Ўзбекистон, Бухоро: Шавкат Мирзиёевга ишонган аёл нега бизнес қилолмаяпти?

Зулхумор Тоирова ҳокимлик томонидан ёрдам берилмаётганини айтмоқда
Image caption Зулхумор Тоирова ҳокимлик томонидан ёрдам берилмаётганини айтмоқда

Бухорода ЮНЕСКОнинг умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган уй соҳиби тадбиркор Зулхумор Тоирова икки йилдан бери уйига сайёҳ жалб қилолмаяпти. Унинг айтишича, ёрдам бериш мақсадида келган ҳокимлик масъули қадимий нақшларнинг устидан лойсувоқ қилишни тавсия қилган. Бухоро ҳокимлиги ушбу иддоаларни рад қилмоқда.

Зулхумор Тоирова Бухоро шаҳри Туркижанди маҳалласидаги 19 аср охирида қурилган тарихий уйда яшайди.

Унинг айтишича, туристларни жалб қилишда унга Туризмни ривожлантириш қўмитаси ва маҳаллий ҳокимлик ёрдам бермаяпти. Тадбиркор амалдорлар Президентнинг қарорини бажармаётганини таъкидламоқда.

"Ман Бухоро вилоят туризм департаментига мурожаат қилдим. Улар томонидан амалдорлар келишди. Ундан ташқари Бухоро вилояти ҳокимлигидан шу йўналиш бўйича амалдор келди. Уйни кўрди. Уйни кўрган пайт, манга мана шу жозибадор уйни устидан лойсувоқ қилиш, полни олиб ғишт фарш қилиш, Болорларнинг ўрнига ман потолок қиларканман. Эшигинг тўғри келмайкан, деб мана шу гапларни айтишди".

Зулхумор Тоирова ҳокимликдан келган масъул талаб қилганидек уйни ўзгартирса унинг тарихийлиги қолмайди.

Бухоро вилоят ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров тадбиркорлик қилмоқчи бўлган аёлга бу каби талаблар қўйилганини рад этди.

Аёлнинг видеомурожаатини кўринг

"Биринчидан биз бунақа талаб қўймаймиз, бу бир. Иккинчидан, агар у кишининг мурожаатлари бўлса, расмий мурожаат қилсин. Мурожаатларини кўриб чиқамиз. Учинчидан туризм бўйича, шуғулланадиган ваколатли орган туристларни жалб қилиш билан шуғулланмайди. Сайёҳлар ўзи ихтиёрий объектга боради", дейди Ботиржон Шаҳриёров.

Зулхумор Тоированинг айтишича, Ўзбектуризмнинг Бухородаги бошқармаси ҳам тадбиркорни алдаган.

Ўзбек туризм 2018 йили унга туристларни жалб қилиш учун саҳна кўринишларидан иборат миллий урф-одатларни кўрсатувчи томоша ташкил қилишни тавсия қилган.

Томоша тадбиркор ташаббуси билан ташкил қилинган. Тоированинг айтишича, Ўзбектуризм томонидан олиб келинган Бухоро телеканали тадбиркор шартнома тузди, деган ёлғон маълумот берган.

"Айни пайтда хонадон эгалари, фолклор жамоаси ҳамда сайёҳлик фирмаси билан тузилган шартномага асосан сайёҳларни кутиб олиш учун дастурдаги тайёргарлик жараёнлари давом этмоқда", дейилади 2018 йил сентябрда эфирга чиққан хабарда.

Бироқ Тоированинг айтишича, ўша вақти ҳам ундан кейин ҳам сайёҳлик операторлари у билан шартнома тузмаган. Тадбиркор эса туристлар келмагани учун қарзга ботмоқда.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Зулхумор Тоировага амалий ёрдам берганини маълум қилди.

"10 та туристик фирмани опанинг уйига олиб бориб кўрсатган, сайёҳларни шу уйга олиб бориш тавсия этилган. Турфирмалар томонидан аёлга қатор тавсиялар берилган", дейилади хабарда.

Зулхумор Тоирова эса унга тавсия эмас сайёҳ кераклигини айтмоқда. Унинг таъкидлашича, Туризмни ривожлантириш қўмитасининг Бухородаги департаменти сайёҳлик операторларига бошқа уй-музейларига сайёҳ олиб боришни тавсия қилмоқда.

Қўмита Би-би-сининг сайёҳларни тарихий уйларга қандай жалб қилиш борасидаги саволига жавоб бермади.

Бухорога сайёҳ олиб бориш билан шуғулланувчи сайёҳлик фирмаси раҳбарининг Би-би-сига айтишича, уларга ҳокимлик ва Ўзбектуризм сайёҳларни маълум жойга олиб бориш ёки олиб бормасликни тавсия қилмайди.

Фирмалар бу каби тадбиркорларни реклама ёки ўзларига бевосита чиқиши орқали топади.

Зулхумор Тоирова эса Президент Мирзиёевнинг 2018 йил 11 сентябрида чиқарган қарори бўйича маҳаллий ҳокимият унга тадбиркорлик борасида фақат тавсия эмас, балки амалий ёрдам беришга масъул демоқда.

"Туризмни ривожлантириш учун масъул бўлган ҳоким ўринбосарлари томонидан тадбиркорларнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга кўп ҳолларда бепарво муносабатда бўлинаётганлиги кузатилмоқда", дейилади қарорда.

Президент қарори бу каби бепарво муносабат ва тўсиқларни бартараф этиш учун чиқарилган. Бунга масъул амалдорларга эса рағбатлантирувчи мукофотлар жорий қилинган.

"Юзларим сарғайиб кетди. У эшикка бор, бу эшикка бор. Наҳотки бир шу оддий масала бўйича, ёрдам беришлари қийин бўлса. Мен улардан уй сўраганим йўқ, бир катта ер сўраганим йўқ ё катта маблағ сўраганим йўқ. Бир оддий ёрдам сўрадим. Қанақа реклама, тарғибот ташвиқот ишлари барчасини бажардим. Ҳатто қарзга ҳам ботиб кетдим шу ишни деб. Бирорта натижа бермади", дейди Зулхумор Тоирова.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek