Ўзбекистон: Доллар банкда нақдга сотилади, ўзбек сўми алмашмайди

Пул Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистонда доллар нархининг кўтарилиб кетишига АҚШ ва Хитой иқтисодий ўсиш суъратининг секинлашиши ва савдо урушининг кескинлашиши сабабчи. Энди Ўзбекистон банкларидан долларни нақд кўринишда сотиб олиш мумкин. Марказий банк раҳбари сўмнинг деноминация (алмашиши) ҳақидаги хабарларни қўшнисидан эшитган.

Сўнгги кунларда доллар нархининг фаол ошишига Марказий банк изоҳ берди.

"Биринчидан жаҳон иқтисодиётида рискнинг кучайиши ва савдо урушининг кескинлашиши натижасида АҚШ, Хитойда, Европа минтақаси ҳамда бошқа давлатларда иқтисодий ўсиш суърати пасайишига олиб келди", дейилади хабарда.

Бундан ташқари доллар курсининг ошишига 1 октябрдан кўплаб божхона имтиёзларнинг бекор қилиниши ҳам сабаб сифатида келтирилган.

"Айнан бекор қилинаётган божхона имтиёзларига эга хўжалик субъектларининг валюта бозоридаги фаоллиги (фаол равишда валюта сотиб олиши) курсга таъсир қилган.

Қўшимча қилишларича, 2017 йили валюта либерализацияси эълон қилинганидан кейин аҳолидан 3,5 млрд доллар миқдорида валюта сотиб олинган. Бу сўм курсининг мустаҳкамланишига (2018 йили курснинг 7800-7900 сўмлик коридор орасида юришига) таъсир қилган. Ҳозирга келиб ўша 3,5 млрднинг таъсири камайган", деб ёзади Давлетовуз канали.

20 август куни бир доллар 323 сўмга қимматлашиб 9384 сўмни ташкил қилган.

Марказий банк валюта бозорини янада либераллаштириш мақсадида 20 августдан тижорат банклари томонидан валюта айирбошлаш шохобчаларида нақд валюта - доллар сотиш бошланишини маълум қилди.

Davletovuz канали Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуротовнинг ўзбек сўми деноминация қилиниши ҳақидаги миш-мишларига муносабатидан иқтибос келтирди.

"Деноминация ҳақида мен ҳам қўшниларимдан эшитдим, нолларни олиб ташлашармишми, деб сўрашди. Лекин деноминация қилиш бизнинг хаёлимизда ҳам йўқ, режамизда ҳам йўқ. Деноминация учун барқарор иқтисодий вазият зарур. Бизда ҳозир бунга эҳтиёж йўқ", деган Мамаризо Нурмуротов.

Марказий банк раиси, шунингдек, блогерларнинг пул сиёсати борасидаги фикрларини кузатиб бориши ва улар таклиф қилаётган ечим йўлларини қўллашини билдирган.

"Блогерларнинг мамлакатимиздаги пул сиёсати, инфляция ва унга йўл қўймаслик чоралари ҳақидаги фикрларини кузатиб бораман. Улар таклиф қилаётган ечим йўлларини мен ҳам маъқуллайман, бу борада уларнинг фикрларига қўшиламан".

Иқтисодий масалаларда пост қолдирувчи bakiroo канали Марказий банк томонидан доллар борасида кичик шарҳ берилиши бизнес ва аҳолининг нафасни ростлаб, стресс ҳолатидан чиқишига асос бўлади, дейиш қийин деб изоҳ қолдирди.

"Лекин энди ҳисобли ва фикрли субъект қаёққа қараб юришни билади. Айирбошлаш шоҳобчалари орқали нақд валюта сотиш бошланиши эса гарчи фундаменталь омил сифатида муҳим ҳисобланмасада, аҳоли кенг қатламлари учун ёқимли компенсация ва бу норасмий сектордаги зарарли спекулятив босимни деярли йўққа чиқаради", деб ёзди bakiroo.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek