Ўзбекистон: ИИВ икки кун эркакларнинг соқолини ихтиёрига қарши олиш билан шуғулланди

Жамолиддин Муҳаммаднинг мажбурлаб соқолидан олишганидан сўнг ва соқол билан тушган сурати Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook.com/jamoliddin.muhammadjon
Image caption Жамолиддин Муҳаммаднинг мажбурлаб соқолидан олишганидан сўнг ва соқол билан тушган сурати

23 август куни Жума намозидан сўнг Тошкент шаҳридаги Малика савдо мажмуасида ички ишлар ходимлари ўнлаб соқолли эркакларни тутиб олиб кетган. Уларнинг соқоли мажбурий равишда олиб ташланган. Би-би-си мухбирининг билдиришича, соқол олиш жараёни 24 август куни ҳам давом этди.

Воқеа гувоҳларининг айтишича, уларни Шайхонтоҳур туманидаги 4 чи сонли ички ишлар бўлимига олиб боришган ва мажбуран соқолларини олишган. ИИВ ҳолат юзасидан душанба куни изоҳ беришини билдирди.

Би-би-си мухбири Аваз Тоҳиров шанба, 24 август куни Шайхонтоҳур туманидаги 4-сон ички ишлар бўлимига борганида бир эркакнинг соқолини олиб қўйиб юборишаётганига гувоҳ бўлди.

Исмини айтмаган, аммо ўзини 4-сон Ички ишлар бўими раҳбари деб таништирган ички ишлар ходими "соқол олиш тадбирига" алоқаси йўқлигини, улар шунчаки Тошкент шаҳар ИИБга тадбир учун жой ажратиб берганини маълум қилган.

Масъул шахс жума куни 100 атрофида соқолли эркак олиб келингани ҳақидаги хабарни рад этмаган, аммо бўлимга олиб келинган шахсларнинг рўйхатини кўрсатишдан бош тортган.

"Протоколни Тошкент шаҳар ГУВДи олиб кетган, деб олиб келинганларнинг рўйхатини кўрсатмади. Масъул шахс шунингдек, ушбу соқол олиш жараёни барча эркакларга қўлланилаётгани ёки диний мансубликдан келиб чиқиб қилинаётгани ҳақидаги саволга ҳам жавоб бермади", дейди Аваз Тоҳиров.

Жума куни соқоли олинган Жамолиддин Муҳаммад савдо қилишга борган вақти тушунтиришларсиз ички ишлар ходимлари олиб кетиб қолганини айтди.

"Савдо қилиш учун Маликага боргандим. Ички ишлар ходимлари тутиб олиб кетишди. 4 - ГОМ (ички ишлар бўлими)нинг ташқарисида тахминан 20 нафар соқолли одам турганди. Ичкарида иккинчи қаватда яна 30 га яқин одамни кўрдим. Ҳамманинг маълумотларини ёзиб, расмга тушириб, соқолини олиб қўйиб юборишаётган эди", дейди Жамолиддин Муҳаммад.

Жамолиддин ички ишлар ходимларидан изоҳ олишга ҳаракат қилган, бироқ унга қўпол муомалада бўлган орган ходимларини ўзларини таништиришни ҳам истамаган.

Унинг айтишича, Мурод деб таништирган "эксперт" соқолни олдиришга қарши бўлганлар билан суҳбат қилган.

У соқолли йигитлардан уни нима мақсадда қўйгани билан қизиқган.

"Қонунларда "соқол ўстириш мумкин эмас", деган ери бўлса кўрсатинг, унга сўзсиз итоат қиламан, дедим. Лекин улар бундай қонун ё ҳужжат кўрсатишмади. Энди ҳам рози бўлмаганим сабабли," "орган ҳодимининг қонуний талабини бажармаслик" дея сўзини давом этаётган киши, "соқолни олдириб, кейин қаёққа хоҳласангиз ўша ёққа шикоят қилишингиз мумкин", деди. Орада гаплар кўп бўлди, алам қилгани, соқолимни олдириб ҳам аср намози вақти чиқиб кетаётганини айтсам ҳам сабабини айтмасдан ушлаб туришди", дейди Жамолиддин Муҳаммад.

Унинг айтишича, соқолини олаётган сартарош йигит бу ишни ўз хоҳиши билан қилмаётгани, шунга мажбур бўлаётганини айтган.

"Уни тушундим. Соқолимни олаётганларида мазаҳ қилиб "сочини ҳам олиб ташла" деди эшик олдида турган бир киши. Орада "эксперт" билан суҳбатлашдик, у киши ҳам аср намозини мен билан масжидда ўқиди. Кун ботиб бўлган эди. Бўлиб ўтган ишга Ички Ишлар Бош Бошқармаси ойдинлик киритишини талаб қиламан", деб ёзди Жамолиддин Муҳаммад Facebookда.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳолатни ўрганиб, душанба куни изоҳ беришини маълум қилди.

"Сиз айтган масалани кўрдим, ўргандик. Бир, икки куннинг ичида сайтда муносабат билдирамиз. Ҳозир мен сизга ҳаммасини тўғри ёки нотўғри деёлмайман. Топшириқ бердим, ўрганиб душанба куни сайтда муносабат билдирамиз", дейди ИИВ матбуот котиби Қутбиддин Бурхонов.

Ички ишлар вазирлигининг ноқонуний ҳаракатлари ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътирозига сабаб бўлган.

"Ўзбекистонда ички ишлар ходимларига умуман бошқа иш қолмадими? Порахўрлик (айниқса, ўзларининг ходимларида) тугаб, ўғрилигу бошқа барча жиноятлар тугаб, нима қилишни билмай, бекорчиликдан сартарошлик каби ҳоббилар билан шуғулланишни бошлашдими?

Бировнинг баданидаги жунни "Ол, қўй", деб зўравонлик қилиш уят эмасми? Одам ўзининг юзидан чиққан жунга ҳам ўзи эгалик қила олмайдими? Бошқа жойнинг жунларини ҳам текширишни бошлашармикан? Бу қандай шармандачилик?!", деб ёзади Дилшод Одилов.

Сардор Салим шу кунгача ҳижоб ёки соқолга кўз юмилгани Ўзбекистонда инсон ҳақ-ҳуқуқи ҳурмат қилинганидан эмас, балки кимгадир ҳамон Ғарбда "ислоҳотчи президент" имиджи кераклиги, турли халқаро ташкилотларнинг қора рўйхатига тушмаслик учунгинадир, деб ёзди.

"Хуллас, ҳақиқий ислоҳотлар учун ҳали замин тайёрланмаган. Лекин бугун биз кундалик танловимиз, хатти-ҳаракатимиз билан шу заминни тайёрламасак, эртага Ўзбекистон яшаш учун умуман ярамайдиган диёрга айланади.

Кимларнингдир хоҳишига қараб яшайдиган қўй эмас, онгли миллат эканлигимизни исботлаш учун бугун бизда имкон бор: соқол қўйганларни ГОМга олиб бориб соқолини олиб ташлаган "орган ходимлари" жазоланишига эришайлик", дейди Сардор Салим.

"Бир кунда икки хил хабар: Тошкентда Қуръоннинг қадимий қўлёзмаларига бағишланган анжуман ўтказилиши ва... соқол қириш зўравонлиги. Гербимизга қараб қўйдим: икки бошли қуш эмас, шекилли?", деб ёзди Жамшид Муслимов.

Айримлар Ички ишлар ходимларининг бу ҳаракатитни қонунга зид, ўзбошимча ҳаракат дея баҳолади.

"Ўзбекистон демократик республикасида қанақадир (номаълум) тўдалар бир нечта фуқароларга нисбатан сомосуд уюштиришди", дейди Музаффар Шариф.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek