram ва Facebook саҳифаларида жойлаштирилганди.

Унда агентлик раҳбари ўзбекистонликларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллигини олқишлагани ҳолда, "охирги пайтда хақоратли сўзлар, туҳматли гаплар, сўкинишлар, обрўсизлантирувчи фикрлар кескин кўпайиб бораётгани"ни қайд этган.

Қуйида Би-би-сининг ижтимоий тармоқлардаги таҳририй қоидалари билан танишишингиз мумкин.

Ҳар қандай платформада, Би-би-си саҳифалари ва каналлари мунозара учун кўнгилли муҳитни яратиб бериши керак.

Ҳар бир ижтимоий тармоқ ўз қонун-қоидаларига эга. Агар шарҳлар кимнидир таҳқирловчи ёки ўта ҳақоратомуз бўлса, ёки қонун жиҳатидан хавф туғдирса, биз, Би-би-си ходимлари сифатида, бу платформалардаги саҳифаларимизда қўшимча чора кўришимиз мумкин.

Би-би-сининг Таҳририй қоидалари:

"Ҳимоя ва аралашув чоралари биринчи ўринда ижтимоий тармоқнинг масъулияти ҳисобланади. Биз ҳеч қачон ижтимоий тармоқ аллақачон ўрнатган ҳимоя ва аралашув чораларини иккинчи бора қайтармаслигимиз керак... Лекин, агар мабодо аралашишга қарор қилсак, унда Би-би-си вебсайтидаги контекстдан фарқли бўлган контекстни ҳисобга олган ҳолда, енгил тарзда аралашишимиз мумкин."

Ижтимоий тармоқлар ўз қоидаларига эга. Бу тармоқлардан фойдаланувчиларда ўша қоидаларни бузган шарҳлар устидан ўша ижтимоий тармоқнинг ўзига арз қилиш имконияти бор. Арзлар тўппа-тўғри ижтимоий тармоқ модераторлари қўлига бориб тушади.

Демак, Би-би-сининг Таҳририй йўл-йўриғига кўра, учинчи сайтлардаги контентга нисбатан биз фақат енгил аралашувни амалга ошира оламиз.

Мутлақ зарурат бўлган ҳолдагина, биз ижтимоий тармоқ қоидаларига мос бўлмаган шарҳларни яшириб қўйишимиз мумкин.

Ижтимоий тармоқ платформалари қоидалари одатда қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Таҳдид
  • Сиқувга олиш ва таҳқирлаш
  • Нафрат нутқи
  • Ноқонуний амал
  • Жинсий зўравонлик ёки эксплуатация
  • Яланғочлик
  • Зўравонлик ва график контент
  • Ҳақиқий бўлмаган аккаунтлар
  • Товламачилик ва спам
  • Оламдан ўтган дўстлар ёки оила аъзоларининг аккаунтлари
  • Ўзига жароҳат етказиш

Би-би-сининг ижтимоий саҳифаларида қуйидаги турдаги шарҳлар мумкин ёки мумкин эмас:

Ad hominem ҳужумлар

Конструктив танқид ва шахсий фикр хуш қарши олинади, аммо ўта ҳақоратомуз ёки шахсни сўкадиган шарҳлар яширилиши керак. "Ад ҳоминем" ҳужум - муҳокама қилинаётган фикрни эмас, балки кимнингдир характери, мотивацияси ёки бошқа жиҳатларини ҳужум остига олиш.

Ҳақоратомуз ва нафрат нутқи

Ўта ҳақоратомуз ва нафрат нутқини ўз ичига олган шарҳлар яширилади. Нафрат нутқи деганда ирқи, ранги, жинси, миллати, этник келиб чиқиши, жисмоний имконияти, дини ёки жинсий ориентацияси туфайли кимгадир нафрат билдириш тушунилади.

Туҳмат

Қандайдир шарҳ таркибида туҳмат борлигини билсангиз, у яширилиши керак.

Туҳмат ҳуқуқий термин бўлиб, уйдирма ва ёзма бўҳтонни ҳам ўз ичига олади.

Шахс ёки ташкилот ҳақидаги маълумот қуйидаги ҳолларда туҳмат ҳисобланади:

агар у ёлғон бўлса ёки ҳақиқат экани номаълум бўлса

ВА

бу уларни нафрат, мазах қилиш ва ерга уриш субъектига айлантириб, обрўсига путур етказса,

уларнинг четлатилишига сабаб бўлса,

уларнинг касби, идораси ёки бизнесига путур етказса,

Истисно ҳолатлар:

Агар шарҳ ҳақиқат бўлса, у туҳмат ҳисобланмайди.

Давлатлар, ҳукуматлар ва маҳаллий ҳукуматларни ёзма бўҳтон учун судга бериб бўлмайди.

Кўп сонли одамлар ва касблар ҳақидаги умумий шарҳлар.

Марҳум одамларга нисбатан ёзилган шарҳлар.

Судга ҳурматсизлик

Агар шарҳ судга ҳурматсизлик руҳида бўлса, у яширилиши керак.

Агар суд ишини издан чиқариши мумкин бўлган шарҳни кўрсангиз, ижтимоий тармоқ қоидаларига таянмай, уни яширинг.

1981 йилги (Британиянинг) "Судга ҳурматсизлик қонуни"га биноан, ҳибсга олинган шахснинг суд ишига таъсир қилиши мумкин бўлган ҳар қандай маълумотни нашр қилиш жиддий жиноят ҳисобланади. Суд иши амалга ошиши ва суд қарори чиқишидан аввал айбланувчини айбдор ёки айбсиз дейиш ноқонунийдир.

Суд иши муҳокама қилинганда, BBC News вебсайтидаги тафсилотлар берилиши мумкин, аммо давом этаётган суд иши борасидаги шарҳлар қилинмаслиги керак.

Таҳқирлаш

Шаҳсни таҳқирловчи ва оёқости қилувчи шарҳлар яширилиши керак.

Ноқонуний амалларни жозибалаштириш

Терроризм, террорчи ташкилотлар ёки мафия каби хавфли ташкилотларни жозибали қилиб кўрсатадиган шарҳлар яширилиши керак. Бу категорияга ҳакерлик, ноқонуний гиёҳванд моддалар истеъмоли ва тарғиботи ҳам киради.

Зўравонлик ва таҳдид

Агар шарҳ таркибида кимнидир жароҳатлаш ёки ўлдириш, ёки жинсий тажовуз мавжуд бўлса, у яширилиши керак. Муайян ҳолларда Би-би-си ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилади.

Ўз жонига қасд қилиш/ўзига жароҳат етказиш

Агар кимдир ижтимоий тармоқда ўз жонига қасд қилишга ёки ўзига жароҳат етказишга шайланаётгани, ёки жинсий, жисмоний ва руҳий тажовуз остида эканини билдирса, бу шарҳ яширилиши керак. Муайян ҳолларда Би-би-си ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилади.

Спам

Мунозарага алоқаси бўлмаган, молиявий даромадни кўзда тутадиган ва мунозарани издан чиқариш учун қайта-қайта қўйиладиган шарҳлар спам ҳисобланади. Бир-бирига ўхшаш руҳдаги шарҳларнинг қайта-қайта қолдирилиши ҳам спам ҳисобланади.

Интернет троллинг ҳам спамга киради. Интернет троллар мунозарани издан чиқариш ёки юзерларни гижгижлаш мақсадида атайин иғво шарҳларни қайта-қайта ёзадиган аккаунтлардир.

Спам шарҳлар яширилиши ва аккаунт ман этилиши керак.

Ўзбек тилидан бошқа тил

Юзерлар ўзга тилда ёзилган шарҳ устидан арз қилсалар, бу шарҳни Google Translate иловаси орқали текшириб кўринг. Шарҳ ҳақоратомуз эканини аниқласангиз, уни яшириб қўйинг. Бўлмаса, у очиқ қолсин. Эсда тутинг, биз ҳар бир ноўзбек шарҳни таржима қилмаймиз. Биз ўз юзерларимизга ва бу каби шарҳларга чора кўрадиган Фейсбукка ишонишимиз керак.

Сайлов ва референдум

Шиорлар тарқатилиши ва кампания юритилишига алоҳида эҳтиёткорлик билан ёндошилиш керак.

Таркибида шиорлар бўлган ва айни дамда бу шиорларни қўллаб-қувватловчи аргумент берилмаган шарҳлар яширилиши керак.

Қандайдир кампанияни тарғиб қилувчи имзоларга эга шарҳлар яширилиши керак.

Мантиқий аргументни ўз ичига олиб "А, Б ёки Сга овоз беринг" дея якунланувчи шарҳлар очиқ қолдирилади.

Бир томонни қўллаб қувватлаш шиорига эга шарҳ каби бир томонга овоз бермасликка чақирувчи шарҳ ҳам яширилади.

Ўзбекистон: Фейк аккаунт ва троллар учун блогерлар жавоб беради

2018: Очилган Ўзбекистон ва ёпилган Фэйсбук - матбуотдаги трендлар

Мирзиёевнинг собиқ матбуот котиби Алламжонов агентликни бошқаради

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek