Ўзбекистон ва дунё: Тошкентда гўшт килоси 100 минг сўмга чиқди, $2000 долларлиги ҳам бор

Ўзбекистон: Тошкентда гўшт килоси 100 минг сўмга чиқди, $2000 долларлиги ҳам бор - Ўзбекистон пойтахтида гўшт нархи 100 минг сўмлик чегарадан ўтаркан, килоси $2000 АҚШ доллари бўлган гўшт ҳам шу кунларда матбуотнинг нигоҳига тушган мавзулардан бири бўлди.

Гўшт нархига оид Тошкентдан олинган бу янгилик сўнгги ҳафталарда ижтимоий мулоқот тармоқларида Ўзбекистон билан боғлиқ қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган яна бир воқеъликка айланди.

Шундоқ ҳам охирги ҳафталарда Ўзбекистонда гўштнинг нархи изчил ўсиб бораётган бир манзарада унинг қийматидаги бу каби сакраш кўпчиликни ҳайратга солмай қўймади.

Яъни, гўшт нархининг 100 минг сўмлик чегарадан ўтгани кибер фазода аксарият ўзбекистонликлар томонидан ишончсизлик ва тушунмовчилик билан қарши олинди.

Коментларда янгилик истеҳзо ва киноя билан қарши олинган ҳолатлар ҳам кўрилди.

Бирлари "Ўзбекистонда гўшт оладиган инсонлар қолдими, ҳамма ўзбеклар четда", - деб янгиликни кулгуга олган бўлса, бошқаси, "Молодец, 200 (минг сўм-таҳр.) қилинглар нархини, кейин ҳеч ким емайди, четга экспорт қиламиз", - деб ёзган.

"Болаларимиз биздан кўра яхши ва бахтли яшаши керак. Шуми, келажакка қўйилган қадам", - дея комент қолдирган яна бири.

Ўзбекистонликлар орасида, "Бу кетишда гўштнинг расмини катта қилиб илиб қўямиз, шекилли", - деганлари ҳам бўлган.

Яна бир интернет фойдаланувчиси эса, "Хафа бўлманглар, яқинда ҳамма вегетариан бўлади, шунда гўштнинг нархи тушади😂😂😂", - деган.

Бошқа бир ўзбекистонлик эса, "Парранда гўштига ўтиб бўлганмиз арзон деб. Нархлар жиддий таъсир этмоқда. Ишхонага уйдан овқат олиб келиб емоқда ишчилар. Столовийда овқатланишлар йўқ аввалгидек. Қўй гўши ёки мол гўшини бир йилда 2-3 марта сотиб оламиз", - деб ёзган.

Биргина Би-би-си Ўзбек Хизматининг ижтимоий мулоқот тармоқларида бу хусусда қолдирилган муносабатларнинг ўзи бир неча юзга етган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Шу кунларда Қўйлиқдаги Compas супермаркети ичидаги Makro дўконида 1 кило мол гўшти (бон-филе) 105 минг 990 сўмдан сотилаётгани кўрилган.

Аммо Ўзбекистон супермаркет ва бозорларидаги озиқ-овқат нархлари сезиларли даражада фарқ қилади.

Ўтган ой Давлат статистика қўмитаси Тошкент шаҳрининг йирик бозорларида бир кило қўй гўшти 32 000 сўмдан 55 000 сўмгача сотилаётганини айтганди.

Ўзбекистонда 13 август ҳолатига энг кам иш ҳақи - ойига 223 000 сўмни ташкил этади.

Тошкент шаҳар ҳокимияти пойтахт деҳқон бозорларида гўшт нархининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида 30 та савдо жойлари бепул ажратиб берилгани ва уларда арзонлаштирилган нархларда - 1 кг. учун 32000-36000 сўмдан сотилаётганини маълум қилган.

Шунингдек, Монголиядан гўшт импорти йўлга қўйилаётгани ҳам айтилган.

Ўзбекистон - Дунё: Қайси давлатлар энг кўп гўшт истеъмол қилади?

Ўзбекистон расмийларига: бозорнинг ўзига қўйиб беринг!

Ўзбекистон-Тожикистон: "Гўшт, ун, нон, ёғ, шакар...нинг нархини оширманг"

Худди шу манзарада халқаро матбуотда бўй кўрсатган яна бир хабар ҳам айнан гўшт мавзусини кун тартибига олиб чиққан.

Бу янгилик гўшт масаласи оддий одамлар, Ўзбекистон қолиб, бутун дунёни ўйлантираётган глобал мавзулардан бирига айланганини кўрсатган.

Бу хабар билан боғлиқ ўртага отилаётган савол эса, "Ер сайёрасини сақлаб қолиш учун гўшт ейишдан воз кечган бўлармидингиз?".

Фото муаллифлик ҳуқуқи videograb

Мазкур саволнинг кун тартибига чиқишига эса, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги ҳисоботи сабаб бўлган.

Ҳисоботда айтилишича, инсонларнинг ўз ҳаётларини гўшт ва сут маҳсулотларисиз тасаввур қилолмай қолганликлари глобал иқлим ўзгаришини янада жадаллаштирмоқда.

Худди шу боис ҳам, одамлар имкон қадар гўшт ейишдан воз кечиб, ўз овқатланиш тартибларини ўзгартиришлари керак.

Бу маҳсулотларнинг ўрнига кўпроқ мева-чева, сабзавот ва турли хил кўклар, ўсимликлар ейишга ўтишлари лозим.

Кўринишича, бу глобал муаммо дунёнинг етакчи олимларини ҳам ўйлантирмай қўймаган.

Улар ўсимликлар ёки ҳайвонлар ҳужайрасидан сунъий гўшт яратиш ғояси, ташаббуси билан чиқишган.

Бу йўлда аллақачон анча-мунча иш ҳам қилиб қўйишган. Сунъий гўшт олиш, яратишга ҳам муваффақ бўлишган.

Аммо нархи ва қанчалар хавфсиз экани нуқтаи назаридан олимларнинг бу ихтироси аллақачон яхшигина баҳсу мунозараларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Маълум бўлишича, сунъий гўштнинг килоси ҳозирги баҳосида $2000 АҚШ долларидан кам бўлмас экан.

Яқин-ўртада истеъмолга чиқиши эҳтимоли ҳам ҳақиқатдан анчагина йироқ, дейилмоқда.

Аммо, шунда ҳам, кўринишича, Ер сайёрасини асраб қолиш учун келажакда инсоният қаршисида бундан бошқа танлов бўлмайди.

Бу тижорат гуллаб-яшнайди, унга тикилаётган сармоялар ҳам озмунча бўлмайди...

Алал-оқибат сунъий гўшт сизнинг ва бизнинг маҳаллий дўконларимиз пештахталаридан ҳам ўрин олмай қолмайди.

Сиз гўшт билан боғлиқ ҳар икки янгиликка нима дейсиз? Билингки, сизнинг бу хусусдаги фикрларингиз бизга қизиқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek